25.10.2014. Кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Федерация Кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2014 йил 9 ойи давомидаги фаолияти таҳлил этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилган тизимли ишлар алоҳида таъкидланди. Амалда бўлган жамоа келишувлари ва шартномалари ижтимоий таркибий қисмининг сезиларли даражада кучайтирилиши натижасида мазкур локал ҳужжатлар орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун қўшимча имтиёзлар кўлами ортиб бораётгани, ижтимоий ҳимоя тадбирларига йўналтирилаётган маблағ миқдорининг йилдан йилга ортиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда касаба уюшмаларининг иштироки, ижтимоий шериклик, бандлик, иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада касаба уюшмалари олдида турган галдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Раёсат йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган профилактика ишларини кучайтириш, касаба уюшмалари тизимида жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар ҳам йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Раёсатда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.