26.12.2014. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майдаги 132-сонли Қарорига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Марказий банки, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Биринчи галда меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Меҳнат кодексларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, улар орқали меҳнат бозоридаги жараёнларни тартибга солишни такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини тўлақонли рўйёбга чиқариш, ёш мутахассисларнинг ишга жойлаштирилиши ва меҳнат муносабатлари соҳасидаги кафолатларни кенгайтириш, аҳолини иш билан таъминлаш, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунбузилишлар учун жавобгарликни кучайтириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 23 фоизга оширилди. Товарларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришни янада рағбатлантириш мақсадида бир қатор хўжалик субъектларига, шу жумладан, касаначилик меҳнатидан фойдаланаётган корхоналарга, ҳунармандларга илгари берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди. Алоҳида қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 декабрдаги ПФ-4539 сонли Фармони билан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши белгилаб қўйилди.
Жорий йилда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. Мамлакатимизда ҳар йили давлат бюджетини қабул қилиш жараёнида айнан ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилиши натижасида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар давлат бюджети умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсгани алоҳида таъкидланди. Жорий Соғлом бола йилида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан ўз бизнесини ташкил қилишга интилаётган йигит-қизларга 170 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратиб берилди. Ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш, уни қуриш ва реконструкция қилиш, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарларни харид қилиш учун қарийб 215 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ва 57 миллиард сўмлик фоизсиз қарз маблағлари ажратилди.
Бундай ҳайрли ишларда касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштироки таъминланди. Хусусан, касаба уюшмалари маблағларидан турли ҳайрия тадбирларига 53 млрд. 717 млн. сўм йўналтирилди. Шу жумладан, 1 млрд. 500 минг сўм қийматидаги маиший электр техника воситалари ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган аёлларга бепул тарқатилди. Шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 183 минг 441 та оила ва фуқароларга 116 млрд. 969 млн. 700 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Бунда, кам таъминланган оилаларга ва ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, янги оила қурган ёшларга фоизсиз ссудалар бериш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар учун контракт пулларини қоплаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари ва дарсликлар ҳарид қилиш, болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини қисқартириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ўринда, мазкур йўналишлардаги ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014-2016 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз. Барча соҳаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган мазкур ҳужжат ўз навбатида ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини ўзаро уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Бош келишув жамиятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири сифатида мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий барқарор ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Натижада бугунги кунда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 96,3 фоизини жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинишига эришилди. Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур банд ва бўлимлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, ходимлар иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасидаги ижтимоий шериклик асосида яратиб берилаётган кўплаб имтиёз ва кафолатлардан фойдаланмоқдалар.
Хусусан, жамоа келишувларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, ходимлар даромадини ошириш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатиш, тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган. Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган. Хусусан, жорий йилда 295 минг 624 нафар бола, шу жумладан, ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган қарийб 66 минг нафар боланинг ёзги оромгоҳларда имтиёзли дам олиши ташкил этилиб, уларнинг саломатлиги мустаҳкамланди. Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси, Болалар дам олиш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастурнинг амалга оширилиши, бунинг натижасида 50 га яқин оромгоҳда қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларининг олиб борилгани, республикамиз ҳудудларида янги оромгоҳларнинг барпо этилгани ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда муҳим амаллардан бири бўлди.
Юқорида таъкидланган йўналишларда амалга оширилган ишларнинг барчаси касаба уюшмалари томонидан 2014 йил учун белгилаб олинган устувор фаолият йўналишларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганидан далолатдир.
Республика Давра суҳбати Республика касаба уюшмалари ҳамда уларнинг ижтимоий шериклари бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар иштирокида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган натижалар ва келгусидаги вазифаларни муҳокама қилиш учун кенг имконият яратди. Давра суҳбати олдидан туман ва шаҳарлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ушбу мавзуда ташкил этилган ҳудудий Давра суҳбатларида кўтарилган масалаларнинг катта қисми жойларда ўз ечимини топди. Шу ўринда кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур Давра суҳбати ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги долзарб масалаларнинг ижтимоий шериклик асосида ижобий ҳал этиш самарали воситасига айланди.
Республика Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳамда вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар ўртасида бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш борасидаги вазифалар, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш борасида банк тизими олдида турган вазифалар, давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона, муассаса ва ташкилотларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги долзарб масалаларни самарали ҳал этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилгани қайд этилди. Хусусан, Давра суҳбати иштирокчилари томонидан 2015 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасининг пасайтирилиши, камдаромадли фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида жисмоний шахслар учун солиққа тортилмайдиган минимум киритилиб, уларнинг даромади энг кам иш ҳақидан кам бўлган ҳолда даромад солиғидан озод қилиниши, фуқаролар пенсиясининг базавий миқдори энг кам иш ҳақи эмас балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари билан белгилаб қўйилган энг кам пенсия миқдорига тенглаштирилиши, коллеж битирувчилари ишлаётган кичик бизнес субъектларида ходимлар сони меъёрдан 50 фоизгача кўп бўлганда ҳам, уларга ягона солиқ тўловида қолиш имтиёзи берилиши каби масалаларда тўлиқ тушунтиришлар берилди.
Касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар, пластик карточкалар воситасида тўловларни амалга ошириш, иш ҳақи тўланиши масалаларига оид кўтарилган саволларга аниқ ва батафсил жавоблар берилди.
Давра суҳбати якунида келгусида ушбу йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати