02.11.2015. Республика «Нуроний» жамғармаси Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Хатирчи туман кенгаши билан ҳамкорликда 84 нафар нуронийнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Бунда «Олтинсой» сиҳатгоҳининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида ташкил этилган саёҳат давомида бири-биридан мафтункор ва улуғвор бўлган Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи, шунингдек, истиқлол йилларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари барчада бир олам таассурот қолдирди.
Сафардан кўнгиллари шод бўлиб қайтган нуронийлар қўлларини дуога очиб, юртга тинчлик, элга фаровонлик, мароқли саёҳат уюштирган ташкилотчиларнинг хайрли ишларига омад тилашди.