25.12.2013. Жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан матбуот конференцияси ўтказилди. “Ижтимоий меҳнат муносабатларида ижтимоий шерикликнинг аҳамияти ва “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросида касаба уюшмаларининг тутган ўрни” мавзуига бағишланган анжуман йил давомида касаба уюшмаларининг устувор йўналишларида олиб борилган тизимли ишлар сарҳисоби бўлди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т.Нарбаева, Федерация Кенгаши масъул ходимлари, Республика ва ҳорижий Ахборот агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Журналисларга мамлакатимизда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ижтимоий шериклик имкониятларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият юритиш ваколоти берилган касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик, унинг самарали натижалари тўғрисида батафсил таҳлилий маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси – давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлар ўртасида йўлга қўйилган ижтимоий шериклик борасидаги ишлар таҳлил этилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган тизимли ишлар тўғрисида ҳам маълумот олдилар.
Қуйида матбуот анжумани мавзуси юзасидан таҳлилий маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик
Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар кўрилиши натижасида меҳнат соҳасидаги муносабатларни самарали тартибга солиб туриш учун ишчан ҳуқуқий негиз яратилди. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг асоссолувчи конвенциялари ратификация қилинган, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунлар, Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Улар орқали меҳнаткашларнинг барча тоифалари учун касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини олиб бориш ҳамда жамоа келишувлари ва шартномаларини тузиш ҳуқуқлари кафолатланган.
Инсон омилига эътиборнинг кучайтирилиши натижасида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулoт, санoат маҳсулoтлари ишлаб чиқариш, қишлoқ xўжалиги маҳсулoтлари етиштириш, қурилиш ишлари ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Мазкур иқтисодий кўрсаткичларнинг ортиши аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.Бундай натижаларга эса турли соҳа ходимларининг барча имконият ва салоҳиятларини ишга солиб меҳнат қилиши орқали эришилади. Буни Президентимиз ҳам кўп маротаба таъкидлаганлар.
Ходимларнинг самарали меҳнат қилишида уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояланганлик даражаси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур йўналишдаги ишлар мамлакатимизда 3 томонлама ижтимоий шериклик, яъни давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида амалга оширилади.
Ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шериклик касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида амалга оширилади. Чунки, касаба уюшмаларига ходимлар манфаатларини ифода этиш ва ҳимоялаш ваколати берилган.
Ижтимоий меҳнат муносабатларидаги ижтимоий шериклик корхона, ташкилот, муассасаларда касаба уюшмаси ва иш берувчи ўртасида жамоа шартномасини имзолаш ва унинг бажарилишини таъминлаш орқали амалга оширилади. Жамоа шартномаларининг самарали ишлаши учун эса меҳнат муносабатларини тартибга солиб тизими муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида меҳнат соҳасидаги муносабатларни самарали тартибга солишнинг ишчан ҳуқуқий механизми яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув имзоланган. Бош келишувда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадларни ошириш, турмуш даражасини юксалтириш, меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва унинг ҳавфсизлиги, ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя, маънавий-маърифий ишлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари акс эттирилган.
Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз миқёсида амал қилаётган 86 та тармоқ Келишуви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги 14 та ҳудудий Келишув, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган 93 минг 805 та жамоа шартномалари орқали ходимлар манфаатлари ҳимояси кучайтирилмоқда. Хусусан, жамоа келишувлари орқали ходимлар узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланмоқдалар. Тармоқ келишувларига турли тармоқлар ходимларига қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ қўшимча тўлов ва имтиёзлар киритилмоқда. Шунингдек, ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси ва иш берувчи ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларига хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги банд ва бўлимлар киритилди. Бу янгиланиш хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтирди. Қатор тармоқларда жамоа шартномаси орқали ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадлари оширилмоқда. Хусусан, кўплаб корхоналарда жамоа шартномаси орқали меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткаларининг разряд коэффициентларини кўтариш кўзда тутилган. Натижада ходимларга иш ҳақлари оширилган базавий ставкалар асосида тўланмоқда. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилган.
Шунингдек, бугун жамоа шартномалари орқали ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида қўшимча имтиёзлар бериш ишлари амалга оширилмоқда.
2013 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмаси ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 22 минг 340 нафар фуқаро ва 183 минг 721 та оилага 82 млрд. 446 млн. сўмликдан зиёд ижтимоий кўмак берилди. Хусусан, кам таъминланган оилалар вакилларининг қарийб 133 минг нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек уй-жой қурилиши учун 5844та оилага фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 3509 нафар талабанинг контракт пуллари қопланди. 2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга қадар фарзандлари бўлган 11 минг 471 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги 2482 та корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 7360 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан оширмайдиган қилиб белгиланди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда амалиёт ўтаган кам таъминланган оилаларнинг 22 минг 736 нафар фарзандига ва 9799 нафар битирувчига энг кам иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда – жами 744 млн. сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. 81 минг 532 нафар ёлғиз кексалар ва ногиронларга 10 млрд. 835 млн. сўмликдан зиёд моддий кўмак тадбирлари амалга оширилди.
Бандликни ривожлантириш соҳасида Аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Мазкур мониторинг доирасида жорий йил давомида Республика миқёсида 2 минг 986 та корхона ва ташкилотда 27 минг 771 та янги иш ўрни ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди.
Жамоа шартномалари орқали корхоналарда квоталаштирилган иш жойларининг ўрнатилган тартибда яратилиши, унга тегишли тоифадаги шахсларнинг қабул қилиниши ва Меҳнат Кодекси талабларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилган.
Нодавлат сектори тизимидаги корхоналарни касаба уюшмасига жалб этиш орқали бугун ушбу имтиёз ва кафолатлардан уларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳам фойдаланмоқдалар. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида нодавлат секторига мансуб 6 минг 613 та корхона ва ташкилотда янги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, уларда меҳнат қилаётган 90 минг 355 нафар ходимнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.
Бугунги кунда ойлик маошлар ва бошқа тўловлардан ташқари йил давомида 1 нафар ходимга жамоа шартномаси орқали сарфланаётган маблағ 500 минг сўмдан 7 миллион сўмгача бўлган миқдорни ташкил этмоқда.
Меҳнат муҳофазаси соҳасида жамоа шартномаларида асосий эътибор меҳнатда жароҳатланиш ва касб касаликларининг олдини олиш масаласига қаратилмоқда. Натижада, ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар ва касб касалликларининг олди олинмоқда. Ходимлар санитар-маиший бинолар, махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда. Иш жойлари аттестациядан ўтказилмоқда. Иш берувчилар олдига профилактика масалаларида – эски асбоб-ускуналардан фойдаланмаслик, касб касалликларининг олдини олиш бўйича қатъий талаблар қўйилмоқда.
Касаба уюшма мутахассислари ва давлат техник меҳнат инспекторлари билан ижтимоий ҳамкорликда янги ташкил этилган иш жойларида ходимларга, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яртилиши таҳлил этиб борилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида корхона ва ташкилотлар жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси бўйича 342 мингдан зиёд чора-тадбирлар амалга оширилишига эришилди. Бу кўрсаткич 2012 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 мингтага (5,7 %) кўпдир.
Ходимларнинг меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқларини ҳимоялашда ҳам ижтимоий шерикликнинг аҳамияти каттадир. Хусусан, жамоа шартномалари орқали ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ишлар самарадорлиги оширилмоқда.
Иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши устидан касаба уюшмалари жамоатчилик назоратини олиб бормоқдалар.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларга 9,5 мингга яқин мурожаат келган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Хусусан, улар тегишлича қаноатлантирилган, тушунтиришлар берилган.
Ходимлар ҳуқуқини тиклаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан судларга 54 та даъво киритилиб, уларнинг 38 таси қаноатлантирилган. (қолганлари иш юритувида).
Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Ишонч телефонлари”га келган 2 мингга яқин мурожаат Федерация Кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари томонидан қаноатлантирилди.
Маданий-маърифий ва спорт ишлари йўналишида жамоа шартномалари орқали меҳнат аҳли, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, миллий ўзликни англаш, ходимларда юксак маънавиятни шакллантириш йўналишларидаги ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнат жамоаларида мунтазам равишда “Маънавият соатлари” ўтказилмоқда. Ходимлар ва улар оила аъзоларининг тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳатлари ташкил этилмоқда. Масалан, жорий йилда 60211 нафар кам таъминланган оила ва аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламлари учун Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди.
Корхона, ташкилотлар қошидаги маданият муассасалари ва кутубхоналардан меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандлари имтиёзли фойдаланмоқдалар. Меҳнат жамоаларида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлиги таъминланмоқда.
Меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш йўналишида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали Обод турмуш йилида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 38 минг 306 нафар киши имтиёзли йўлланмалар асосида сағломлаштирилди. Улардан, 1504 нафар ходим бепул йўлланма билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Репродуктив саломатлик маркази билан ҳамкорликда “Умид гулшани” санаторийсида дам олаётган хотин-қизларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий маданиятни оширишга йўналтирилган тренинглар ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Касаба уюшмалари тизимида тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида маҳаллий ва ҳорижий сайёҳлик агентликлари ҳамда қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди. Жорий йилнинг ёз мавсуми давомида 1058 та болалар оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 293 минг нафардан ортиқ бола имтиёзли асосларда соғломлаштирилди.
Иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида корхона, ташкилот ва муассасалар жамоа шартномалари орқали 74 минг нафарга яқин бола бепул соғломлаштирилди. 4500 нафар Оролбўйи ҳудуди болалари, 3087 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, 2008 нафар иқтидорли болалар бепул дам олдирилди. Болалар учун 116 та ихтисослашган оромгоҳлар фаолият юритди ва уларда 9499 нафар бола дам олдирилди.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳи ташкил этилди. Маҳаллий ҳокимликлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари ҳамкорлигида “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, ўсмир ёшдаги болалар ҳордиғи таъминланди. Ички ишлар вазирлигининг Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимлари ҳамда “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ижтимоий ҳамкорлик асосида “Тарбия ва спорт” оромгоҳлари ташкил этилди. Касаба уюшмалари ва “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда 600 нафар кам таъминланган оила фарзандлари бепул соғломлаштирилди.
Болаларни соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида вазирликлар, идора ва ташкилотлар, йирик корхоналар ҳамда касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида Республика миқёсида янги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини барпо этиш, мавжуд оромгоҳларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, моддий техник-негизини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлар ўртасида
йўлга қўйилган ижтимоий шериклик
Ўзбекистонда бошқа мамлакатларда камдан кам учрайдиган тизим, яъни ижтимоий шериклик асосида инсон манфаатлари йўлида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини уйғун ҳолда йўналтириш ва бу орқали фаолият самарадорлигини ошириш тизими йўлга қўйилган. Касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳам ижтимоий шериклик алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим, Мудофаа вазирликлари, Савдо-Саноат палатаси, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва меморандумлар асосида ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига мувофиқ ўтган давр мобайнида 15 дан ортиқ меҳнат низолари бўйича Федерация Кенгаши томонидан эксперт хулосалари тақдим этилди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги билан тузилган қўшма тадбирлар режасига асосан касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялар ижроси бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Янги иш ўринларини яратиш дастури ҳамда жойлардаги аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторинги ўрнатилган.
Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ва касаба уюшмалари ижтимоий ҳамкорлигида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда 250 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан тузилган қўшма тадбирларга биноан истеъмолчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик билимлари ва маданиятини ошириш, истеъмолчилардан тушган мурожаатларни ўрганиш ва ҳамкорликда ҳал этиш ишлари олиб борилмоқда.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан ижтимоий шерикликда касаба уюшмалари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини корхоналарда амалиёт ўташи ва уларнинг уч томонлама шартномалар билан қамраб олинишида жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Корхона ва ташкилотларда коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминланганлиги мониторинги юритилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда маҳаллаларда хотин-қизлар, айниқса, ёшлар ўртасида турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган тадбирлар ўтказилмоқда. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояталаб оилаларга, боқувчисини йўқотган болаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Нуроний” фахрийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ижтимоий ҳамкорликда “Касаба уюшмалари – фахрийларга”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари – касаба уюшмалари эътиборида” акциялари доирасида кекса ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиниб, моддий қўллаб-қувватланмоқда, улар учун маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Фахрийларнинг диёримиздаги тарихий шаҳарларга, буюк алломалар қадамжоларига, Мустақиллик йилларида барпо этилган иншоатларга саёҳатлари уюштирилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига, меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшма қўмиталари ҳисобида турган ишламайдиган пенсионерлар ва фахрийларга мазкур корхоналар жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёзларнинг тўла хажмда берилишига эришилмоқда.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросида
касаба уюшмаларининг ўрни
“Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ мамлакатда барқарорлик ва осойишталикни, хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини, жамият фаровонлиги ва тараққиёти изчил ўсишини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган ишларга касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида “Жамоатчилик назорати” тўғрисидаги, “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этилиб, тегишли таклифлар берилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотлари бирлашмаларида ташкил этилган “Ишонч телефонлари” орқали фуқароларнинг 1800 дан ортиқ, ҳуқуқий маслаҳатхоналар орқали 3900 дан ортиқ мурожаатларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Федерация тизимидаги ташкилотлар томонидан жами 254 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида тикувчилик цехи ташкил этиш орқали 15 та, Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошидаги “Мустаҳкам олмос” шуъба корхонасида 40 та, аҳолига сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида Бухоро вилоятида 5 та, Жиззах вилоятида 9 та, Қашқадарё вилоятида 10 та, Навоий вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 40 та, Самарқанд вилоятида 30 та, Сирдарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 12 та, Фарғона вилоятида 5 та, Тошкент шаҳрида 3 та, тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари томонидан 40 та, Санатор- курортлар бошқармаси томонидан 18 та, Федерация Кенгаши томонидан 22 та янги иш ўринлари яратилди.
Одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда 2123 нафар нафар фермер ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда банд бўлган шахслар имтиёзли асосда соғломлаштирилди. Кам таъминланган оилалардан 412 нафар аёл, 241 нафар тиббиёт ходимлари бепул соғломлаштирилди. 124 та ёш оилага 248 та йўлланма имтиёзли берилди. 2928 нафар она ва бола биргаликда соғломлаштирилди.
Касаба уюшмаларига қарашли соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 18 млрд. 420 млн. 300 минг сўми маблағ йўналтирилди.
Жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ҳар томонлама ошириш йўналишида ҳам касаба уюшмалари ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Хусусан, ёшларни, шу жумладан, коллеж битирувчиларини кичик бизнесга жалб қилиш, уларга бизнес юритиш асосларини ўргатиш, оилавий ва ёшлар бизнесини ривожлантириш мақсадида Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида, Тошкент шаҳрида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда коллеж ўқувчилари ўртасида семинар, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилиб, уларда 12510 нафар коллеж ўқувчилари иштирок этдилар.
Касаба уюшмалари Марказий кенгашлари, ҳудудий бирлашмалар томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган жами 298 нафар кам таъминланган, иқтидорли талабаларга касаба уюшмаларининг стипендияси жорий этилиб, 140 млн. 500 минг сўм ўз эгаларига топширилди.
3 мингдан ортиқ меҳнат жамоасида ўтказилган “Спорт – саломатлик гарови” спорт мусобақасида 150 мингга яқин меҳнаткаш иштирок этди.
“Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2013 йилга мўлжалланган Манзилли Дастурга кўра 19 та оромгоҳда қурилиш ишлари якунланди. Хусусан, 4 та янги оромгоҳ барпо этилди, 7 таси реконструкция қилинди ва 8 та оромгоҳда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида 18084 нафар “Меҳрибонлик” уйлари, “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари, ота-онасиз қолган болалар, ногирон болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандларининг ҳайвонот ва Ботаника боғи, маданият ва истироҳат боғлари, қўғирчоқ театри, цирк, музей, тарихий обидалар, сузиш ҳавзаси ҳамда хайрия концертларига бепул ташрифи ташкил этилди. 6384 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзандларига байрам совғалари, ўқув қуроллари, спорт жихозлари, китоблар, оромгоҳларга бепул йўлланмалар топширилди. “Меҳрибонлик” уйлари, мактаб-интернатларга, хайрия тадбирларига ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 162 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, шунингдек таълимда юксак натижаларга эришаётган ўқувчилар ва талабалар учун республиканинг тарихий масканлари ва диққатга сазовор жойларига касаба турлар ташкил этилди.
“Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбирида Республика бўйича 14 та ҳудуддаги 211 та чекка туман мактабларининг 10 106 нафар 1-синф ўқувчиларига Федерация Кенгаши томонидан 118 млн. 750 минг сўмлик санитария-гигиена воситалари топширилди.
Ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда ҳам касаба уюшмалари томонидан тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Наврўз” байрами муносабати билан ижтимоий муҳофазага муҳтож 23 минг 156 нафар эҳтиёжманд, ёлғиз оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жами 820 млн. сўмликдан зиёд турли кўринишдаги моддий кўмак кўрсатилди.
“Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси доирасида иккинчи жаҳон уруши ҳамда меҳнат фронти фахрийларига, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар)га, хизмат даврида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига, “Саховат” уйларига касаба уюшмалари томонидан жами 1 млрд. 170 млн. 600 минг сўмлик моддий ва ҳомийлик ёрдами берилди.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” акцияси доирасида 998 нафар ижтимоий ҳимояталаб аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 184 нафар эҳтиёжманд аёлга 130,0 млн. сўмлик электр маиший техникаси (кир ювиш машинаси, музлаткич, микро-тўлқинли печ) берилди.
“Ҳар бир инсон – меҳр-эътибор оғушида” чора-тадбирлар мажмуи доирасида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадларига жами 10 млрд. 031 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Санаторийлар атрофидаги ҳудудларда, маҳаллаларда 453 млн. сўмлик ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш масалаларига ҳам касаба уюшмалари алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ОБСЕ)нинг ҳамкорликдаги лойиҳаси асосида “Умид гулшани” санаторийсида тикувчилик цехи ташкил этилди ва бугунги кунда 22 нафар хотин-қиз учун иш ўрни яратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати