07.10.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 октябрь — Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси экспертлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш, ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароити яратиш, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш йўналишларида тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Кейинги йилларда иш жойларида қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилиши аҳамияти, бундай шарт-шароитни таъминлашда иш берувчилар ижтимоий масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни чоғда Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида Муносиб меҳнат концепцияси доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Натижада фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Хусусан, Муносиб меҳнат концепциясига асосан, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва улар мурожаатлари юзасидан тезкор амалий чоралар кўриш ишлари амалга оширилаётир. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмаларига келган 5 минг 800 дан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилиб, шундан 5 мингдан ортиғи — 88,3 фоизи ижобий ҳал этилди. Ходимларнинг касбий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича иш берувчиларга киритилган 175 та тақдимноманинг 145 таси, судларга берилган 54 та даъво аризасининг 39 таси қаноатлантирилди. Пировардида эса 1105 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқлари тикланиши ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ундириб берилишига эришилди.
Меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилгани, шу мақсадда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида самарали ижтимоий мулоқот йўлга қўйилгани фуқароларнинг муносиб меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг квоталанган иш ўринларига қабул қилиниши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, вақтинча банд бўлмаган фуқароларни меҳнат ярмаркаларига жалб қилиш, касаначилик ўринларида меҳнат қилаётганларга нисбатан жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар татбиқ этилишига эришиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилда аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига кўра, янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторинги доирасида касаба уюшмалари томонидан жами 4 минг 316 корхона ва ташкилотда 28 минг 80 та иш ўрни ҳақиқатда яратилгани ўрганилди. Айни чоғда касаба уюшмалари ташаббуси билан кичик корхоналар, аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш орқали 192 та иш ўрни очилди.
Нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшма ташкилотларини тузиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлди. Жорий йилнинг ўтган даврида 23,5 мингга яқин хўжалик субъектлари — агрофирма, оилавий ва хусусий корхоналарда банд бўлган 100 мингдан зиёд ходимлар касаба уюшмаларига жалб қилиниб, улар ижтимоий ҳимояси таъминлангани бунинг мисолидир.
Мамлакатда ёшлар сиёсатини амалга ошириш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ҳам касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда, шунингдек, уларнинг меҳнат ва ижтимоий масалалар юзасидан билимларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномаси орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, дам олиши, соғломлаштирилишини ташкил этиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 150 минг нафардан ортиқ кишига қарийб 79,2 миллиард сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.
Давра суҳбатида мавзу билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мазкур йўналишлардаги ишларнинг барчаси мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг, шунингдек, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик самараси эканлиги ҳамда фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган давра суҳбатлари худда шу куни республикамизнинг барча худдуларида ўтказилди.