[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.11.2015. Оҳангаронликлар нафақат сўлим масканлари, балки йирик-йирик корхоналари билан ҳам фахрланиб юришади. Водийда жойлашган «Янги Ангрен ИЭС» шулар жумласидан. Мазкур иншоот қурилиши 1979 йилда бошланган бўлиб, кейинчалик босқичма-босқич давом эттирилган. Айни вақтда корхона Тошкент шаҳри, Фарғона водийси, Олмалиқ ҳамда Ангрен саноат шаҳарларини, Тошкент вилояти халқ хўжалигини электр энергияси билан таъминлаб келаётир.

Асосий цехлар 1-, 2-қозон турбина, ёқилғи узатиш, электр, иссиқлик автоматика ва ўлчаш ҳамда марказий таъмирлаш цехларидан иборат. Кимё, мазут хўжалиги, металл лабораторияси, хўжалик хизмати гуруҳи, гидротехник иншоотлар ва иссиқлик механикаси ускуналарини синаш ва созлаш цехларида ҳам муайян вазифалар амалга оширилади. Станцияда 1963 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади.

— Касаба уюшма фаолларининг профессионал даражаларини юксалтириш, қўмита таркибига ёшларни жалб этиш, амалдаги жамоа шартномасини тармоқ шартномасига мослаштирган ҳолда  тўлақонли бажарилишини таъминлашга асосий эътиборни қаратаяпмиз, —  дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Зулфия Носирова. — Жамоа шартномасининг бажарилиши йил якунлари бўйича меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишларида муҳокама этиб борилмоқда. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларнинг иш ҳамда яшаш шароитларини муттасил яхшилаб бериш доимий диққат-эътиборимизда.

Жами ишловчиларнинг 620 нафари ёшлар, 502 нафари хотин-қизлардир. Жамоатчилик асосида сайланган 57 нафар вакил меҳнат муҳофазаси қонун-қоидаларига ҳар бир ишчи-хизматчи томонидан қатъий риоя қилинишига эришиш учун барча чораларни кўришмоқда. Шунингдек, касаба уюшма аъзоларининг ҳуқуқий, маданий-маърифий ҳамда тиббий саводхонлигини юксалтириш юзасидан йиллик режа тузилган бўлиб, малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда мунтазам равишда маънавият соатлари, ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ташкиллаштирилмоқда. Бошланғич ташкилот қошида фаолият кўрсатаётган меҳнат низолари комиссияси ишчи-хизматчилардан тушган мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Фаолиятнинг устав талаблари, меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри ва самарали ташкил этилгани, маблағлардан ўз жойида фойдаланаётганлиги учун ҳам ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ҳамда спорт тадбирларини ўтказишда муаммоларга дуч келинмаяпти.

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич ташкилотларга берилаётган эътибор муваффақиятларимиз асоси бўлмоқда, —  дейди Зулфия Носирова. —  Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун сарф­ланган маблағларнинг йилдан-йилга кўпайиб бораётгани фаолиятга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб юборди. Масалан, 2011­2012 йиллар мобайнида 10 та имтиёзли йўлланма олинган бўлса, 2013­2014 йилларда бу рақам 156 тани ташкил этди.

Кейинги вақтда жамоада спортнинг оммавийлигини ошириш борасида кўп ишлар қилинди. Миллий кураш, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка бўйича оилавий мусобақалар ва турли спартакиадалар мунтазам равишда ўтказиб келинаяпти.

Яна бир муҳим жиҳат, бу йил дастурлар асосида қабул қилинган режаларнинг тўлиқ бажарилишига эришилаётганидир. Жумладан, эҳтиёжманд оила вакиллари, оғир тиббий жарроҳлик операциясини бошидан кечирган ишчи-хизматчилар, боқувчисини йўқотган аёллар, ногирон фарзанд тарбиялаётганларнинг 276 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. «Ниҳол», «Чимён» болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида эса ишчи-хизматчиларнинг 200 нафар фарзанди мириқиб ҳордиқ чиқаришди. Меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқаришда яхши натижага эришган ёшлар, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этганларнинг 194 нафарига ЎзКУФК қошидаги «Касаба-сайр» шўъба корхонаси билан ҳамкорликда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Урганч каби қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­си Кенгаши томонидан ўтказилаётган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг республика финал босқичида  қатнашиш нафақат касаба уюшма ташкилоти, балки, бутун жамоа фаолияти учун берилган муносиб баҳо бўлди. Бу, бир томондан фахр уйғотса, бир томондан масъулият ҳам юклайди. Ташаббускорлик ва интилиш бор жойда, албатта, муваффақият бўлади, муваффақият эса ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди.