13.07.2015. Яккабоғдаги “Саховат” кексалар ва ногиронлар уйида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Муассаса ҳовлисидаги мевали ва манзарали дарахтлар, тартиб билан экилган гуллар киши кўнглига ҳузур бағишлайди.
— “Саховат” уйида 100 нафар кекса ва ногирон истиқомат қилмоқда, — деди муассаса директори Рўзиқул Хўжаев. — Яқинда улар тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича стационар ва амбулатория шароитида муолажа олмоқда.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан масканга 3 миллион 750 минг сўмлик чойшаблар совға қилинди. Бундан ташқари, “Оқтош келажаги”, “Буюк Турон чинори”, “Кумуш қиш файзи”, “Бурҳонбой” корхоналари томонидан ҳомийлик кўмаги кўрсатилаётир. Иккита иссиқхонамиз бор. Унда помидор, бодринг, лимон ва ҳар хил кўкатлар етиштирилмоқда. Боғ оралиғида полиз экинлари парваришланаётир.
“Саховат” уйида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида замонавий диагностик ва физиотерапевтик асбоблар харид қилинди.
Яшовчилар ўртасида стол тенниси, шахмат-шашка мусобақалари ташкил этилаётир.