Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни

13.06.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси вакиллари иштирок этдилар.

Байрамона руҳда ўтказилган мазкур акциядан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан ёш авлод вакилларининг Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шунингдек, худди шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.

Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Хусусан, иштирокчиларга мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги тақдимот ва роликлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб,  мавзуга оид қатор танлов ва викториналар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кунга бағишланган тадбирлар “Болалар меҳнатига барҳам бериш учун умумий ижтимоий ҳимоя” мавзусини қамраб олди.

Маълумотларга кўра дунё миқёсида болаларнинг деярли тўртдан уч қисми, яъни 1,5 миллиард нафари ижтимоий ҳимоядан маҳрумдир. 2022 йилнинг 15-20 май кунлари Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича 5-Глобал Конференцияда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер бугунги кунда дунё бўйича 160 миллион бола болалар меҳнатида эканлиги, уларнинг ярми соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавий ривожланишига хавф туғдирадиган ишларда бандлигини қайд этди.

Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, баркамол авлод тарбияси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан мамлакатимизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантириш, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам дунё миқёсида эътироф этилди. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 8.7-мақсади, яъни 2025 йилга келиб болалар меҳнатига барҳам бериш вазифаси муддатидан олдин бажарилган кам сонли мамлакатлардан бири – Ўзбекистон бўлиб, мамлакатимизда тизимли болалар меҳнатидан фойдаланилмаётгани Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2018  йилдаёқ тан олинган.

Мана шу кўрсаткичларнинг ўзиёқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва  қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш ғоясига содиқлигини ҳамда бундан буён ҳам амалий ислоҳотлар йўлидан боришини намоён этиш баробарида, кўрилаётган чоралар яхлит, барқарор ва орқага қайтмас тус олганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамлеясининг 72-сессиясидаги нутқида қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилалар турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2016-2021 йиллар мобайнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар 5 бараварга оширилди. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса пандемия даврида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар” (ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхати), “Аёллар дафтари” (ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 ёшдан ошган хотин-қизлар рўйхати), “Ёшлар дафтари” (ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар рўйхати) жорий этилиб, уларга киритилган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларга манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида давлат ижтимоий дастурлари орқали аҳолининг, шу жумладан болаларнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини  янада юксалтириш белгиланган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ниҳол” оромгоҳида ташкил этилган тадбир доирасида ушбу масканда дам олаётган болалар ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда рақс, қўшиқ, саҳна кўринишлари, расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, ҳунармандчилик йўналишларида тематик гуруҳларга бўлиниб, машғулотлар ўтказдилар.

Тадбирда болажонлар ўртасида расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, ҳунармандчилик бўйича мусобақа ва танловлар ташкил этилиб, уларда ғолиб бўлган ўғил-қизлар касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ёш авлод вакиллари билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари эса Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканликларини намоён этди.

Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, Ўзбекистон ҳақиқий маънода бахтиёр болалар мамлакати эканлигини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.

Тадбир давомида болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда самога юзлаб рангбаранг пуфаклар учирдилар. Якунда болаларга Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театри акётрлари ижросидаги спектакль намойиш этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!