[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.08.2015. Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда албатта, давлат корхоналарида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан бир қаторда нодавлат секторида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугун жамоа шартномалари ва келишувларидаги имтиёз ҳамда кафолатлардан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимлари, касаначилар ва оилавий тадбиркорликда банд бўлган опа-сингилларимиз ҳам фойдаланмоқдалар.

Қуйида касаначи аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси йўналишида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан бир қатор корхоналар мисолида танишишингиз мумкин.

“Фарғона нефтни кайта ишлаш заводи” УК

Ушбу корхонада 546 нафар касаначилар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 526 нафарини аёллар ташкил этади.

Касаначилар билан меҳнат шартномаси тузилиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилган.

Касаначи аёлларга корхонанинг жамоа шартномасида белгиланган барча имтиёзлар қўлланилади. Хусусан, улар учун 15 иш кунидан кам бўлмаган муддатдаги меҳнат таътили белгиланган. Ҳомиладор аёллар 5 ойлик муддатда ўртача ойлик иш хақи сақланган холда туғиш олди таътилига чиқарилади. Фарзанд туғилганда Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида суюнчи пули берилади.

Фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёлларга фарзанди 2 ёшга тўлгунга қадар республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида, фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар энг кам иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.

Касаначиларнинг фарзандларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар ажратилади, мактаб формаси ва ўқув қуроллари ҳарид қилишда моддий ёрдам кўрсатилади.

“Фарғонаазот” АЖ

“Фарғонаазот” АЖнинг 2015-2017 йилларга тузилган жамоа шартномасида аёллар учун касаначилик меҳнати жорий қилиниши белгилаб қўйилган. Касаначи аёллар асосан тикувчилик йўналишидаги фаолият билан шуғулланадилар.

Корхонанинг жамоа шартномасида ва бошқа локал ҳужжатларда барча ишчилар учун белгиланган имтиёзлардан касаначилар ҳам фойдаланадилар. Шунингдек, иш берувчи томонидан касаначилик билан шуғулланаётган аёлларга  зарур хом ашё ва материалларни уйга етказиб берилиши, тайёр маҳсулотларни ойида камида икки марта йиғиб кетилиши таъминланади.

Иш берувчи томонидан касаначиларга шахсий электр тикув машинасидан фойдаланганлиги учун сарфланган барча ҳаражатлар, хусусан электр энергия тўлови, эҳтиёт қисмлар ҳаражатлари қоплаб берилиши билан бирга зарурий услубий кўрсатмалар берилади.

Шунингдек касаначи аёлларга 2 ёшгача бола парвариши таътилига чиқишлари муносабати билан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

“Навоийазот” АЖ

Мазкур корхонада 377 нафар касаначи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 375 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар асосан тикувчилик ва тўқувчилик билан шуғулланадилар.

Корхонанинг 2013-2015 йиллар учун тузилган жамоа шартномасига:

  • корхона тизимидаги уй меҳнати билан шуғулланувчилар ишини самарали ташкил этиш;
  • зарур электр жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш;
  • иш қуроллари, материал ва ярим тайёр маҳсулотлар билан таъминлаш;
  • касаначиларни техника ҳавфсизлигига ўқитиш;
  • 2 ва ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди бўлган ёки 16 ёшгача ногирон фарзанди бўлган аёлларнинг меҳнат таътилига ҳақ тўланадиган қўшимча 3 кун қўшиб бериш;
  • 4 ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандни тарбиялаётган оналар аризаларига кўра 1 йилда 1 марта моддий ёрдам кўрсатиш;
  • ҳақ тўланадиган туғишгача ва туғишдан кейинги таътил бериш масалаларини ўз ичига олган алоҳида бандлар киритилган.

Жорий йилда корхонада 545 ишловчи аёллар санаторий-профилакторийда соғломлаштирилган бўлса, уларнинг 42 нафарини касаначи аёллар ташкил этади. Шунингдек, уй меҳнати билан шуғулланувчи аёлларнинг 20 нафар фарзандларининг “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олдирилиши таъминланди.

«Аммофос-Максам» АЖ

Бугунги кунда “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятида фаолият кўрсатаётган 136 нафар касаначидан 102 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг тикувчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва боғдорчилик билан шуғулланадилар.

Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси корхонада касаначилик иш ўринларини ташкил этиш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратган. Бунинг учун иш берувчи касаначилар билан меҳнат шартномаси тузади. Унда уй меҳнати билан шуғулланаётган ходимнинг уй ва иш манзили, меҳнат вазифалари, иш вақтининг бошланиши, иш ҳақи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган бошқа меҳнат шароитлари акс этган.

Корхона билан меҳнат шартномаси тузган касаначи меҳнатда банд аҳоли тоифасига киритади ва унга меҳнат дафтарчаси берилади.

Касаначилар корхонанинг жамоа шартномасида ишчи-ходимлар учун белгиланган имтиёз ва кафолатлардан тўлиғича фойдаланадилар.

Жорий йилда 3 нафар касаначи аёлга саломатлигини мустаҳкамлаш учун санаторийга имтиёзли йўлланма тақдим этилди. 8 март, “Кимёгарлар куни” касб байрамлари муносабати билан корхона хотин-қизларига, шу жумладан касаначи аёлларга эҳтиёждан келиб чиққан холда совғалар ва моддий ёрдам берилди.