[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.05.2015. 21 май куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан амалга оширган ишлар тўғрисида” мавзуига бағишланган Матбуот конференцияси ўтказилди

Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳеч бир мамлакатда бўлмаган ёндошув асосида инсон омилига, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 1997 йилдан буён амалиётга татбиқ қилинаётган ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари натижаси барчанинг эътиборини тортмоқда. Бошқа мамлакатлар Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқда.

2015 йилнинг Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилингани ва мазкур йўналишда Давлат дастури қабул қилингани мамлакатимизда кекса авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги ишларни янада юксак босқичга олиб чиқди. Жумладан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш ҳамда улар ҳаёти мазмуни ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини мантиқий ва изчил давом эттириш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш белгиланди.

6 та бўлим, 66 та банддан иборат бўлган мазкур Давлат дастуридаги 12 та банднинг ижросида касаба уюшмалари Федерацияси масъул этиб белгиланган. Хусусан, Давлат дастурининг биринчи йўналишида:

Кексаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш ҳамда улар ҳаёти мазмуни ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш мақсадида жорий йилда бир қатор Қонунлар лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасининг “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015-2020 йиллар мобайнида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси тайёрланиши жараёнида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тегишли таклифлар билан иштирок этмоқда. Шунингдек, амалдаги ва янги қабул қилинган Қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва бу борада турли семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этишда ҳам фаол иштирок этилмоқда. Бундан ташқари Касаба уюшмаларининг “Ишонч телефон”лари орқали кекса ёшдаги фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 4 ойи давомида 100 нафарга яқин кекса инсонларга шу турдаги хизматлар кўрсатилди.

Давлат дастурининг иккинчи йўналишида:

Кексаларни, энг аввало, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда ёлғиз қариялар ва ногиронларга қўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, «Нуроний» жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёсини ошириш вазифалари белгиланган. Мазкур йўналишда касаба уюшмалари томонидан ҳами тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига бир марталик манзилли моддий ёрдам кўрсатиш, уларни маиший техника билан бепул таъминлаш, зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий кўмак кўрсатиш каби  тадбирлар шулар жумласидандир.

Хусусан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари фахрийларга” акцияси эълон қилиниб, унинг доирасида Пенсия жамғармаси, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати тизимидаги 2990 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бирига 300 минг сўмдан бир марталик пул мукофотлари топширилди (жами 897,0 млн.сўм).

23 минг нафар ёлғиз кексаларга:  озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, уй-жойини таъмирлаш, коммунал хизматларга ҳақ тўлаш кўринишларида ижтимоий кўмак кўрсатиш режалаштирилган бўлиб, бугунгача 8 минг нафардан ортиқ шу тоифадаги кексаларга жами 615 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди.

Наврўз ҳамда Хотира ва қадрлаш куни байрамлари муносабати билан: республикамизнинг барча ҳудудларидаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиш билан бир қаторда, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, қарийб 55 млн. сўмлик моддий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди. Йил давомида мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

Давлат дастурининг учинчи йўналишида:

Фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, уларни тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, кўриш ва эшитиш органлари, таянч харакат тизими ва юрак-кон-томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, уларни реабилитация воситалари билан имтиёзли таъминлаш, кекса инсонларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий техник базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат дастурига мувофиқ жорий йилда 21 минг 98 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштириладиган 37 та санаторий рўйхати тасдиқланган бўлиб, уларнинг 15 тасини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар ташкил этади. Касаба уюшмалари тизимидаги барча санаторийларда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини давлат бюджети ҳисобидан сифатли ва самарали соғломлаштириш учун барча зарур шарт-шароитлар, қўшимча қулайликлар яратилган. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги 15 та санаторийда қарийб 11 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, имкон қадар пастки қаватларда ва муолажа ўтказиладиган бўлимларга яқин жойларда “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари” ташкил этилди. Мазкур бўлимлар энг замонавий юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар, тибий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Фахрийлар учун ажратилган хоналар, санузеллар, ошхона ва муолажа хоналарида уларнинг жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча қулайликлар яратилиб, тегишли мосламалар ўрнатилди. Ҳар бир санаторийда фахрийларнинг тезкор ва навбатсиз қабул қилиниши таъминланмоқда. Тиббий кўрик натижаларига асосан уларга керакли дори-дармонлар, физиотерапия, уқалаш, парафин, сув муолажалари берилмоқда. Шунингдек, фахрийлар буюртмасига кўра уларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ҳолатини инобатга олган ҳолда соғломлаштурувчи минерал ва дармондориларга бой табиий маҳсулотлардан парҳезли таомлар тайёрлаб берилмоқда.

Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштириладиган 37 та санаторийда яратилган шарт-шароитлар ва сифатли хизмат кўрсатиш Касаба уюшмалари Федерацияси қошида ташкил этилган идоралараро Республика ишчи гуруҳи томонидан доимий назоратга олинган. 15 май ҳолатига кўра санаторийларда жами 2 минг 33 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштирилди. Бундан ташқари касаба уюшма санаторийлари атрофида жойлашган маҳаллаларда яшовчи ёши улуғ инсонлар ва нуронийларни ҳар томонлама тиббий ташхисдан ўтказиш, соғломлаштириш муолажаларини амбулатор шароитда ўтказиш  ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бугунгача республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган шу тоифадаги инсонларни санаторийларда амбулатор даволаш учун 10 млн. 500 минг сўм маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан:

6 минг нафар ишлайдиган пенсионерлар, меҳнат фахрийлари, ишламайдиган пенсионерларни бепул ва имтиёзли соғломлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача тизимдаги санаторийларда касаба уюшмалари томонидан қарийб  2 минг нафар шу тоифадаги кексалар бепул ва имтиёзли асосда соғломлаштирилди. Ушбу мақсадларга жами 1 миллиард 600 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан, жами 420 нафар кексалар ва жисмоний имконияти чекланган  инсонларни 300 миллион сўмлик ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари, хусусан, ногиронлик аравачалари билан бепул таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат дастурининг тўртинчи йўналишда:

Мамлакатимизнинг ҳарбий, иқтисодий, маданий-маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик-осойишталик ва барқарорлик кайфиятини шакллантириш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакиллари ҳурматини жойига қўйиш, ўғил-қизларни ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Худди шу мақсадларда касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари орқали 29 минг нафар пенсия ёшидаги инсонларни пенсияга чиқиши ҳамда юбилей саналари муносабати билан моддий ва маънавий рағбатлантириш, 55 минг нафар ишламайдиган пенсионерларни илгари ўзлари меҳнат қилган корхона ва ташкилотлар орқали моддий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан жами 13 млрд. маблағ сарфланиши режалаштирилган. Бугунгача жамоа шартномалари орқали қарийб 19 минг нафар пенсия ва юбилей ёшидаги меҳнаткашларга 5 миллиард сўмликдан зиёд қимматбаҳо совғалар топширилиб, моддий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, барча ҳудудлардаги меҳнат жамоаларида:

Ёш авлоднинг маънавий ва аҳлоқий тарбиясига кўмаклашиш, уларда миллий ғурур ва ўзини англаш ҳиссини шакллантириш мақсадида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида “Сиз доим эъзоздасиз”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Кексаларни ардоқлаган юрт”, “Фахрийлар – фахримиз” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда.  “Касбим – фахрим” номли тадбирлар ташкил этилиб, меҳнат фахрийларининг ёшлар билан учрашувларини ўтказиб бориш йўлга қўйилган.

Яна бир муҳим жиҳат – корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари қошида “Фахрийлар кенгаши” ташкил этилиб, кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларни керакли маҳсулотлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш, бой ҳаётий тажрибалари орали ёшларни шукроналик руҳида тарбиялаш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлат дастурининг бешинчи йўналишида:

Ҳар бир инсонга атрофлича эътибор қаратиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кучайтириш, самарасини ошириш, кексалар ҳаёт кечириши ва ҳордиқ чиқаришини ташкил этишни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш тадбирлари белгиланган.

Бу борада касаба уюшмалари томонидан:

Дастур доирасида 560 нафар кекса фахрийларнинг театр, концерт ва бошка маданий тадбирларга ташрифини ташкил этиш белгилангани ҳолда, Наврўз ҳамда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамлари арафасида 1400 нафарга яқин кексалар шундай тадбирларга жалб этилди. 

Шунингдек, меҳнат жамоаларида:

ўтказилаётган “Маънавият соатлари”да “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг мақсад ва моҳияти кенг тарғиб этилмоқда. Фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида ўтказилган “Касаба-Тур” веломарафонининг барча босқичларида 300 нафардан ортиқ меҳнат фахрийлари ва ёши улуғ инсонларнинг иштироки таъминланди. Корхона, ташкилот ва муассасалардаги, санаторийлар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги “Маънавият ва маърифат хоналари” “Кексаларни эъзозлаб, дуосини олайлик” номли қўлланмалар, “Кексалар – ҳаётимизнинг файзу фариштаси” туркумидаги плакатлар билан таъминланди.

Давлат дастурининг олтинчи йўналишида:

Касаба уюшмалари томонидан 1000 нафар кексаларнинг республикамизнинг тарихий шаҳарларига ва диққатга сазовор жойларига саёҳатларини ташкил қилиш режалаштирилган. Бугунгача 935 нафар отахон ва онахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шахрисабз, Тошкент шаҳарларининг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди. Ушбу мақсадларга 130 млн. 200 минг сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, «Кексалар дуосини олайлик» акцияси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ёлғиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар яшаётган оилалардан 2 минг нафарига 1 млрд. 500 млн. сўмлик электр-маиший техника товарларини бепул бериш режалаштирилган.

Давлат дастури тадбирлари ижроси учун бугунги кунгача касаба уюшмалари томонидан 16 млрд. 300 минг сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Сирасини айтганда, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури сўзсиз  аҳолининг турмуш даражаси ва ҳаёти сифатини оширишда улкан ижтимоий аҳамият касб этмоқда.   

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати