25.08.2015. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 23-25 август кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони мутасаддилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, ўз инновацион ғоя ва ишланмаларини илгари суриб келаётган энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассислар иштирок этдилар.
Форумда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 1991 йил ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни тўла шакллантирди. Натижада ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалар билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари ҳам мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бугун Ўзбекистонда бошқа мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш – ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришиш имконини бермоқда. Хусусан, республикамизда энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари томонидан ҳам ўқувчи ва талабаларни, корхона, ташкилот ва муасасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда учинчи маротаба ўтказилаётган “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми ҳам айни шу мақсадларга қаратилгандир.
Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 6 миллиондан зиёд касаба уюшма аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини талаба ва ўқувчилар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини тўлақонли таъминлашда Ўзбекистон Респуцбликаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувларга, шунингдек, корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган алоҳида меъёрлар ва қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар киритилгани айни муддао бўлмоқда. Натижада, жамоа шартномалари орқали бугун ёш мутахассислар ва ходимларга уй-жой қурилиши ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилмоқда. Талабалар учун контракт пулларини қоплаб бериш, ёшларни корхонада етарли тажриба ва обрўга эга бўлган ишчи-ходимларга бириктириш, ёш мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшма стипендияси билан таъминлаш каби қўшимча имтиёзлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда нодавлат секторида ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир. Шу мақсадларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари касаба уюшмаларига жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган ходимлар, шу жумладан ёшларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан таъминланиши борасида касаба уюшмалари томонидан доимий мониторинг йўлга қўйилган бўлиб, корхона ва ташкилотларда битирувчиларнинг иш жойларидаги қўнимлилиги борасида жамолат назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, коллеж ўқувчиларига дарсларга қатнашларида енгиллик яратиш мақсадида ҳудудларда қўшимча равишда янги автобуслар қатнови йўлга қўйилиб, ўқувчилар учун имтиёзли нархлар белгиланишига кўмаклашилди. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида коллежни битириб, ўз ишини очиш, кичик ва хусусий корхоналар ташкил этиш ҳоҳишини билдирган ёшларга зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатувчи “Услубий марказ”лар ташкил этилиб, улар томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йирик ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш мавсадида янги иш ўринлари ташкил этилишига эришилди. Хусусан, 2014 йилда ёшлар учун Навоий, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида янги иш ўринлари яратилиб, уларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди. Наманган вилоятининг чекка туманларида тикувчилик цехи, сартарошхона, қандолатчилик цехлари ташкил этиш орқали ҳудуддаги бир қатор битирувчилар иш билан таъминланди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Ёшлар кенгаши томонидан “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйларида “Мурувват ҳамда Меҳрибонлик уйлари – касаба уюшмалари эътиборида” акцияси анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида 4 минг нафарга яқин болалар ҳолидан хабар олиниб, пойтахт туманларида 4 та болалар спорт майдончалари ташкил этилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми ҳам ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиш, бу орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида ёш мутахассислар фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга қаратилгандир.
Бу йилги Форум аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилди. Мазкур Форумда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар, олим ва тадқиқотчилар иштирок этдилар. Форум доирасида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилиб, унинг қуйи босқичларида 16 та номинация бўйича 5 минг нафардан ортиқ ёш мутахассис қатнашди. Танловнинг Республика-тармоқ босқичига эса 210 нафардан ортиқ ёш мутахассислар йўлланма олиб, улар орасидан 48 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди. 16 та номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ёш мутахассислар «Ёш мутахассислар» III республика Форумида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди. Мазкур Форум ва унинг доирасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассисларнинг янги инновацион ғоя ва ишланмалари ҳамда илмий кашфиётлари муносиб рағбатлантирилиб, амалиётга татбиқ этилишига кўмаклашилди.
“Ёш мутахассислар” III Республика Форуми аввалида ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш масалалари юзасидан давра суҳбати ташкил этилди. Шундан сўнг Форум иштирокчилари ёш мутахассислар фаолиятига оид кўргазма билан танишдилар.
Форумнинг расмий очилиш маросими «Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсати» ролиги намойиши билан бошланди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик орқали ёшларнинг иш билан таъминланиши тўғрисида маърузалар тингланди.
Куннинг иккинчи ярмида 4 гуруҳга бўлинган ёш мутахассислар ижтимоий-меҳнат муносабатлари, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, малака ошириш, раҳбарлик маҳорати, нутқ маданияти каби йўналишлардаги секция машғулотларига жалб этилди.
Анжуман давомида ёш мутахассисларнинг ишланма ва инновацион ғоялари тақдимоти ўтказилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Форумнинг иккинчи кунига маданий тадбир якун ясади.
Форумнинг 3-куни иштирокчиларнинг «Мустақиллик ва эзгулик монументи» пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг махсус тайёрланган дастур асосида Даблдеккер автобусларида ёш мутахассисларнинг Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳатлари уюштирилди.
Пойтахтимиздаги «Камолот» ёшлар ижод саройида ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросими «Ёш мутахассислар» III республика Форумига якун ясади. Тантанали тадбирда энг фаол ва республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшувчи лойиҳа ва ишланмаларга эга бўлган ёш мутахассислардан 3 нафарига Касаба уюшмалари Федерацияси грантлари топширилди. Хусусан, танлов ғолибларидан 1 нафари 5 млн. сўмлик грантга, 2 нафари ҳорижда бир ҳафталик малака ошириш йўлланмасига сазовор бўлди. Бундан ташқари барча иштирокчилар ташкилотчиларнинг сертификат ва совғалари билан тақдирланди.
Анжуман якунида «Ёш мутахассислар» III республика Форуми Резолюцияси қабул қилинди.
Қўшимча маълумот
2014 йилда “Ёш мутахассислар” Форуми доирасида Касаба уюшмалари Федерациясининг махсус Грантини қўлга киритган Тошкент ахборот технологиялари университети ассистенти Саида Бекназарова мазкур грант ёрдамида “MEDIAEDU.UZ медиатаълим тизимининг моделлари, алгоритмлари ва дастурий комплексини яратиш” лойҳасини амалга оширишга эришди.
Яна бир грант соҳиби, “Энг фаол ёш олим” номинациясида ғолиб бўлган Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти катта илмий ходими Ойбек Абдулхаев ўз илмий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳозирда кремний кристалларини термоградиентли тоблаш имконини берувчи қурилмани яратишга муваффақ бўлди.
2014 йилги танловнинг “Энг фаол ёш коммунал соҳа мутахассиси” номинациясида ғолиб бўлиб, касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳорижда малака ошириш йўлланмаси билан тақдирланган “Сувсоз” Давлат унитар корхонаси етакчи мухандиси Жамшид Зокиров Молдова давлатида ташкил этилган “Ҳозирги кун шароитида меҳнат муносабатларини тартибга солиш” мавзуидаги ўқув курсида малака ошириб қайтди. Ҳозирда у хитойлик ҳамкорлар билан бирга Тошкент шаҳар “Сув оқава” тизимларини модернизация қилишда электродвигателлар микропроцесси ҳимояси билан шуғулланмоқда.
“Энг фаол ёш тадбиркор” номинацияси ғолиби – паррандачилик мини-фабрикалари учун жуда зарур бўлган ҳамда қўл меҳнатини бир неча баробарга енгиллаштирувчи “Орзу-1”, “Орзу-2” ускуналарини яратган Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги “Шухрат-Машсервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Шерзод Раҳмонов эса бугунги кунда қўшимча равишда парранда хоналарини янги турдаги совитиш ва иситиш “Универсал ускуна”ларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳозирда у “Хамро Рахмон чорва” фермер хўжалигида 15 сотихли ерда иссиқхона барпо этиб, янги иш ўринлари яратмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати