28.07.2015. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқаро меҳнат ташкилотининг 138- ва 182-сонли конвенциялари бажарилишига оид йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг меҳнатга оид мажбуриятларининг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Абдуҳакимов, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т.Нарбаева ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икрамовнинг ахбороти эшитилди.
Тадбирда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни ҳамда бола меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлашга алоҳида этибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон нафақат қонун кучи билан зўраки ёки мажбурий меҳнатни тақиқлади, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2008 йил 27 мартдаги 365-сонли қарори билан Халқаро меҳнат ташкилотининг 138-сонли “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги ҳамда 182-сонли “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенцияларини ратификация қилди ва шу соҳадаги Миллий ҳаракатлар дастурини изчил амалга оширмоқда.
Ҳукумат ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлигида вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича махсус комиссия тузилган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида Ўзбекистоннинг барча туманларида ташкил этилган Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциялари ва меҳнат муҳофазаси бўйича инспекциялар самарали ишлар олиб боришмоқда.
Болаларни оғир меҳнатга жалб қилинишига йўл қўймаслик борасида давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ХМТнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларини бажарилиши устидан назорат ва мониторинг ўтказишда фаол иштирок этиш билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат нормалари, меҳнат муҳофазаси ҳамда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари бўйича мақсадли ахборот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. 2013 йилдан бери Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси бошчилигида Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий мақсади давлат органлари, касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг болалар меҳнатининг оғир шаклларини бартараф қилишга қаратилган ҳаракатларини мувофиқлаштириб бориш, бу борадаги миллий сиёсат йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этишдан иборат.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ХМТ конвенцияларидан келиб чиқадиган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларини бажаришга йўналтирилган дастур ва ҳаракатларни ишлаб чиқишга ҳамда Миллий ҳаракатлар дастури ва унга киритилган чора-тадбирларни бугунги кун талабига мослаштиришга кўмаклашиб келинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига риоя этиш бўйича мансабдор шахслар, вазирлик, идоралар ходимлари, фермерлар учун ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Йиғилишда 2015 йилнинг 31 майидан 13 июнигача Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференцясининг 104-сессияси якунлари, унда қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги ахборот парламент аъзоларига етказилди. Жумалан, Кўмита аъзолари эътиборига конференцияда муҳокама қилинган кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш, муносиб ва маҳсулдор иш ўринларини яратиш, адолатли глобаллашувга эришиш мақсадида ижтимоий адолатни таъминлаш масалалари ҳамда норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш тўғрисидаги Тавсия батафсил тушунтириб берилди. Юқоридаги барча йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан мамлакатимизда изчил ва тизимли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати