[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.09.2015. Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерациясиининг иштироки” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 1991 йил ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни тўла шакллантирди.

Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари ҳам мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бугун Ўзбекистонда бошқа мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш – ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришиш имконини бермоқда. Хусусан, республикамизда энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари томонидан ўқувчи ва талабаларнинг, корхона, ташкилот ва муасасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш

Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 6 миллиондан зиёд касаба уюшма аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар, шунингдек, талаба ва ўқувчилар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилган. Натижада бугунги кунда жамоа шартномалари орқали:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, шунингдек касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларига меҳнат муносабатлари соҳасида қўшимча имтиёзлар ўрнатиш;

уй-жой қурилиши, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, сафарбарлик чақируви захирасида хизмат ўташга ҳақ тўлаш учун ёш ходимларга фоизсиз ссудалар бериш;

талабалар учун корхоналар томонидан контракт пулларини қоплаш;

ёшларни корхонада етарли тажриба ва обрўга эга бўлган малакали ходимларга бириктириш;

ёшларнинг касбий малакасини ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни масъулиятли лавозимларга тайинлаш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини ва иш жойларида қўнимлилигини алоҳида назоратга олиш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ушбу имтиёз ва кафолатлардан ёшларнинг тўлақонли фойдаланиши бўйича мунтазам равишда мониторинг олиб борилмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида жамоа шартномалари орқали 1 минг 774 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек уй-жой қурилиши учун 33 млрд. 1,9 млн. сўмлик фоизсиз ссуда берилган. 721 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 млрд. 795,7 млн. сўм миқдоридаги фоизсиз ссудалар берилган. 755 та корхонада 7 минг 129 нафар ёш ходимларни бошқа касбга ўргатиш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилган. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1 минг 217 нафар талабанинг тўлов-контракт пулини қисман қоплаш учун 3 млрд. 166 млн. сўм сарфланган.

Ижтимоий йўналтирилган давлат дастурлари доирасида ёш мутахассислар, уларнинг оилалари ижтимоий ҳимоячини кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари касаба уюшмаларининг амалий кўмагида касб-ҳунар коллежларига чекка қишлоқларда яшовчи ўқувчиларни олиб келиш ва олиб кетиш учун автобуслар қатновини кўпайтириш, уларга йўлкира тўловлари бўйича имтиёзлар бериш борасида самарали натижаларга эришилди. Хусусан, Касаба уюшмалари таклифлари асосида жойларда қўшимча равишда янги автобуслар қатнови йўлга қўйилиб, ўқувчилар учун имтиёзли нархлар белгиланишига эришилди.

Бугунги кунда нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотлани касаба ушмаларига жалб этиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ёшлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир. Шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, уларда жамоа шартномаларини тузиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Касаба уюшмаларининг Ёшлар кенгаши

Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, маънавиятини юксалтириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ёшлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари қошида эса Ёшлар билан ишлаш тузилмалари ташкил этилди. Касаба уюшмаларининг Ёшлар кенгашлари:

  • ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • касаба уюшмалари органларида ёшлар вакиллигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • ёшларнинг ўқиш, меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, уй-жой билан таъминланиш, дам олиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини кенгайтириш;
  • ёшларни ватанпарварлик ва миллий ғоя руҳида тарбиялашга, ёшлар орасида маънавий-маърифий ва маданий-спорт ишларини ўтказишга кўмаклашиш;
  • ёшлар салоҳияти рўйёбга чиқишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ўзаро бирлашишига ёрдам бериш йўнилишларида иш олиб бормоқда.

Ёшларнинг ҳуқуқий ҳимояси

Ёшларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш, шу мақсадда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштирилишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришдаги асосий вазифалари юзасидан Услубий кўрсатма тасдиқланди. Услубий кўрсатмага асосан коллежларга корхона ва ташкилотларнинг малакали мутахассисларини бириктириш, биринчи бор ишга кирган битирувчиларга ишга қабул қилиш имтиёзлари, меҳнат шартномасини расмийлаштириш ҳамда меҳнат шартномаси муддатлари билан боғлиқ масалаларда тушунчалар бериш, бўш иш ўринлари ярмаркалари самарасини оширишга кўмаклашиш, битирувчилар учун меҳнат қонунчилигидаги имтиёзлар қўлланилиши, муносиб меҳнат шароити яратилиши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, битирувчиларнинг бандлигини, иш ўринларида қўнимлилигини таъминлашда қуйи ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб бориш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасига асосан касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари уч йил ичида биринчи бор ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 2471-моддасига асосан уч йил ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилар билан меҳнат шартномаси уч йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганида меҳнат органларига хабар берилади. Бугунги кунда касаба уюшмалари ёшларга тааллуқли ушбу ҳуқуқларнинг амалда тўлақонли таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бормоқда.

Яна бир муҳим жиҳат – бугунги кунда Жамоа шартномаларининг қарийб 94 фоизига меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш фақатгина Касаба уюшма қўмитасининг розилигини олгач амалга оширилиши талаби киритилишига эришилди. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан корхона ва ташкилотларда битирувчиларнинг иш жойларида қўнимлилиги бўйича мониторинг олиб борилмоқда. Бу орқали битирувчиларнинг ўз иш жойларида муқим ишлаб кетишлари учун имконият ва шароитлар янада кенгайди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш

Ёшларга ўз бизнесларини йўлга қўйиш борасида касаба уюшмаларининг “Ишонч телефонлари” ва Ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали бепул маслҳатлар бериш тизими йўлга қўйилган. Ҳудудий касаба уюшмаларида эса ёшларга янги корхоналарни ташкил этишда бепул ташкилий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи “Услубий марказ”лар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмаларининг веб-сайтларида ҳудуддаги вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар бериб борилмоқда.

Ёш мутахассисларнинг ўз ишини амалда пухта эгаллаши ва иш жойларидаги қўнимлилигини таъминлаш мақсадида “Устоз-шогирд” анъаналари қўллаб-қувватланиб, моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Меҳнат бозорида рақобат қила олмайдиган шахслар, шу жумладан, ёшларни ишга жойлаштириш учун квоталаштирилган иш ўринларини яратиш, битирувчи талабаларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, Асакадаги “GM Uzbekiston” қўшма корхонаси ва “Сувсоз” давлат унитар корхоналари маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг ижобий тажрибасини таъкидлаш зарур.

Бундан ташқари жойларда касаба уюшмалари ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда аҳолига сервиc ва пуллик хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил этилиб, ёшлар учун 192 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, Наманган вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 1 тадан маҳалла танланиб сартарошхона, гўзаллик салони, чеварчилик, паззандачилик, компьютер хизмати, қандолатчилик, нонвойчилик, косибчилик, нон ишлаб чиқариш, эшик ва ром ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳасида сервис хизматини ташкил этиш корхоналари ташкил этилди. Бу орқали 42 та янги иш ўрни яратилиб, 28 нафар ёшлар, шундан 14 нафар коллеж битирувчилари доимий иш билан таъминланди ва уларга меҳнат дафтарчалари очилди. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида касаба уюшмалари таъсисчилигида кичик цехлар, аҳоли томарқаларига кимёвий ишлов бериш, аҳоли хонадонларидаги уй ҳайвонларига зооветеренария хизмати кўрсатиш ҳамда кичик қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланувчи “Ургут ёшлари сервис” шўъба корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Корхонага ишга олинган 15 нафар ёшлар махсус кийим бош билан таъминланди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Пайариқ туман кенгаши қошида “Пайариқ умидли келажак ёшлари” унитар корхонаси ташкил этилиб, 14 та янги иш ўрни яратилди ва коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминланди.

Ёшлар меҳнати муҳофазаси

Ишга қабул қилинган ёшлар биринчи навбатда касаба уюшмалари томонидан меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидалари бўйича махсус йўриқномадан ўтказилиши таъминланмоқда. Шунингдек, уларга малакали мутахассислар бириктирилиши, меҳнат муҳофазаси бўйича профилактика масалаларининг тўлақонли амалга оширилиши доимий диққат марказидадир. Хусусан, иш ўринларида хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратилиши, иш ўринларининг хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бериши таъминланмоқда. Ёш мутахассислар белгиланган тартибда махсус кийим-бош ва пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари ва профилактика озиқ-овқатлари билан таъминлаб келинмоқда.

Тармоқ касаба уюшмалари томонидан корхона ва ташкилотларда ёшлар учун  муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилган. Бунда коллеж ўқувчиларининг амалиёт даврида иш вақти ва дам олиш вақтига қатъий риоя этилиши, ноқулай меҳнат шароитидаги ишларда коллеж битирувчиларининг амалиёт ўташларига йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёшларнинг инновацион ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ёш мутахассислар Республика Форуми ўтказиб келинмоқда. Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур Форумда 2013 йилда 10 дан зиёд йўналишларда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган 100 нафарга яқин ёш мутахассис иштирок этган бўлса, 2014 йилда уларнинг қамрови 16 минг нафардан ортиқни ташкил этди. Форум доирасида 20 дан ортиқ номинациялар бўйича “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловини ўтказиш анъанага айланди.

Бу йилги Форум аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилди. Танловнинг Республика-тармоқ босқичига 210 нафардан ортиқ ёш мутахассислар йўлланма олиб, улар орасидан 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган 48 нафар ёш мутахассис Ёш мутахассислар      III республика Форумида иштирок этди. Форум доирасида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассисларнинг янги инновацион ғоя ва ишланмалари ҳамда илмий кашфиётлари муносиб рағбатлантирилиб, амалиётга татбиқ этилишига кўмаклашилди. Энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассисларни тантанали тақдирлаш маросимида республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшувчи лойиҳа ва ишланмаларга эга бўлган ёш мутахассислардан 3 нафарига Касаба уюшмалари Федерацияси грантлари топширилди. Хусусан, танлов ғолибларидан 1 нафари  5 млн. сўмлик  грантга, 2 нафари ҳорижда бир ҳафталик малака ошириш йўлланмасига сазовор бўлди.

Касаба уюшмалари Федерацияси грантлари ёш мутахассислар лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва инновацион ғояларини янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани қувонарлидир. Хусусан, 2014 йилда “Ёш мутахассислар” Форуми  доирасида Касаба уюшмалари Федерациясининг махсус Грантини қўлга киритган Тошкент ахборот технологиялари университети ассистенти Саида Бекназарова мазкур грант ёрдамида “Медиатаълим тизимининг моделлари, алгоритмлари ва дастурий комплексини яратиш” лойҳасини амалга оширишга эришди. Яна бир грант соҳиби, “Энг фаол ёш олим” номинациясида ғолиб бўлган Фанлар академиясининг Физика-техника институти катта илмий ходими Ойбек Абдулхаев кремний кристалларини термоградиентли тоблаш имконини берувчи қурилмани яратишга муваффақ бўлди.

Касаба уюшма стипендиялари

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга касаба уюшма стипендияси таъсис этилган. Хусусан, 2012-2013 йилларда 797 нафар кам таъминланган иқтидорли талабаларга касаба уюшмаларининг 319 млн. 380 минг сўмлик стипендияси топширилди. 2014 йилда 200 нафар талабага Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 115 млн. 326 минг сўм маблағ стипендия сифатида топширилди. 2015 йилда эса “Касаба уюшмалари – талабаларга” акцияси доирасида олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг 300 нафар ижтимоий ҳимояталаб ва иқтидорли талаба-ўқувчиларига касаба уюшмалари стипендияси ажратилиб, Мустақиллик байрами арафасида номзодларга 213 млн. 120 минг сўм миқдоридаги стипендия топширилди.

Ёшларни соғломлаштириш

Ҳар йили касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 100 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилади. Мазкур санаторийларда ёшларимизнинг дам олиши ва соғломлаштирилишига ҳам катта аҳамият қаратилади. Хусусан, 2013-2014 йиллар ҳамда жорий йилнинг 8 ойи давомида тизимдаги санаторийларда 30 минг нафарга яқин ёшлар дам олиб, саломатликларини тикладилар.

Тизимдаги санаторийлардан “Умид гулшани” санаторийси ёш оилаларни соғломлаштириш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга ихтисослашган бўлиб, тегишли мутахассислар томонидан бепуштлик ва онкологик касалликларни илк жараёнда аниқлаш ва муолажалар олиб борилмоқда.

Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этиб келинмоқда. Ушбу оромгоҳда 2013 йилда 522 нафар, 2013-2015 йиллар давомида Республика миқёсида “Билимлар беллашувлари”да ғолиб бўлган 1050 нафарга яқин иқтидорли ўқувчилар касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул соғломлаштирилди.

Ёшлар ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган акциялар

Ҳар йили анъанавий равишда касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамиз ҳудудлари бўйлаб “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ташкил этиб келинмоқда. Акция қамрови кенг кўламли бўлиб, унинг доирасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаси, SOS – Болалар маҳаллалари тарбияланувчилари, ота-онасиз ва жисмоний имконияти чекланган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун маданият ва истироҳат боғлари, театр, цирк, музей, тарихий обидалар ва хайрия концертларига бепул ташрифлар ташкил этилади. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига турли байрамларда совғалар, ўқув қуроллари, спорт жиҳозлари, китоблар, болалар оромгоҳларига бепул йўлланмалар берилиб, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатларига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилади.

Илк бор мактабга чиқаётган 1-синф ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ҳар йили сентябр ойида Республика бўйича чекка туманлардаги қишлоқ мактабларининг 12 минг нафарга яқин 1-синф ўқувчиларига Федерация Кенгаши томонидан санитария-гигиеник воситалар тўмлами топширилади.

Жорий йилда жамоа шартномалари орқали 53 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз, 3 минг нафардан зиёд Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, жисмоний имконияти чекланган болалар оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди. Шунингдек, “Саховат ва Мурувват” уйлари – касаба уюшмалари эътиборида” акцияси ўтказилиб, ҳудудлардаги Саховат кексалар ва ногиронлар, Мурувват ногиронлар интернат уйлари ободонлаштирилди, у ерда яшовчи инсонлар ҳолидан хабар олиниб, ҳар бир масканга биттадан маиший техника жиҳози ҳадя этилди. Шунингдек, пойтахтимиз туманларида 4 та болалар спорт майдончалари ташкил этилди.

Маданий-маърифий ва спорт ишлари

Меҳнат жамоаларида ҳар ойда ташкил этилаётган “Маънавият соатлари”да иштирок этаётган 4 млн. 200 минг нафарга яқин ходимнинг 50 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ушбу тадбирлар орқали меҳнаткашлар, айниқса ёшлар онгига мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мустақиллик берган имкониятлар етказилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш мақсадида меҳнат жамоаларида Ходимлар гимнастикаси жорий этилган. Жорий йилда Касаба уюшмалари Федерация тавсияларига асосан 31 минг 294 та корхона, ташкилот ва муассасадаги 5 млн. нафарга яқин ходим ўртасида соғломлаштириш машқлари ташкил этилиб келинмоқда.

Ҳар йили меҳнат жамоалари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида анъанавий равишда “Касаба тур” веломарафони, “Спорт – саломатлик гарови” спартакиадаси, “Соғлом оила” республика оилавий спорт мусобақалари, спортнинг мини футбол тури бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги учун республика мусобақаси ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда “Касаба тур” веломарафонида иштирок этган 430 минг нафар ходимнинг қарийб 70 фоизини ёшлар ташкил этди.

Сирасини аётганда спорт тадбирларида 4,5 млн. нафардан зиёд ёшлар иштирок этмоқдалар.

 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати