[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.04.2015. Бугун Тошкентда «Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда касаба уюшмаларининг роли: Ўзбекистон тажрибаси» маззусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирлик, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, ҳорижий касаба уюшма марказлари вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, Германия, Дания, Хитой, Қозоғистон, Литва, Молдова, Россия, Франция каби давлатлардан халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқдалар.

Халқаро конференциядан кўзланган мақсад – фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдимоти, шунингдек, ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш ва меҳнатини муҳофаза қилишда касаба уюшмаларининг ролини намойиш этишдир.   

Анжуманда фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатлари таъминланиши бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати, ходимлар ҳамда улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, меҳнат муҳофазаси борасидаги тизимли тадбирлар алоҳида қайд этилди. 

 Конференция иштирокчилари жаҳон иқтисодий инқирозининг оқибатлари ҳали ҳануз сақланиб қолаётган ҳозирги шароитда кўпчилик ҳорижий мамлакатларда ривожланиш суръатларининг кескин пасайиши, ишсизлар сони ортишининг кузатилаётгани, ижтимоий эҳтиёжлар учун кўзда тутилган маблағларни ҳаддан зиёд иқтисод қилишга йўналтирилган қатъий чора-тадбирлар кўрилаётгани ва буларнинг барчаси инсонлар турмуш даражасига салбий таъсир ўтказаётганини таъкидладилар.

Жаҳонда содир бўлаётган мана шундай вазиятлардан фарқли равишда бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсат натижасида иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ривожланишига эришилаётгани, иқтисодий ўсиш натижаларининг адолатли тақсимланиши ижтимоий соҳани жадал суръатлар билан ривожлантиришга кучли туртки бераётгани эътироф этилди.

Алоҳида қайд этиш зарурки, мамлакат Президенти ва Ҳукумати Қарорлари ҳамда Фармонлари асосида кичик бизнес, фермерлик, качаначилик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш ва сервис, шахсий томорқа хўжаликларида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, қишлоқ жойларида агрофирмалар ташкил этиш йўналишларида самарали натижаларга эришилмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли расмий бандлиги кўламини ошириш ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш имкониятлдарини кенгайтирмоқда. Собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининиг кескин табақаланиши мавжуд эмас.

Конференция давомида Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари меҳнат соҳасидаги халқаро стандартларга тўла мос эканлиги, кўплаб масалаларда эса улардан ҳам ортиқ устунликка эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўла таъминланган бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш,  жамоа шартномалари орқали қўшимча имтиёзлар бериш борасида алоҳида имтиёз ва кафолатлар ўрнатилган. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот йўлга қўйилгани, меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш тажрибаси, касаба уюшмаларига ходимларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича  кенг ҳуқуқ берилганлиги, бу борадаги тадбирларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда муносиб меҳнат устуворлигини тўлақонли таъминлаш мақсадида ижтимоий ҳимоя тизимининг муваффақиятли кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этдилар. Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда мамлакат касаба уюшмаларининг муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Ўз сафларида 6 миллиондан ортиқ аъзони 14 та тармоқ касаба уюшмаларига бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фаолиятнинг мазкур устувор йўналишида амалга оширилаётган тизимли ишлар юқори баҳоланди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари  Халқаро меҳнат ташкилотининг муносиб меҳнат Концепцияси амалга оширилиши бўйича амалий натижаларга эришмоқда.

Ўзбекистонда мамлакат Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014-2016 йиллар учун ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув амал қилмоқда. Мазкур ҳужжат орқали ходимларнинг турли тоифалари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишини таъминловчи комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўзда тутилган. Бош келишув асосида мамлакатда 90 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 100 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Барча жамоа-шартномавий ҳужжатларга расмий бандликка кўмаклашиш, муносиб иш ҳақи тўлаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшлар учун имтиёзлар, ХМТ конвенцияларига риоя этиш каби меъёрлар киритилган.

Қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кейинги йилларда меҳнат муҳофазаси масалаларига, айниқса, ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликлари профилактикасига янада катта эътибор қаратилмоқда.

Анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари ва халқаро экспертлар фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолотларини таъминлаш борасида Ўзбекистонда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни, бу жараёнда мамлакат касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида амалга оширилаётган тизимли ишларни юқори баҳоладилар. Хусусан, Ўзбекистон Ҳукумати, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган учтомонлама ижтимоий мулоқот натижасида ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш, бандлик ва даромадлар олиш имкониятларини кенгайтириш соҳасида юксак натижаларга эришилганлигини алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, мазкур учтомонлама ижтимоий мулоқот меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг таъсирчан механизми сифатида эътироф этилди.

Биринчи ялпи мажлисдан сўнг конференция иши “Меҳнат соҳасидаги асоссолувчи ҳуқуқларни амалга ошириш мақсадида миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халваро меҳнат стандартларини илгари суриш”, “Қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояни кенгайтириш”, “Муносиб бандлик ва даромадлар олиш имкониятларини кенгайтириш”, “Муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар кафолотларини таъминлаш соҳасида жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик” мавзуларидаги 4 та секцияда давом эттирилди.

Ҳалқаро конференция доирасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Халқаро конференция эртага ўз ишини давом эттиради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати