18.12.2015. Жорий йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг журналистика соҳасида “Инсонга наф келтириш – олий бахт” Республика анъанавий танлови якуни бўйича танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Инсонга наф келтириш – олий бахт” Республика танлови иштирокчилари, ўз касбининг моҳир эгалари бўлган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Танлов босма ва электрон ОАВ йўналишида ўтказилди. Мазкур танловни ўтказишдан мақсад Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятлар, халқимиз турмуши ободлигини таъминлаш, бунёдкорлик ишлари, улар натижасида Ватанимиз салоҳиятининг тобора юксалиб, халқаро майдондаги обрў-эътибори, аҳоли турмуши сифати ва фаровонлиги ортиб бораётганини кенг жамоатчиликка етказишга муносиб ҳисса қўшаётган журналистларнинг энг яхши ижодий ишларини муносиб рағбатлантиришдир.
Тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмаслиги таъкидланди. Чунки, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда телевидение ва радио, нашриёт ва матбуот ходимлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Истиқлол йилларида Давлатимиз раҳбари эътибори натижасида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти йил сайин кучайиб бормоқда. Бугунги кунда Республикамизда кўплаб босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатаётгани фикримиз далилидир.
Касаба уюшмалари бугун бошқа барча касб эгалари каби матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жорий йилги танловда 100 дан ортиқ ижодкор иштирок этди. Улардан 80 нафардан ортиғи босма, 20 нафарга яқини электрон оммавий ахборот воситалари йўналишида ижод қилаётган журналистлардир. Танловда қатнашаётган ижодкорлар ва улар тақдим этган материаллар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Ижодий ишлар мазмуни ҳам янада кенгроқ мавзуларни қамраб олган. Хусусан, танловга тақдим этилган ижодий ишларда мустақиллик йилларида диёримизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ривожлантириш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик барқарорлигини таъминлаш, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтириш, кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш каби йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар, ижтимоий, маънавий ва маърифий соҳаларда эришилаётган ютуқлар, уларнинг аввало, инсон манфаатларига йўналтирилганлиги чуқур таҳлил орқали очиб берилган.
Ушбу ижодий ишларнинг барчаси ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона кўриб чиқилиб, ғолиблар ва рағбатлантирирувчи мукофот соҳиблари аниқланди. Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари йўналишлари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринни қўлга киритган ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича 3 тадан жами 6 та рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлган ижодкорлар муносиб тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати