[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Кексалари эъзозланган юрт

23.02.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ  1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш масалаларига доир ўқув семинар ташкил этилди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси мутасаддилари, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ва ҳордиқ чиқаришлари ташкил этилиши кўзда тутилган 37 та санаторий муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Семинарда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш асос қилиб олинган. Натижада аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояталаб инсонлар давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида бўлмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шундай хайрли амаллар кўламини янада кенгайтирди. Хусусан, мазкур ҳужжат Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш соҳасида хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш ҳисобига уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда республикамизда жами 73 минг 694 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари истиқомат қилмоқдалар. Улардан 3 минг 311 нафари уруш қатнашчилари ва 70 минг 383 нафари фронт ортида хизмат қилган фахрийлардир.

Фармонга мувофиқ 2015 йилдан бошлаб уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлди. Уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий-соғломлаштириш муассасаларига берилган йўлланмалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Семинарда уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ва хордиқ чиқаришлари ташкил этилиши кўзда тутилган 37 та санаторий-соғломлаштириш муассасалари белгилангани, булар Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК, “Ўзкимёсаноат” ДАК, ”Ўзбекнефтегаз” МХК ва бошқа вазирлик ҳамда идораларга қарашли энг яхши санаторийлар эканлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур санаторийлар рўйхатини шакллантиришда фахрийларни соғломлаштириш ва хордиқ чиқаришлари учун барча қулайлик ва шароитлар яратилган санаторийларни саралаб олишга катта эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Ушбу сиҳатгоҳларнинг географик жиҳатдан мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида жойлашганлиги ҳам фахрийларимизга ҳар томонлама қулайликлар яратади. Хусусан, рўйхатга киритилган санаторийларнинг 12 таси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 5 таси Навоий, Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида, 4 та санаторий Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, 3 та санаторий Жиззах вилоятида, 10 таси Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, 3 та санаторий Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фаҳрийларини соғломлаштириш учун тавсия этилган санаторий-соғломлаштириш муассасалари рўйхатига киритилган 37 та санаторийдан 15 таси касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлардир.

Бугунгача Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан мазкур 15 та санаторийнинг барчасида фахрийлар учун имкон қадар пастки қаватлардан ва даволаш муолажалари ўтказиладиган хоналарга (бинога) яқин бўлган жойлардан хоналар ажратилди ҳамда алоҳида “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари”  ташкил этилди. Ажратилган хоналарни косметик таъмирлаш, санитар-маиший хоналарни фахрийларнинг имкониятига мослаштириш, хусусан, хожатхона ва ванналар ёнларига тиргагич ўрнатиш, зиналарда сирпанмаслик учун қулайликлар яратиш ишлари амалга оширилди. Хоналар янги қаттиқ ҳамда юмшоқ жиҳозлар билан таъминланиб, қўшимча ёруғлик мосламалари ўрнатилди. Уруш ва меҳнат фахрийлари учун ажратилган хоналарда навбатчи шифокор ва ҳамшира билан боғланишга мўлжалланган алоқа воситалари ўрнатилди. Шунингдек, тизимдаги санаторийлар қўшимча равишда ногиронлик аравачалари билан таъминланиб, даволаш, ётоқ ва ошхона бўлимларида ногиронлик аравачаларининг ҳаракати учун қўшимча йўлаклар ташкил этилди.

Санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тезкор ва навбатсиз қабул қилиш ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу мақсадлар учун алоҳида масъул ходим (шифокор ва ҳамшира) бириктирилди. Уруш ва меҳнат фахрийларини ётоқ хоналарига кузатиб бориш учун алоҳида ходим бириктириш, фахрийларнинг санатор-курорт картасидаги текширувлар етарли деб топилмаган тақдирда, кўрсатмага биноан қўшимча текширувлар ўтказиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.

Ўқув семинарда мазкур йўналишлардаги ишлар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ва хордиқ чиқаришлари ташкил этилиши кўзда тутилган барча 37 та санаторий-соғломлаштириш муассасаларида амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат – уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун масъул бўлган шифокорларни “Герантология” бўйича малакасини ошириш масаласи семинар иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Таъкидлаш зарурки, бугуни кунда Шу мақсада Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Санатор-курортлар бошқармаси томонидан  ҳам ишлаб чиқилди.

Семинарда фахрийларимизнинг ҳар томонлама сифатли ва самарали соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида психолог мутахассислар муолажаларини ҳам киритиш, уларнинг ёши, умумий аҳволини инобатга олган ҳолда имкон даражасида улар жойлашган бўлимнинг ўзида овқатланиш учун алоҳида жой ажратиш, талаб ва ҳохишлари асосида буюртмали ҳамда парҳезли, соғломлаштурувчи минерал ва витаминларга бой табиий маҳсулотлардан иборат овқатлантиришни ташкил қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган “Қариялар билан шуғулланиш учун психологларга тавсиянома” ҳамда “Кексаларни рационал овқатлантириш бўйича тавсиялар”дан фойдаланиш тавсия этилди. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур тавсияларда кекса авлод вакилларини парваришлаш жараёнида улар психологиясидан келиб чиққан ҳолда ёндошиш,  қарияларнинг модда алмашинуви фаолияти сустлигини инобатга олган ҳолда таомномага киритилиши мумкин бўлган оқсил ва витаминларга бой, осон ҳазм бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш, бунда  5 маҳал рационли таомномага амал қилиш борасида фойдали маслаҳкатлар берилган.

Сиҳатгоҳда соғломлаштириш жараёнида фахрийларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш масалалари ҳам семинар ташкилотчиларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, фахрийларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда маданий тадбирлар Дастурини тузиш, унда, классик хонандалар иштирокида концертлар, интеллектуал ўйин ва машғулотлар, суҳбат ва учрашувлар, “Уч авлод учрашуви” каби маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Шунингдек, уруш қатнашчиларининг буюк алломалар қадамжоларига зиёратлари ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда бунёд этилган диққатга сазовор масканларга саёҳатларини уюштириш, театр, музей ва кўргазмаларга ташрифларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди. Байрам кунлари, хусусан, халқаро хотин-қизлар, “Наврўз”, “Хотира ва қадрлаш”, Мустақиллик ва Конститутция байрамлари арафасида дам олаётган уруш ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхонларини ташкил этиш, эсдалик совғалари билан тақдирлаб бориш орқали уларнинг кўнгилларини обод этиш ишлари режалаштирилгани билдирилди.

Семинар иштирокчиларининг барча саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, улар эътиборига тегишли маълумотлар ҳавола этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати