22.01.2016. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида 2015 йил давомида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий бирлашмаларнинг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан жамоа шартномалари ва келишувлари экспертизадан ўтказилиб, уларда ишловчи аёлларнинг ижтимоий муҳофазасига қаратилган қўшимча имтиёз ва кафолатлар кўлами кенгайтирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Хотин-қизлар комиссиялари томонидан йил давомида 168 та давлат ва нодавлат корхона (ташкилот)ларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида меҳнат қилаётган ҳамда касаначилик билан шуғулланаётган аёллар учун жамоа шартномаларида белгиланган имтиёзларнинг бажарилиши, меҳнат жамоаларида хотин-қизлар учун яратилган шароитлар аҳволи ўрганилди. Аниқланган камчиликлар бўйича иш берувчи ва касаба уюшма органларига тавсиялар берилди ва бажарилиши назоратга олинди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали иш берувчилар ва касаба уюшмаларии маблағларидан 585 та корхонада 2 460 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун 46 678,6 млн. сўм миқдорида фоизсиз cсуда ажратилди. 3 451 та корхонада 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 7 070 нафар аёлга 3 094,8 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 890 та корхонада 2 344 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини узайтириш учун 1 147,9 млн. сўм маблағ сарфланди. Нодавлат мулк шаклидаги 1 405 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 6 240 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди ва ушбу мақсадларга 1201,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан барча корхона, ташкилот ва муассасаларда “Аёли қадрланган диёр”, “Аёл борки олам мунаввар”, “Аёл оила қўрғони ва чароғбони” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.
Ушбу тадбирларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар кенг тарғиб этилди. Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда, оилани мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган хотин-қизларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояталаб аёлларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан корхона, ташкилот ва муассасаларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий аёллар ва нуроний онахонларни шарафлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Мустақиллик байрами арафасида 2 950 нафар кекса инсонлар яшаётган оилалар 1 млрд. 500 млн. сўмлик электр маиший-техника жиҳозлари билан таъминланди.
Касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда 1376 нафар репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда “Она ва бола” йўлланмалари орқали 3 минг нафардан зиёд она-бола имтиёзли равишда соғломлаштирилди. 463 нафар эҳтиёжманд оилалар аёллари бепул саломатлигини тиклади. Ёш оилаларнинг 204 нафар ишлайдиган аъзоларига “Умид гулшани” санаторийсига имтиёзли йўлланма берилди.