[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.11.2014. «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси юзасидан республикамизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Санатор-курортлар бошқармасига қарашли «Умид Гулшани санаторийси» МЧЖнинг бу борадаги самарали фаолияти ҳам диққатга сазовор.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган ушбу сиҳатгоҳ жаҳон талабига жавоб берадиган тиббиёт муассасаси бўлиб, унда замонавий тиббий диагностика ва даволаш усуллари бевосита халқ табобати билан уй­ғун тарзда олиб борилади. 2000 йили ташкил топган масканда экстрагенитал, андрологик, эндокрин, асаб тизими, терапевтик касалликлар, шунингдек, эркак ва аёллар бепуштлиги самарали даволаб келинади.

 

Дам олувчилар санаторийнинг олий тоифали андролог, уролог, онкогинеколог, гинеколог, УТТ шифокори, дерматолог, кардиолог, эндокринолог, психоневролог, терапевт, физиотерапевт, стоматолог, лаборатория шифокорлари кўригида бўлиб, керакли маслаҳатларни олишади. Жаҳон стандартларига жавоб берадиган «Андрогин», «ИФА-И-1С», «Дзин-Да», «Кольпоскоп», «УТТ», «Доплер», ЭКГ, ЭХВЧ, «УТТ-Lоigig-180» ва бошқа тиббиёт ускуналари ёрдамида беморларга аниқ ташхис қўйилади.

 

Санаторийда асосан табиий омиллардан фойдаланилади. Клиник ташхислар холис хулосаларга таяниб қўйилади ва физиомуолажалар тавсия этилади. Шунинг­дек, паст ҳамда юқори частотали токлардан самарали фойдаланиб, электрофорез, магнит-терапия, магнитлазер-терапия, ултратовуш, ДМВ-терапия, дарсенвализация, электросандал каби бир қанча муолажалар йўлга қўйилган. Умуртқа поғонаси хасталиги компютерлаштирилган тракцион усул орқали даволанади. Фиточой, кислородга тўйинтирилган кўпик ўткир ва сурункали касалликларни табиий омиллар билан даволаш жараёнида алоҳида аҳамиятга эга. Фин саунаси ва ёпиқ чўмилиш ҳавзаси дам олувчилар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лабораторияда тўлиқ ҳажмда клиник, биохимик, иммунологик текширувлар ўтказилади. Шулар қаторида «Торч» инфекцияси, қалқонсимон без гармонлари, жинсий гармонлар миқдори Германиядан келтирилган «Human» ускунасида аниқланади.

 

Мазкур санаторийни «Умидлар ушалган маскан», дея эътироф этишади. Бунга санаторийда дардига шифо топган инсонлар билан суҳбатлашиш асносида яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

 

— Ташвишлар билан бўлиб, ҳар доим ҳам ўз хоҳишимизга кўра шифокорларга мурожаат қилавермаймиз, — дейди наманганлик Шоира Маликова. — Санаторийга келгач, шифокорлар «кўкрак бези фиброз мастопатияси»га чалинганимни аниқлашди. Бу касаллик шунақа эканки, врачга келиб кўринмасангиз, инсоннинг ўзига билинмас экан. Бу хасталик вақтида аниқланмаса ёмон оқибатларни келтириб чиқараркан. Соғлигим учун қай­ғурган ташкилотимиз касаба уюшма қўмитаси ҳамда шифокорларга раҳмат дейман. Айни пайтда врачлар кўрсатмаси асосида саломатлигимга жиддий эътибор қаратяпман.

 

— Бир нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим билан яна фарзанд кўриш орзусида эдик, — дейди қорақалпоғистонлик Муяссар Авезова. — Афсуски, 15 йилдан буён қайта-қайта даволанишимга қарамай фарзандли бўлолмадим. Танишларимдан ушбу санаторий ҳақида эшитгач, бу ерга ошиқдим. Менга шифокорлар «иккиламчи бепуштлик» ташхисини қўйишди. Санаторийда бу касалликни даволаш учун барча имконият бор экан. Ҳозирда шифокорлар назоратида муолажаларни оляпман.

 

— Масканимизга келган даволанувчиларнинг дардим ариди, ўзимни яхши ҳис қиляпман, дея айтган миннатдорлик сўзларини эшитиб, қалбим фахрга тўлади, — дейди лаборатория бўлими мудири Барно Сатторова. — Айниқса, фарзанд орзусида бўлган кўплаб аёлларнинг масканимизда даволаниб кетгач, фарзандли бўлганини эшитиб, минг карра қувонамиз. Уларнинг кўпчилиги миннатдорлик хатлари ёзиб, фарзандларининг суратини жўнатишган. Инсонлар умидининг ушалишида озми-кўпми ҳиссамиз борлигидан ниҳоятда мамнунмиз.

 

Касални даволагандан унинг олдини олган маъқул. Бу қоидага амал қилган бир қанча корхона-ташкилотлар ишчи-ходимларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган мазкур санаторийда мунтазам тиббий кўрикдан ўтказишга жиддий эътибор қаратади.

 

Шундай ташкилотлардан бири «Махsаm Сhiгсhiq» ОАЖдир.

 

— Беш йилдан буён ходимларимизнинг шу санаторийга ташрифини уюштирамиз, — дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Абдуллаев. — Биринчи йили тиббий кўрикдан ўтган ходимларнинг ярмидан кўпида турли касалликлар аниқланган эди. Бу йил эса тиббий кўрикка жалб қилинган 170 нафар ходимдан 27 тасида турли хасталиклар аниқланиб, даволаниш тавсия этилди. Бу ҳолат ташкилотимизда соғлом турмуш тарзига эътибор қаратилаётгани, қолаверса, ходимларнинг «Умид Гулшани» санаторийси шифокорлари кўрсатмаларига тўлиқ амал қилганлигидан, деб биламан.

 

Айтиш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ, октябр ойида республикамизнинг барча ҳудудларидан 50 нафар педагог санаторийда бепул дам олдирилди.

 

— Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бепул йўлланма орқали ушбу масканда саломатлигимизни тикладик. Сиҳатгоҳга келган кунимиз ЎзКУФК ҳамда Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари бизни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Шунингдек, байрам дастурхони ҳамда санъат усталари иштирокида  концерт намойиш этилди. Бизга алоҳида шифокор ва ҳамширалар бириктирилди, уларнинг назоратида самарали даволаш муолажаларини қабул қилдик. Касаба уюшмаларининг эътибор ва ғамхўрлиги бизни янада кўтаринки руҳда ишлашга, ёш авлодга иштиёқ билан таълим-тарбия беришга ундайди, — дейди ўузор тумани 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насиба Эшбобоева.

 

Санаторийда дам олувчилар учун ­соғломлаштириш кунлари ташкил этилиб, тадбир доирасида концерт дастури, спорт мусобақалари ҳамда мутахассислар иштирокида «Соғ­лом бола йили: мазмун ва моҳият», «Соғлом ҳаёт — обод турмуш гарови», «Куз фаслида саломатликни тиклаш», «Миллий маънавиятимизда қадриятлар ўрни» мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Шу билан бирга, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Мустақиллик майдони, Шаҳидлар хотираси хиёбони, Қатағон қурбонлари музейи ва театр­ларга ташриф барчада унутилмас таассурот қолдирди.

 

ЎзКУФКнинг бу каби хайрли ташаббуслари ҳали давом этаётир. Шу кунларда санаторийда 50 нафар тиббиёт ходими бепул йўлланма асосида ҳордиқ чиқариб, саломатлигини мустаҳкамламоқда.