[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.09.2013. Жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми 26 майдан бошланиб, 30 августгача давом этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги № 67-сонли қарори билан “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси”нинг тасдиқланиши мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш имконини берди. Ҳукумат даражасида ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, оромгоҳларга малакали педагог ва тиббиёт ходимларини жалб этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Мазкур Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибида тегишли вазирликлар раҳбарлигида 5 та Ишчи гуруҳнинг ташкил этилиши мавсум давомида ижобий самара берди. Хусусан мавсумда:

Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш;
Болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш, уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш;
Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, алоқа, транспорт хизмати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш;
Оромгоҳларда электр-энергияси ва табиий газ таъминоти  узлуксизлигини таъминлаш, уларга сифатли коммунал хизмат кўрсатиш бўйича Ишчи гуруҳлари фаолият кўрсатиб, ўз йўналишларига оид юзага келган масалаларни жойида ҳал этилишига кўмаклашдилар.

2013 йил ёзги соғломлаштириш мавсумининг боришини ўрганиш, тегишли масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Ички ишлар, Маданият ва спорт ишлари вқазирликлари мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, оромгоҳларнинг ҳар бир навбатдаги фаолияти мунтазам равишда ўрганиб борилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида ташкил этилган доимий Штаб барча йўналишлардаги ишларни кундалик мувофиқлаштириш билан биргаликда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жойлардаги масалаларни ўз вақтида ҳал этилишини таъминлади.

Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари моддий-техник негизини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишлар

Давлатимиз томонидан мазкур соҳа ривожига кўрсатилаётган эътиборнинг йил сайин ортиб бораётгани натижасида Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ҳар бир йилга мўлжалланган Манзилли дастур тасдиқланаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Унга мувофиқ Республикада мавжуд оромгоҳларнинг моддий-техник негизи босқичма-босқич мустаҳкамланиб, янги дам олиш масканлари барпо этилмоқда. Хусусан, 2012-2013 йилларга мўлжалланган Манзилли дастурларга мувофиқ 19 та оромгоҳ капитал таъмирланди, 13 та оромгоҳ реконструкция қилинди ва 4 та янги оромгоҳ барпо этилди. Масалан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 2 та янги оромоҳ – Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Ниҳол”, Хоразм вилоятида “Шодлик” оромгоҳлари, Ички ишлар вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Оқ тош” оромгоҳи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Жиззах вилоятининг Зомин туманида “Истиқлол” оромгоҳи қурилиб, болажонлар ихтиёрига топширилди.

Болаларни соғломлаштириш рақамларда

Жорий йилда Республикамиз бўйича 1058 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 293 минг 866 нафар бола соғломлаштирилиб, бу кўрсаткич белгиланган режанинг 108,7 фоизини ташкил этди.

Жами фаолият кўрсатган оромгоҳлардан 268 таси стационар туридаги, 790 таси кундузги оромгоҳлар бўлиб, уларда болаларни соғломлаштириш учун 34,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Оромгоҳлар фаолиятининг намунали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида:

–         19 минг нафарга яқин малакали педагогик кадрлар, тўгарак раҳбарлари, спорт йўриқчилари;

–         1 минг 135 нафар тиббиёт ходими;

–         1 минг 397 нафар ички ишлар ходими;

–         5 минг 48 нафар маҳалла посбони;

–         36 нафар чегара посбони;

–         2 минг 342 нафар бошқа жамоат тузилмалари етакчилари жалб этилди.

Болаларни оромгоҳларга олиб бориш ва олиб келиш учун 1 минг 532 та автобус, 1 минг нафардан ортиқ ички ишлар ходимлари ва 446 та йўл патрул автомашиналари жалб этилди.

Ихтисослаштирилган оромгоҳлар

Бу йилги мавсумда ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ортиши билан бирга, йўналишлари кўпайди ва мазмунан бойитилди. Мавсум давомида жами 116 та (режага нисбатан 16,5 фоизга ортиқ) ихтисослашган оромгоҳ фаолият кўрсатди.

Хусусан, 2011 йилдан амалга киритилган ва тажрибада ўзини оқлаган

–         “Интеллектуал ривожлантириш”,

–         “Ҳарбий-спорт”,

–         “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари билан бир қаторда жорий йилда:

–         “Экологик-биологик”,

–         “Ўлкашунослик”,

–         “Техник ижодкорлик”,

–         “Ижтимоий мослашув” оромгоҳлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Ихтисослаштирилган оромгоҳларга 9 мингдан ортиқ ўғил-қиз қобилият, иқтидори ва қизиқишлари бўйича қамраб олинди. Масалан, “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳларида Ўзбекистон  касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда фан олимпиадалари, билимлар беллашувлари ғолиблари бўлган 1908 нафар иқтидорли болалар ҳордиғи ташкил этилди. Хусусан, Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида ташкил этилган мазкур йўналишдаги оромгоҳда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 522 нафар иқтидорли ўғил-қиз бепул соғломлаштирилди.

Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам худди шу йўналишдаги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, ўқишда аъло ютуқларни қўлга киритаётган 1386 нафар бола соғломлаштирилди.

“Ҳарбий-спорт” оромгоҳларига болалар жойлардаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари билан ҳамкорликда жалб этилди. Республика миқёсида 14 та “Ҳарбий-спорт” оромгоҳи ташкил этилиб, уларда 1169 нафар бола дам олиш билан бирга, жисмоний тайёргарликдан ўтди.

8 та “Ижтимоий мослашув” оромгоҳи ташкил этилиб, 1225 нафар жисмоний имконияти чекланган бола имтиёзли асосларда соғломлаштирилди.

Шунингдек, 4 та ўлкашунослик оромгоҳида 279 нафар, 6 та экологик-биологик йўналишдаги оромгоҳда 841 нафар, 6 та техник-ижодкорлик йўналишидаги оромгоҳда 678 нафар бола дам олдирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.

Ўсмир ёшидаги болаларнинг мазмунли ҳордиғини ташкил этиш мақсадида ташкил этилган “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларига эса 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар жалб этилиб, дам олиш билан бирга, уларга дастлабки ижтимоий-фойдали меҳнат кўникмалари сингдирилди. Хусусан, биринчи маротаба маҳаллий ҳокимликлар, касаба уюшмалари ва корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида 59 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳи ташкил этилиб, 3 минг 200 нафар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари қамраб олинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 баробардан ортиққа кўпдир.

Жорий йилги мавсумнинг ўзига хос жиҳатлари

Жорий йилги мавсумда фаолият кўрсатган оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан 186 тага кўпайди. Соғломлаштирилган болалар сони эса 24 минг 699 нафардан зиёдга ортди.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳлари фаолиятининг йўлга қўйилиши болаларни соғломлаштириш сифати ва самарадорлигини оширди.

Ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ҳам, йўналишлари ҳам кўпайди, оромгоҳларга кадрларнинг танлов асосида қабул қилиниши натижасида улардаги тарбиявий жараёнлар сифати ҳам ортди.

Болаларни соғломлаштириш учун 2012 йилга нисбатан қарийб 18 фоизга кўп маблағ йўналтирилди.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ:

–         кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг 73 мингдан ортиқ фарзандлари;

–         шу жумладан, 3 минг 900 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, жисмоний имконияти чекланган бола бепул дам олдирилди.

Оролбўйи ҳудудидан имтиёзли соғломлаштирилувчи болалар сони ортиб, 4 минг 500 нафар ўғил-қиз Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда дам олдирилиб, саломатлигини тиклади.

Уларнинг йўл ҳаражатлари ҳам бепул ташкил этилди.

Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда имтиёзли асосларда соғломлаштирилди.

Жисмоний имконияти чекланган болалар оромгоҳларга бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Жорий йилда болаларни соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда “Она ва бола” йўлланмалари орқали 2 минг нафар она-боланинг имтиёзли равишда соғломлаштирилиши таъминланди.

Болалар хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини мониторинг қилиш йўнилишидаги ишлар кучайтирилиб, ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат соҳалари мутахассисларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилди.

Озиқ-овқатлар сифати, болаларнинг саломатлиги доимий равишда мутахассисларнинг томонидан назорат қилинишига эътибор кучайтирилди.

Болалар маънавиятини юксалтириш,

уларни маданий-маърифий ва спорт тадбирлар билан қамраб олиш

Юқорида таъкидлаганимиздек, болалар оромгоҳларда нафақат жисмоний чиниқтирилди, балки уларнинг билимлари мустаҳкамланиб, маънавияти ҳам бойитилди. Шу мақсадда оромгоҳларда турли йўналишлардаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Жорий йилдан бошлаб ҳар бир оромгоҳда илк бора ҳорижий тилларни ўргатиш бўйича махсус тўгараклар фаолияти ташкил этилди.

Маданий тадбирлар сифатини ошириш мақсадида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус дастурлар асосида оромгоҳларда таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари концертлари, қўғирчоқ театри, цирк томошалари ташкил этилди.

Оромгоҳларда қатор ташкилотлар, шу жумладан, касаба уюшмалари томонидан маданий, маънавий, маърифий тадбирлар, таниқли инсонлар билан учрашувлар, бадиий кечалар, ижодий фестиваллар, кўрик-танловлар, китобхонлик байрамлари, болалар акциялари ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳар бир оромгоҳда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” маданий-маърифий тадбирлари ташкил этилди.

Оромгоҳларнинг барчасида кутубхона, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилиб, 11 мингга яқин маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ташкил этилган “Шунқорлар”, “Қувноқ стартлар”, спорт мусобақалари, турнирлар, оромгоҳлараро спартакиадалар сони 3 мингдан ортиқни ташкил этди.

Болажонларнинг табиат қўйнига, диққатга сазовор масканларга саёҳатлари ташкил этилди.

Маданий-маърифий тадбирларда оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган ҳар бир болага ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, меҳр-оқибат тушунчалари сингдирилди.

Кундузги болалар оромгоҳлари

Мактаблар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари қошида фаолияти йўлга қўйилган 790 та кундузги оромгоҳда ҳам болалар кун давомида маънавий-интеллектуал, маданий тадбирлар билан қамраб олинди. Улар учун турли йўналишлардаги тўгараклар иш олиб борди.

Болажонлар 2 маҳал иссиқ овқат билан таъминландилар.

Қизиқарли учрашувлар, викториналар, спорт ўйинлари ташкил этилди.

Шунингдек, таътил даврида оромгоҳларга жалб этилмаган болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактаб ўқувчилари “Баркамол авлод” марказлари, спорт секцияларига қамраб олинди.

2014 йилдаги долзарб вазифалар

Мазкур Форум доирасида жорий йилги соғломлаштириш ишлари якунини таҳлил этиш асносида келгуси йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ишларига киришилди.

Тайёргарлик жараёнида албатта, 2014 йилда амалга ошириладиган ишлар мазмун жиҳатидан янада такомиллаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилади.

Оромгоҳлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишлар изчил давом эттирилиб, бундай масканлар сонини, фаолияти сифатини ошириш, болалар қамровини кенгайтириш бўйича махсус тадбир ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда “Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2014 йилга мўлжалланган Манзилли дастур”ни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада ҳозирданоқ йирик корхона ва ташкилотлар, ҳокимликлардан қатор таклифлар билдирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги бир қатор болалар соғломлаштириш оромгоҳларини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати