Аёлга эътибор — жамиятга эътибор
13.02.2015. Жамиятнинг маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Мамлакатимизда Мустақилликнинг илк кунлариданоқ хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеи ҳамда фаоллигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси ҳамда ҳуқуқларининг таъминланиши, улар саломатлигини муҳофазалаш ва маънавиятини юксалтириш каби масалалар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Натижада Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидорлари, билим ва салоҳиятларини намоён этишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш борасида давлатимиз томонидан кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси қошида Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари тизимида эса Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан жойларда хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш, меҳнат муносабатлари соҳасида уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ишонч билан айта оламизки мамлакатимизнинг олис қишлоқларида фермерлик қилаётган аёлдан тортиб йирик корхоналарни бошқараётган раҳбар аёлларгача, фарзандини қалб қўри билан тарбиялаб, Ватан камоли учун хизматга йўллаётган оналар-у мамлакат қонунларини яратишда иштирок этаётган депутат аёлларгача, барча-барчасининг қалбида эл-юрт учун фидойилик туйғуси, оила ва фарзандлар камоли мужассамдир. Зеро, шиддат билан ривожланиб бораётган давр аёл билан жамият ўртасидаги узвийлик нақадар муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.
Албатта, бу жараёнда гўзаллик рамзи, оила фариштаси ҳисобланган аёллар манфаати, ижтимоий ҳимояси, қонуний ҳақ-ҳуқуқлари устувор ҳисобланади. Кўп миллионли аъзога эга бўлган оммавий жамоат ташкилоти – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши томонидан бу борадаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида қандай ишлар олиб борилмоқда? Кенгаш касаба уюшма аъзоси бўлган хотин-қизларга қай даражада кўмак бераяпти? Аёллар дуч келаётган қатор масалаларни ҳал этишда унинг ўрни ва иштироки қандай бўлмоқда?
Федерация Кенгашининг Ўқув марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Хотин-қизлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида бу борада амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева томонидан юртимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида турли соҳаларда аёлларга яратилаётган кенг кўламли имкониятлар, хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги мавқеини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда рўй бераётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида фаол иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди. Шунингдек, Касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган Хотин-қизлар кенгаши ва комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш, 2015 йилда улар олдида турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
— Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида юртимизда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат фаолиятини фарзандлар тарбияси билан уйғун ҳолда олиб бориш, оналик ва болаликни муҳафаза қилиш йўналишларида мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилган, — деди жумладан, Т.Нарбаева. — Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги қонунчилиги ва ижтимоий-меҳнат муносабатлари тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши билан бирга кўплаб масалаларда ходимларга улардан ҳам юқорироқ имтиёз ва кафолатлар берилган.
Йиғилишда Федерация Кенгаши раиси томонидан мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди. Шунингдек, Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинган касаба уюшмалари фаолиятининг 2015 йилдаги устувор йўналишлари асосида Касаба уюшмалари тизимидаги Хотин-қизлар кенгаши ҳамда комиссиялари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланиб, тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Қўйидаги масалалар Касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари қошидаги хотин-қизлар комиссияларининг устувор вазифалари сифатида эътироф этилди:
– Жамоа шартномалари ва Келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ва уларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини юритиш;
– ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш;
– хотин-қизлар бандлиги дастурларининг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояталаб аёллар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
– кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари муҳофазасига кўмаклашиш;
– хотин-қизларнинг маънавий, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш;
-Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларига оид Конвенциялари талабларининг меҳнат жамоаларида бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш;
– касаба уюшмаларининг хотин-қизларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ташкил этиш борасидаги фаолиятига кўмаклашиш.
Йиғилишда Касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши томонидан “Самарқанд вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган, касаначилик билан шуғулланаётган аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси, уларга хавфсиз ва етарли иш шароитлари яратилиши тўғрисида”ги ҳамда “Наманган вилоятидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи хотин-қизлар учун жамоа шартномаларида белгиланган имтиёзларнинг бажарилиши тўғрисида”ги масалар бўйича Федерация Кенгаши бўлим мудирлари Клара Шаюсупова ва Эътиборхон Раҳмонованинг ахборотлари тингланиб, муҳокама этилди.
Шунингдек, йиғилишда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Навоий, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида хотин-қизлар учун яратилган иш ўринларининг самараси, уларда фаолият юритаётган аёлларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги масалалари ҳам кўриб чиқилди. Маълумки, ўтган йили Федерация Кенгаши томонидан ажратилган 100 млн. сўм маблағ эвазига хотин-қизлар учун Навоий вилоятида 16 та, Хоразм вилоятида 20 та, Сурхондарё вилоятида 20 та иш ўрни яратилган. Ҳудудий касаба уюшма бирлашмаларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан мазкур иш ўринларида хотин-қизлар, шу жумладан касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар бандлиги таъминлангани, шу билан бирга уларнинг ижтимоий ҳимояси тизимли йўлга қўйилганлиги алоҳида таъкидланди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган бу каби эзгу ишлар оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз қобилиятларини намоён этишларига хизмат қилаётгани қайд этилди.
— Яхшилик яхшиликдан қувватланиб, одамлар қалбидаги меҳр ришталарини мустаҳкамлайди. Касаба уюшмаларининг хайрли ишлари ҳам эзгуликка йўл очаётир, — дейди Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси раиси Муяссар Раҳимова. — Федерация Кенгаши томонидан вилоятимиз аёлларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ажратилган 33 млн. сўм эвазига “XORAZM KASABA TEKSTIL” шўъба корхонаси ташкил этилиб, 20 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур иш ўринларида касб-ҳунар коллежини битирган 8 нафар қизларнинг ҳам бандлиги таъминланди. Бугунги кунда шўъба корхонада 10 дан зиёд маҳсулот турлари — чойшаблар, турли ўлчамдаги футболкалар, сочиқлар, дастурхон, ёстиқлар тайёрланмоқда. Айни кунда ишлаб чиқариш маҳсулотлари ҳажми 38 млн. 781 минг сўмни ташкил этмоқда. Корхонада ёш, тадбиркор ва ташкилотчи қизимизни раҳбарликка таклиф этганимиз иш суръати ва сифатини ошириш баробарида маҳсулот турларини кўпайтириб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан қариялар учун чопон ва халатлар тикиш, шунингдек, спорт кийимлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.
Аёллар бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Бундан нафақат аёл, балки унинг оиласи, фарзандлари баҳраманд бўлиши баробарида жамият ҳам манфаат кўради, — дейди Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси раиси Норимхон Нурмонова. — Федерация Кенгаши томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари тасарруфида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Касаба чевар» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. 17 та тикув машинаси сотиб олиниб, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. «Касаба чевар» томонидан ўтган йили 22 миллион сўмлик, 70 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳозирги кунда жамият томонидан фаолиятни ривожлантириш, иш ҳажми ва маҳсулотлар кўламини ошириш, қўшимча равишда янги иш ўринлари яратиш йўналишларида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
— Меҳр-саховат шундай гавҳарки, унинг теграсида одамлар бир-бирига оқибатли, халқ фаровон, мамлакат обод бўлади, — дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси раиси Муяссар Қодирова. — Федерация Кенгаши томонидан ажратилган 34 млн. сўмлик маблағ воҳамиз аёллари учун ўзига хос мадад ва рағбат бўлди. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси қошида «Зодиак-Касаба-сайр» шуъба корхонаси фаолияти йўлга қўйилиб, 20 та янги иш ўрни яратилди. Айни кунда бу ерда 12 нафар тикувчи ва 4 нафар қандолатпаз меҳнат қилаётир. Ўтган йили корхона томонидан чойшаб, кўрпа, тўшак, пахта терими учун фартуклар, махсус иш кийимлари каби 39,2 млн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шунингдек, 136 млн. сўмлик сайёҳлик хизмати кўрсатилди. Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари учун 72 млн. сўмлик маҳсулот тайёрлаб бериш юзасидан буюртмалар олинди. Бугунги кунда янги иш ўринларини яратиш борасидаги фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз Хусусан, режамиздан иссиқхона қурилиши, бу олрқали яна 10 та янги иш ўрни яратиш ҳам ўрин олган.
Йиғилишда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг тарли йўналишлардаги ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, 2015 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
Якунда таҳлиллар ва муҳокама этилган масалалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ишларни кучайтириш юзасидан тегишли қарор ва тавсиялар қабул қилинди.