[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.05.2014. Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши қошидаги Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида “Хотин-қизларнинг хуқуқий ҳамда тиббий маданиятини оширишда ижтимоий ҳамкорликнинг самараси” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

Унда бирлашма кенгаши, шаҳар ва туман тармоқ кенгашларининг хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари аъзолари ва фаоллари иштирок этдилар. 

– Бугунги семинар касаба уюшмаларининг хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш, давр талаби асосида жамоа шартномалари орқали хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда  “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишларимизни таҳлил этиб, келгуси вазифалар хусусида кенгашиб олиш имконини берди, – деди Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Муяссар Раҳимова. – Кейинги йилларда касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилган ишлар жамоа шартномалари ва келишувларининг ижтимоий таркибини кучайтириш имконини берди. Натижада, бугун хотин-қизлар ва ёшлар меҳнат муносабатлари соҳасида қатор имтиёзлардан фойдаланмоқдалар. 

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерецияси Кенгашининг “Хотин-қизлар билан ишлаш Комиссияси тўғрисида” ги Низом талаблари асосида йўлга қўйилган фаолият хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш, малакаларини ошириш, ёш болали оналар учун яратилаётган имтиёзлар кўламини кенгайтириш имконини бермоқда.

Худди шу мақсадда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси томонидан истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғининг Боғот ва Ҳазорасп туманидаги корхона, ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган аёлларни ижтимоий ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Кенгайтирилган йиғилишда ушбу ўрганиш натижалари ҳам таҳлил этилди.

Комиссия кенгайтирилган йиғилиши ҳамда ўқув семинарининг Боғотда ўтказилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки, Боғот касаба уюшмалари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича намунали туман ҳисобланиб, бу борада барча тармоқларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, “Боғоттекстил” корхонасида ходимлар, айниқса, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган.  Бунга корхона касаба уюшма қўмитаси фаолияти билан танишган тадбир  иштирокчилари ҳам гувоҳ бўлдилар. Хусусан, корхонада 576 нафар ишчи-хизматчи фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 80 фоизини аёллар ташкил этади. 2014-2016 йилларга тузилган Жамоа шартномасига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бўлган шахсларга бериладиган қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар”, “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлимлари киритилган. Улар асосида  корхонада ишлаётган аёлларга қулай меҳнат шароитлари яратилган. Маънавият, дам олиш, гигиена хоналари, ошхона ишлаб турибди. Ходимларнинг таътилга чиқиш жадваллари асосида ўз вақтида мазмунли дам олишлари таъминланмоқда.

Корхонада меҳнат муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, бу масканда ишловчи барча аёллар махсус кийим-бош билан таъминланган. Тегишли тартибда сут, қатиқ маҳсулотлари бериб борилмоқда. Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида бепул тиббий кўриклар ташкил қилинмоқда. Улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида турли спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилган. Жумладан, бу йил баҳорда хотин-қизлар ўртасида югуриш, арқон тортиш, шахмат-шашка, армреслинг каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Ўқув-семинар кун тартибидан хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш чораларини янада кучайтириш масаласи ҳам ўрин олди. “Хотин-қизлар репродуктив  саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни камол топтириш ва уларнинг тиббий маданиятини юксалтиришда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорлик самараси” мавзуида сўзлаган вилоят “Она ва бола” скрининг маркази бош шифокори Гулнора Сапарбоева бу борадаги ишларда касаба уюшмалари билан ҳамкорлик алоқалари хусусида кенг тўхталди.

 “Аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш” мавзусида маъруза қилган “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармасининг вилоят бўлими раиси Наргиза Шарипова эса оилада соғлом муҳит ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни масаласига тўхталди.

Шу куни вилоят бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси ташаббуси билан “Боғоттекстил” корхонасида меҳнат қилувчи аёлларни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, аёллар поливитаминлар ва бошқа биологик фаол қўшимчалар билан таъминланди.

Ўқув-семинарда, шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари “Шаҳар,  туман тармоқ касаба уюшма кенгашлари қошидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияларининг иш юритиш фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”, “Жамоа шартномаларида аёллар меҳнатини тартибга солиш, уларга бериладиган қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар” мавзусида, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамда ЎзХДП вилоят кенгаши вакиллари “Янги иш ўринларини ташкил этиш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда аёлларга берилаётган кафолат ва имтиёзлар”, “Хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий ва хуқуқий саводхонлигини юксалтиришда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти” мавзуларида маъруза қилдилар.

Ўқув-семинар баҳс-мунозаралар билан янада қизғин тус олди. Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахасислар томонидан батафсил жавоб берилди.