Жамоа шартномалари ижроси муҳокама этилмоқда
20.05.2015. Бугунги кунда мамлакат касаба уюшмалари тизимида қизғин жараён кечмоқда. Яъни, корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаларининг ўтган йил якунлари бўйича бажарилиши муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасларининг умумий йиғилишлари ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 17 февраль куни Чирчиқ саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида мазкур муассаса касаба уюшма қўмитаси ва маъмурият ўртасида 2014-2016 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг 2014 йил давомида бажарилиши якунларига бағишланган умумий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда, аввало, жамоа шартномасидаги ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнати муҳофазаси, бандлик, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, соғломлаштириш масалаларини ўз ичига олган бандлари ижроси таҳлил этилди. Мазкур масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ходимлар олдида иш берувчи – коллеж директори К.Норметов ҳамда касаба уюшма қўмитаси номидан Н.Рустамова ҳисобот бердилар.
Йиғилишда жамоа шартномаси бажарилишини ўрганиш бўйича тузилган комиссиянинг таҳлил натижалари юзасидан М.Тўраева маъруза қилди.
Шундан сўнг, ўқитувчилар Г.Исбосарова, К.Жабборов, Д.Эргашева, касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, жамоа шартномаси орқали ходимлар манфаатлари ҳимоясини қай даражада таъминланаётгани тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Меҳнат жамоаси йиғилишида касаба уюшма аъзолари томонидан жамоа шартномасига Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан бир қатор қўшимча имтиёзлар киритиш бўйича билдирилган таклифлар бир овоздан маъқулланди.
Йиғилиш якунида, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва улар натижасида эришилаётган ютуқ ҳамда муваффақиятлар, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг V Қурултойидан сўнг ўтган даврда тизимни такомиллаштириш йўналишида олиб борилган ишлар натижасида эришилган кўрсаткичлар, бу орқали меҳнаткашлар учун яратилган қўшимча имтиёз ва кафолотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.