Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

2016 йилги ёз мавсумига тайёргарлик ишлари бошланди

22.03.2016. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан 2016 йилги ёз мавсумига тайёргарлик ишлари олиб  борилмоқда. Жорий йил январь ойидан бошланган тайёргарлик ишлари натижасида Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2016 йилга мўлжалланган Манзилли дастур тасдиқланиб, 41 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилиши белгиланди. Мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан доимий назоратга олинди.

Бугунги кунда Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги ишчи гуруҳлари ва ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 2016 йилда болаларни соғломлаштириш режасини ишлаб чиқиш, мутасадди вазирлик, ташкилот, идоралар ҳамда маҳаллий хокимликлар томонидан оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан таъминлаш масалаларини ҳал этилмоқда. Шунингдек, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, мавсумда фаолият кўрсатувчи малакали педагогларни танлаб олиш, тарбиявий ишларни ташкил этиш бўйича дастурлар мазмунини янада кучайтириш каби масалалар юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишларни тизимли амалга ошириш ва назоратини олиб бориш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган холда Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2016 йил 10 мартдаги 34-сонли  йиғилиш баёни тасдиқланди.

Шу билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида Республика штаби ташкил этилган бўлиб, штаб томонидан тайёргарлик ишларининг доимий мониторинги амалга оширилади.

Болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ишларини жорий йилнинг 15 майига қадар якунлаш кўзда тутилган.