30.12.2014. “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг тегишли бандлари ҳамда мазкур Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган Федерация Кенгашининг тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида республика касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар амалга оширилди.
I. Хусусан, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришда фаол иштирок этилиб, барча ҳудудларда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларининг мазмун-моҳияти кенг оммага етказилди. Шу мақсадда ҳудудларда давра суҳбатлари, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах, Навоий, Фарғона, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида жами 189 та семинарлар ўтказилди. Мазкур Конвенциялар талабларига риоя этилиши бўйича Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Тошкент, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги 210 та корхона ва ташкилотлар, Навоий вилоятидаги 3 та туманлар фаолияти ўрганилди. Шунингдек, “Темирйўллойиҳа” МЧЖ, “Ўзвагонтаъмир” ОАЖ, Қўқон алоқа ва сигналлаштириш ҳамда “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш” корхоналари шулар жумласидандир.
Корхоналарда меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича иш берувчилар ҳамда ходимлар вакилларининг билим ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида барча ҳудуларда ўқув-семинарлар ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида ташкил этилган юридик маслаҳатхоналар ва “Ишонч телефонлари” орқали тизимли равишда бепул ҳуқуқий ёрдам бериш ишлари амалга оширилди. Хусусан, жорий йил давомида касаба уюшмалари юридик хизматларига фуқаролардан 3580 та оғзаки ва “Ишонч телефонлари” орқали 2048 та мурожаатлар қелиб тушди. Уларнинг барчаси бўйича ўз вақтида ва сифатли бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши таъминланди.
II. Оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик ҳимоясини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг рўзғор ишларини енгиллаштириш мақсадида:
Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида 738 та корхонада 4384 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун жами 77 млрд. 176 млн. 200 минг сўмлик фоизсиз cсуда ажратилди.
Нодавлат мулк шаклидаги 2624 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган болали 6446 нафар аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Касаба уюшмаларига қарашли соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 11 млрд. 551 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги байрами арафасида қишлоқ жойларида яшовчи 1960 нафар аёлга 1 млрд. 500 минг сўмлик электр маиший техника жиҳозлари топширилди.
Федерация Кенгаши томонидан Хоразм, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш мақсадида 100,0 млн.сўм маблағ йўналтирилиб, тикувчилик цехи ташкил этиш орқали Навоий вилоятида 16 та, Хоразм вилоятида 10 та, Сурхондарё вилоятида 20 та иш ўрни яратилди.
Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан жойларда “Аёлни қадрлаш – миллатни қадрлаш” мавзусида туркум маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фаол аёллар рағбатлантирилди, ижтимоий ҳимояталаб аёллар қўллаб-қувватланди.
III. Соғлом болалар туғилиши ва уларни баркамол этиб вояга етказиш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ижтимоий ҳимояталаб оилалардан 408 нафар аёл, 151 нафар тиббиёт ходими, 202 нафар таълим ходимлари бепул соғломлаштирилди. Ёш оилаларнинг 217 нафар аъзоларига “Умид гулшани” санаторийсига имтиёзли йўлланма берилди. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 678,5 млн. сўм йўналтирилди.
Шунингдек, тизимдаги санаторийларда “Она ва бола” бўлимлари, болалар хоналари ҳамда ёзги болалар ўйингоҳлари ташкил этилиб, замонавий услубда жихозланди.
“14 ноябрь – Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни” муносабати билан қандли диабет касаллигига чалинган, ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларига 10,0 млн. сўмлик глюкометр ва тестлар тақдим этилди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами арафасида “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида Республикадаги 15 та болалар “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари қарийб 43 млн. сўмлик компьютер жамланмаси билан таъминланди. Ушбу акция доирасида ташкил этилган “Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбирида эса республикамизнинг 14 та ҳудудидаги чекка туманлар умумтаълим мактабларининг 11 минг 65 нафар 1-синф ўқувчиларига 161 млн. 260 минг сўмлик санитария-гигиеник тўпламлари топширилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги 10-сон кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ўқувчилари махсус аппаратлар, плеерлар ва ўқув қуроллари билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси”, “Энг яхши умумий амалиёт шифокори”, “Энг яхши қишлоқ врачлик пункти врачи”, “Энг намунали оилавий поликлиника”, “Энг яхши патронаж ҳамшираси”, “Ҳамшира-2014” кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиблари рағбатлантирилди.
“Оқтош” санаторийсида “Респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича долзарб масалалар” мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Унда Польша, Чехия, Корея, Жанубий Корея, Хитой, Хиндистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон вакиллари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Семашко номидаги илмий текшириш маркази, туристик компаниялар вакиллари иштирок этдилар. Анжуманда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан бирга келгусидаги ҳамкорлик вазифалари ҳам белгилаб олинди.
IV. Соғлом болани шакллантиришда таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, болалар, айниқса қиз болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида:
Республика ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшлари ўртасида Наманган вилоятида ўтказилган “Баркамол авлод-2014” спорт мусобақалари иштирокчилари касаба уюшмалари томонидан 56,1 млн. сўмлик совғалар билан рағбатлантирилди.
Халқ чолғулари бўйича “Она юрт оханглари” Халқаро танлови иштирокчилари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.
Маданият муассасаларида фаолият юритувчи болалар бадиий жамоалари қатнашчилари ўртасида бир неча босқичда “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танлови ўтказилди. Унинг дастлабки босқичларида жойлардаги 300 га яқин маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоаларидан 10 мингга яқини, вилоят босқичларида эса 2 554 нафар, республика босқичида 391 нафар ёш иқтидорлар иштирок этдилар.
Меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида Касаба уюшмалари соврини учун “Касаба тур” Веломарафони ўтказилди. Ҳақиқий спорт байрамига айланган мазкур веломарафоннинг қуйи босқичларида 42,5 минг нафардан ортиқ, республика босқичида эса 500 дан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар қатнашдилар.
Соғлом бола йилиги бағишлаб ташкил этилган “Соғлом оила” оилавий спорт мусобақаларида 100 мингга яқин ишчи-ходимлар оила аъзолари билан иштирок этдилар. Ушбу маусобақаларнинг Республика босқичига 30 нафар оилалар йўлланма олиб, Федерация Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Пойтахтимиздаги велотрекни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларига 565,2 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги “Навбаҳор”, “Мустақиллик”, “Фурқат”, “Чинор” маҳаллаларида болалар майдончалари барпо этилди.
V. Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишда давлат ва жамият томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва кўмакни кучайтириш, мазкур жараёнлар учун масъул бўлган соғликни сақлаш, таълим, маданият, ижтимоий муҳофаза муассасалаларида замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратиш, уларни ривожлантиришга йўналтирилган ишларни амалга ошириш борасида:
Ёз мавсуми давомида 1099 та (212 та стационар, 753 та кундузги оромгоҳ, 134 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳи) болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 296 минг нафарга яқин бола дам олдирилиб, ушбу кўрсаткич умумий режага нисбатан 105,5 фоизни ташкил этди.
Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олишда ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандлари, жисмоний имконияти чекланган ва ота-она қаровисиз қолган болаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимизнинг алоҳида ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасининг 4 минг 950 нафар бола бепул соғломлаштирилди.
Меҳрибонлик уйларининг 3 минг 658 нафар тарбияланувчиси, кам таъминланган оиланинг 70 минг 600 нафарга яқин фарзандлари, қарийб 3 минг нафар иқтидорли болалар касаба уюшмалари томонидан имтиёзли соғломлаштирилди.
239 та ихтисослашган оромгоҳларда 20 минг нафардан ортиқ бола дам олдирилди.
“Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2014 йилга мўлжалланган Манзилли дастур” асосида 2 та янги оромгоҳ қурилишига киришилиб, 7та оромгоҳда реконструкция, 11 та оромгоҳда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 15 млрд. сўм, ҳомий ташкилотлар томонидан 9 млрд. 795 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
VI. Соғлом болани, айниқса, қиз болаларга замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак бериш, болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида ва манзилли кўрсатиш йўналишида:
Корхона ва ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали:
5114 та корхонада 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 11266 нафар аёлларга иш берувчи ва касаба уюшмаси ижтимоий шериклигида 3 млрд. 68 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ходимларнинг 5050 нафар фарзандларига чет тилларини ўрганишларида кўмаклашиш мақсадида 1 млрд. 260 млн. сўмликка яқин моддий кўмак берилди. 45 698 та оила фарзандларига 2 млрд. 655 млн. сўмлик ўқув қуроллари ҳарид қилинди. 26207 та корхонада қарийб 108 минг нафар кам таъминланган оилалар вакилларига 24 млрд. 104 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2819 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларнинг 7 млрд. 796 млн. сўмдан зиёд контракт пуллари қлпланди. Касб-хунар коллежларининг 34623 нафар битирувчисига амалиёт даврида касаба уюшмалари томонидан қарийб 978 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Республиканинг барча ҳудудларидаги Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган 252 нафар кам таъминланган, иқтидорли талабалар учун касаба уюшмаси стипендияси таъсис этилиб, Федерация Кенгаши томонидан 158 млн. сўмдан зиёд маблағ ўз эгаларига етказилди. “Ватан ўз ватанпарварларини хотирлайди” акцияси ташкил этилиб, унинг доирасида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 282 нафар ҳарбийлар оиласига манзилли ёрдам кўрсатилди.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва иқтидорли болаларнинг қарийб 45,5 минг нафари учун музейлар, ботаника, ҳайвонот, маданият ва истирохат боғларига, тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди. Мамлакатимизнинг Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларига 56815 нафар кам таъминланган оила вакиллари учун саёҳатлар ташкил этилди.
Ижтимоий ҳимояталаб 29 минг нафар боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, уруш ва меҳнат фаҳрийларига касаба уюшма маблағлари ҳисобидан жами 910 млн. сўмликдан зиёд моддий кўмак кўрсатилди.
Касаба уюшма ташкилотлари томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларини кенг оммага етказиш мақсадида тизимли ахборот-тарғибот ишлари амалга оширилди.
Хусусан, 29 мингга яқин меҳнат жамоаларида ўтказилган “Маънавият соатлари”да “Соғлом бола йили” Давлат Дастурининг мақсад ва моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган маърузалар, “Соғлом бола – соғлом оила меваси” мавзусида суҳбатлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Корхона, ташкилот, муассасалардаги “Маънавият хоналари”, касаба уюшма ташкилотлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари махсус плакатлар ва кўргазмали воситалар билан жиҳозланди.
Журналистларни мамлакатимизда инсон омили йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни янада кенгроқ ёритишга жалб этиш мақсадида журналистика соҳасида “Инсонга наф келтириш – олий бахт” Республика анъанавий танлови ўтказилди.
“Олтин қалам” IX Миллий мукофоти Халқаро танлови доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Соғлом бола” йили Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ёритилган энг яхши мақола учун” номинацияси таъсис этилиб, 2 нафар ғолиб рағбатлантирилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида жами 206 млрд. 246 млн. 800 минг сўм маблағ, шу жумладан касаба уюшмалари томонидан 54 млрд. 225 млн., иш берувчилар маблағларидан 150 млрд. 821 млн., давлат бюджети ҳисобидан 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати