15.03.2015. Кексаларни эъзозлаш йили отахону онахонларимиз ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб борилаётган ишларимизни янада кучайтириш ҳамда самарасини ошириш учун ўзига хос йўналиш берди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган тармоқ Дастурига кўра, бир қатор йўналишларда чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, кексаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш ҳамда улар ҳаёти мазмуни ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш кўзда тутилган бўлиб, яъни, Ўзбекистон Республикасининг «Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа қатламларига ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий хизматлар тайинлаш ва кўрсатиш ҳамда қарияларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастурини шакллантириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори, Президентимизнинг «2015-2020 йиллар мобайнида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш Давлат дастури тўғрисида»ги Қарори лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари тайёрланишида фаол иштирок этилади.
Авваламбор, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бирига 300 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. 23 минг нафар уруш ва меҳнат фахрийси, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга касаба уюшмалари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон олиб берилади, яшаш жойларини таъмирлаш, коммунал тўловларини тўлаш кабиларда кўмаклашилади. «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи қариялар ҳолидан хабар олиниб, моддий қўллаб-қувватланади, улар учун маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этишга эътибор кучайтирилиб, қариялар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан таъминлаш яхшиланади, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади. 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг йилда бир марта касаба уюшмалари тизимидаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат бюджети ҳисобидан даволанишлари йўлга қўйилади. Бунинг учун тизимдаги 15 та санаторийда «Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари» бўлимлари ташкил этилган бўлиб, йил давомида 10102 нафар фахрий соғлиғини тиклайди. Шунингдек, 2 минг нафар ишлайдиган кексалар касаба уюшмалари ҳисобидан, 1,5 минг нафар меҳнат фахрийси жамоа шартномалари орқали бепул, 2,5 минг нафар ишламайдиган пенсионер фарзандлари иш жойларидан имтиёзли равишда соғломлаштирилади.
Санаторийлар атрофида жойлашган маҳаллаларда яшовчи ёши улуғ инсонлар ва нуронийлар, шунингдек, санаторийда кўп йиллар хизмат қилиб нафақага чиққан собиқ ходимларни ташхислаш, соғломлаштириш муолажалари амбулатор шароитда ўтказилади. «Кекса ёшдагиларни санатор-курорт соғломлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида халқаро семинар ташкил этилади. Республиканинг ҳар бир ҳудудидан 30 нафардан, жами 420 нафар қарияга ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари, 15 нафардан, жами 210 нафар кексага танометр, эшитиш аппарати ёки глюкометр (тест полоскаси) берилади.
Тизимдаги бир қатор соғломлаштириш муассасаларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш, уларнинг моддий-техник базасини бойитиш, Ховос, Қўқон темирйўл узели ва Тошкент темирйўл муҳандислари институтлари «Нуроний» кенгашларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш каби тадбирлар амалга оширилади.
Мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратилиб, жамоа шартномалари орқали 84 минг нафар кекса турли кўринишда моддий қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилади.
1 октябр — Халқаро кексалар куни муносабати билан жойларда туркум тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жамоаларда уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида ёш авлоднинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига кўмаклашиш, уларда миллий ғурур ва ўзини англаш ҳиссини шакллантириш мақсадида «Сиз доим эъзоздасиз», «Қариси бор уйнинг париси бор», «Кексаларни ардоқлаган юрт», «Фахрийлар — фахримиз» мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар уюштириш шулар жумласидандир.
Ўз мавсумида болалар соғломлаштириш оромгоҳларида «Нуроний отахон ва онахонлар — болалар нигоҳида» номли расмлар танлови ўтказилиб, меҳнат жамоаларида «Касбим — фахрим» номли тадбирлар ташкил этиш орқали меҳнат фахрийларининг ёшлар билан учрашувлари йўлга қўйилади. Ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада «Фахрийлар кенгаши» ташкил этилиб, уларнинг бой тажрибаларидан фойдаланиш, тадбирларда қатнашишини таъминлаш учун барча чоралар кўрилади.
Амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш, кексалар ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Мустақиллик байрамлари арафасида 560 нафар кекса фахрийнинг театр, концерт ва бошқа маданий тадбирларга ташрифи уюштирилиб, хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида ишлаган ходимларнинг имтиёзли шартларда пенсияга чиқишига кўмаклашиш режалаштирилган.
Меҳнат жамоаларида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг мақсад ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида маърузалар ташкил қилиниб, корхона, ташкилот ва муассасалар, санаторийлар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги «Маънавият хоналари» плакатлар билан жиҳозланади.
Шунингдек, маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган секторни мустаҳкамлаш, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идора ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишда ҳам касаба уюшмалари фаол иштирок этади. Хусусан, маҳаллаларда ўтказиладиган «Кексалар дуосини олайлик» акцияси чоғида уруш ва меҳнат фронти иштирокчилари яшаётган, эҳтиёжманд оилалардан 2 минг нафарига электр-маиший техника воситалари бепул тақдим этилади. «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ўтказиладиган тадбирларда ҳар бир ҳудуддан 80 нафардан 1120 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳати уюштирилади.
Кексаларни эъзозлаш йилида юқоридаги мақсадлар учун Федерация Кенгаши томонидан 52 млрд. 774 млн. 600 минг сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.