Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари марказий кенгашлари иштирокида тузилган жамоа келишувларининг мазмуни ва бажарилиши тўғрисида
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Федерацияга аъзо ташкилотлар давлат органлари ва иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб бориш натижасида меҳнат шартлари, иш билан таъминлаш, ижтимоий кафолатлар белгилаш борасидаги мажбуриятларни ўз ичига олувчи жамоа келишувлари қабул қилинишига эришиб келмоқдалар. Бунинг учун касаба уюшмалари Федерациясининг V–Қурултойи талабларига биноан ижтимоий шерикликнинг барча имкониятлари ишга солинмоқда.
2011 йилнинг 28 февралида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун Бош келишув имзоланиб, 2 март куни меҳнат қонунчилиги талабларига биноан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида 105-рақам билан билдириш рўйхатидан ўтказилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий (шу жумладан 8 та минтақавий) келишувлар амал қилмоқда.
Тармоқларда республика бўйича 85 та тармоқ келишувлари (шу жумладан 11 та тариф келишувлари, 1 та ягона жамоа шартномаси), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва улар тасарруфидаги туманлар ҳамда шаҳарлар миқёсида – 509 та ҳудудий-тармоқ келишувлари мавжуд.
Тармоқ касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги тармоқ (тариф) келишувлари муайян тармоқнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларини, тармоқ ходимлари учун меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий кафолатларнинг пастки чегарасини белгилаб берувчи энг муҳим норматив ҳужжатга айланмоқда.
Тегишли ҳудудий касаба уюшмалари, иш берувчилар ҳамда жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳудудий (минтақавий) келишувлар, одатда, аҳолининг заиф қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, меҳнат бозорини тартибга солиш, янги иш ўринларини барпо этиш, уй-жой коммунал хўжалигини самарали ишлатиш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият муассасалари тизимини, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болаларни ёзги соғломлаштиришни ташкил этиш каби масалаларни ўз ичига олган.
Аъзо ташкилотлардан олинган маълумотлар таҳлилига кўра, умуман, қабул қилинаётган мажбуриятларнинг катта қисми бажарилиши тенденцияси намоён бўлмоқда, иқтисодиёт тармоқлари ишини барқарорлаштиришда, меҳнаткашларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришда ижтимоий мулоқотнинг ижобий таъсири сезилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий шериклар томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва аҳдлашувларнинг ҳаммаси ҳам тўла ҳажмда бажарилаяпти, деб бўлмайди.
Бундай муаммолар, айниқса, бандликни таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштириш, иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва қатор бошқа масалаларга тааллуқлидир.
Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан “Ўзавтосаноат” уюшмаси билан тармоқ келишувини тузиш юзасидан музокаралар 2010 йилдан бери ҳанузгача ниҳоясига етказилмаган.
Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида маҳаллий даражада қабул қилинаётган жамоа келишувлари лойиҳаларини экспертиза қилишга етарли эътибор берилмаяпти.
Қатор касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари томонидан жамоа келишувларини экспертиза қилишга юзаки ёндошилганлиги натижасида Агросаноат мажмуи, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Таълим, фан ва маданият тармоқларининг жойларда тузилаётган ҳудудий-тармоқ келишувларида айрим камчиликлар мавжуд.
Баъзи келишувларни тузишда ягона музокара жараёни қоидаларига риоя этилмаслиги, қабул қилинган келишувларнинг жойларга ўз вақтида етказилмаслиги сабабли уларнинг қатор меъёрлари бажарилмаяпти.
Ўзбекистон КУФК
меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий
манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими