25.02.2015. “Ўзметкомбинат” ОАЖ меҳнат жамоасининг умумий конференцияси ҳамда касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида қизғин жараён кечмоқда. Яъни, корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаларининг ўтган йил якунлари бўйича бажарилиши муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишлари ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 21 февраль куни “Ўзметкомбинат” ОАЖ жамоа шартномасининг 2014 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий конференцияси ва касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Йиғилишда корхона бош директори А.Нурутдинов ва касаба уюшма қўмитаси раиси И.Қурбоновлар сўнгги 5 йиллик фаолият давомида ижтимоий шериклик асосида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисида ходимлар олдида ҳисобот бердилар.
Мазкур корхона мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўринга эга. Корхонада меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклигида мустаҳкам ҳимояга олинган. Хусусан, жамоа шартномасидан ходимлар даромадларини ошириш, уларга қўшимча меҳнат таътиллари бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда меҳнат муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилганлиги боис корхонада ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи энг устувор вазифалардан бирига айланган. Бу соҳада қонунчиликка, қоида ва йўриқномаларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. Техника хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси борасида фаоллик кўрсатаётган ходимларни мунтазам равишда касаба уюшма қўмитаси томонидан рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган. Бу борадаги ишлар сифати ва смарасини ошириш мақсадида ижтимоий-маиший объектлар ҳолати ва фаолияти доимий назоратга олинган. Ходимлар истаган вақтларида касаба уюшма қўмитасига мурожаат этиб, барча масалада ижтимоий, моддий ва маънавий кўмак олишлари таъминланмоқда
Таъкидлаш зарурки, меҳнат жамоасининг 2010 йилда бўлиб ўтган ҳисобот сайлов йиғилишидан буён республикамизда ва комбинат фаолиятида ижобий маънодаги чуқур ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Мазкур ўзгаришлар жараёнида корхона касаба уюшма қўмитасининг асосий эътибори цехларда олиб борилаётган ишларни такомиллаштиришга, жумладан, корхонанинг мавжуд молиявий, моддий-техник манбаларини меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясига йўналтирилишига қаратилди.
Комбинат раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан корхонада иш унумдорлигини ошириш, энергия ресурсларини тежаш, меҳнат ва технологик интизомни мустаҳкамлаш масалаларига максимал даражада эътибор қаратилди. Бунинг натижасида сўнгги 5 йил мобайнида меҳнаткашларнинг ойлик маошлари 2 баробар ўсишига эришилди ва бирон маротаба иш ҳақи тўловларини кечиктириш ҳолатига йўл қўйилмади.
Касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи томонидан ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибий қисмини кучайтириш ҳамда бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши натижасида комбинатда мунтазам равишда иш ўринларининг барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Жумладан, корхонада шиша идишлари ишлаб чиқариш цехи, Ангрен участкаси, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, қорамол етиштириш фермаси, парранда фермаси ва 380 ўринли болалар боғчасининг ишга туширилгани фикримиз далилидир.
Жамоа шартномасида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Натижада 2010-2014 йиллар давомида комбинатга 471 нафар олий ўқув юртлари ва 559 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишга жойлаштирилиб, улар тажрибали устозларларга бириктирилдилар. Комбинат бошқаруви ва касаба уюшма қўмитаси Раёсатининг қўшма қарори билан “Энг яхши устоз”, “Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга энг кам ҳаражат сарф қилган ҳолда шикастланиш ва ҳалокатсиз юқори маҳсулли меҳнат учун”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши хона-бурчаги”, “Энг фаол ёш металлург” кўрик танловлари жорий этилди.
Жамоа шартномасига мувофиқ корхонада доимий равишда меҳнаткашларни тиббий кўрикдан ўтказиб туриш, уларни маҳсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий химоя воситалари билан таъминлаб келиш йўлга қўйилган.
Комбинат ходимларини ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишга қўшган ҳиссаси, ҳалол меҳнатлари учун касбий байрамларда доимий рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган. Жумладан, ҳисобот даврида 934 нафар ходим корхона Фаҳрий ёрлиқлари билан ҳамда 1155 нафар ходим моддий рағбатларнитириш орқали тақдирланди. Комбинатда ишлаган, ёшга доир ёки бошқа имтиёзлар туфайли нафақага чиққан ходимларга 475 млн. сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Корхонада 20 йил ишлаган эркаклар ва 15 йил ишлаган аёллар учун жами 558 млн. сўм миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш берилди.
Мазкур давр мобайнида корхона томонидан ижтимоий муҳофазага мухтож 47 нафар оила вакиллари фарзандларининг 33 млн. сўмлик боғча тўловлари тўлаб берилди ва бундан ташқари 43 нафар болалар учун боғча тўловининг қисман 50 фоизини қоплаш орқали 15 млн. сўм тўлаб берилди.
Меҳнаткашларга касаба уюшмаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида 1 млрд 336 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Корхона меҳнаткашларининг 2000 нафарига санаторийларда соғлиғини тиклаши учун 1307 млн. сўмлик йўлланмалар ҳарид қилинди, шу жумладан 120 та йўлланма ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган ходимларга бепул берилди. Шу билан бирга 5877 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари санаторий-профилакторийда дам олдирилди.
Уруш ва меҳнат фаҳрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 210 млн. сўмлик моддий ёрдамлар, шу жумладан санаторийга бориш йўл ҳаражатлари қоплаб берилди.
Ўтган давр мобайнида маданий-оммавий, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун касаба уюшма қўмитасига комбинат томнидан 3 млрд. 643 млн. сўм ўтказиб берилди. Меҳнаткашлар олимлар, маданият ва санъат арбоблари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Меҳнат жамоасининг “Металлурглар” маданият саройи ва спорт-соғломлаштириш мажмуида маданий-маърифий ва жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб этилиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлиги таъминланмоқда. Хусусан, комбинат спорт-соғломлаштириш мажмуи томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, оммавий спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, болалар спортини ривожалантириш, юқори даражадаги спортчиларни тайёрлаш ишларига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу мажмуанинг 14 спорт тури бўйича секцияларида бугунги кунда 1113 нафар болалар ва 1100 нафардан ортиқ ходимлар мунтазам шуғулланмоқда.
Корхона жамоа шартномасининг 2014 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий конференцияси ва касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференциясида ушбу йўналишлардаги масалалар таҳлил этилиб, ходимлар муҳокамасидан ўтказилди. Хусусан, меҳнаткашлар ва касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, жамоа шартномаси орқали ходимлар манфаатлари ҳимоясини қай даражада таъминланаётгани тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, касаба уюшма аъзолари томонидан жамоа шартномасига Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан бир қатор қўшимча имтиёзлар киритиш бўйича билдирилган таклифлар бир овоздан маъқулланди.
Йиғилиш якунида, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва улар натижасида эришилаётган ютуқ ҳамда муваффақиятлар, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг V Қурултойидан сўнг ўтган даврда тизимни такомиллаштириш йўналишида олиб борилган ишлар натижасида эришилган кўрсаткичлар, бу орқали меҳнаткашлар учун яратилган қўшимча имтиёз ва кафолотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати