[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.09.2015. Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг VII  конференцияси бўлиб ўтди. Унда 2010 йил июл ойидан 2015 йилнинг шу кунигача  бўлган фаолият сарҳисоб қилинди. Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш, аъзолар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, бандлик,  маънавий-маърифий, спорт, туризм, соғломлаштириш, аъзоликка жалб этиш масалаларида олиб борилган ишларга  тўхталиб ўтилди.

Конференцияда бирлашма кенгаши раисининг ўринбосари Ваҳобжон Ҳошимовнинг ўтган давр ҳисоботи юзасидан маърузаси тингланди.

Маърузада таъкидланганидек, бугун вилоятда бош келишув асосида битта ҳудудий, 13 та тармоқ келишуви, 11373 та жамоа шартномаси тузилган бўлиб, ушбу локал ҳужжатлар орқали 619 минг 187 нафар ходим манфаатлари ­ҳимояга олинган.

Вилоят бўйича 2010 йилда жамоа шартномалари шартларининг бажарилиши ҳисобига ҳар бир касаба уюшма аъзосига тўғри келадиган манфаатдорлик даражаси 197 минг сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йил якунига кўра 1 млн. 445 минг сўмга етди. Бу, айни вақтда, иш берувчиларнинг ўз ходимларига ғам­хўрлик ва эътиборининг ортиб бораётганидан далолатдир.

Ўтган давр мобайнида касаба уюшма ташкилотлари томонидан Давлат дастурларини бажариш мақсадида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 22 минг 388 та корхона ва ташкилотда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларидан 105 мингдан зиёдига жами 29 млрд. 741 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш касаба уюшма ташкилотларининг доимий диққат марказида. Дастур бўйича вилоятда 1 минг 47 та корхона ва ташкилотда 10 минг 238 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Айниқса, коллеж битирувчиларига ғамхўрлик кучайтирилиб, 670 та корхона ва ташкилотда 1 минг 599 нафар йигит-қизнинг уч томонлама шартнома асосида иш жойларида қўнимлилиги ва уларга меҳнат қонунчилиги ҳамда жамоа шартномалари бўйича белгиланган имтиёзларнинг қўлланилиши ўрганилди ва аниқланган камчиликлар бўйича амалий ёрдамлар берилди.

Шунингдек, 655 нафар кекса пенсионерга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу мақсадлар  учун 25 млн. 776 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Фуқаролар мурожаатларига эътиборнинг кучайиши, “Ишонч телефони”нинг ташкил этилиши самараси ўлароқ, ташкилот ва аъзолар ўртасида ўзаро ишонч ортди. Бирлашма кенгашига ҳисобот даврида жами 1953 та арзнома келиб тушган бўлиб, уларнинг 518 таси ёзма, 1435 таси оғзаки мурожаатдир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг қарийб 54 фоизи моддий ёрдам ва сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратиш масалаларига оиддир.

Тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туман кенгашлари, Бирлашма кенгаши масъул ходимларининг жойларда аъзолик афзалликларини фаол тар­ғиб этиши натижасида, 2011 йилда 61 та ташкилотдаги 327 нафар ходим касаба уюшмасига жалб этилган бўлса, 2014 йилда 1382 та корхона ва ташкилотда ишлаётган 15 минг 637 нафар меҳнаткаш касаба уюшма ­ҳимоясига олинди.

Меҳнат муҳофазаси бўйича битим келишувларида 335 минг 574 та тадбир режалаштирилиб, бу тадбирлар ижроси учун жами 104 млн. 433 минг сўм маблағ сарфланди. Ишлаб чиқаришда жароҳат олган ходимлар ва боқувчисини йўқотган оила аъзоларига етказилган зарар иш берувчилар томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилишига оид меҳнат низоларининг 15 таси фуқаролик судларида кўриб чиқилиб, меҳнаткашлар фойдасига 641,7 минг сўм зарар тўловлари ундириб берилди.

Маърузада фаолиятдаги мавжуд камчиликлар ҳам тилга олиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.

Конференцияда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам эшитилди.

Кўрилган масалалар юзасидан музокараларда “ЎзДЭУ” тўқимачилик корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Гулнора Юсупова, Фарғона “Механика заводи” касаба уюшма қўмитаси раиси Аъзам Шамсиев, “Қува пахта тозалаш корхона”си касаба уюшма қўмитаси раиси Валижон Мамажонов, “Фарғонацемент” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Абдусамад Назрдинов, “Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи” касаба уюшма қўмитаси раиси Абдунаби Эргашев сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига Тўйчивой Саримсоқов номзоди бир овоздан маъқулланди.

Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ­раиси Танзила Нарбаева қатнашди ва сўзга чиқди.