24.02.2016. Юртимизда ижтимоий йўналтирилган давлат дастурлари ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга оширишда касаба уюшмаларининг алоҳида ўрни бор. Жумладан, кейинги йилларда ижтимоий шериклик асосида ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмасига жалб этиш орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Наманган вилоятида ўтказилган республика амалий семинари касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида янги иш ўринларини ташкил этиш борасидаги ижобий иш тажрибасини оммалаштиришга бағишланди. Семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мутасаддилари, барча тармоқ касаба уюшма Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари вакиллари жойларда бўлиб, амалий ишлар билан яқиндан танишдилар.
Касаба уюшмалари ташаббуси билан Наманган вилоятида тажриба сифатида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ўзига хос тизим яратилган. Хусусан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ҳар бир туман, шаҳардаги фойдаланилмаётган бўш бинолар аниқланиб, уларда кичик корхоналар, аҳолига хизмат кўрсатиш шаклидаги янги иш ўринлари яратилди. Уларада коллеж битирувчилари бандлиги таъминланди. 2014-2015 йиллар давомида 91 нафар ёш шу йўл билан ўзининг муқим иш жойига эга бўлди.
Биргина Тўрақўрғон туманининг Ёртепа қишлоғидаги «Янгиобод» маҳалласида савдо дўкони, сартарошхона, гўзаллик салони, чеварчилик, пазандачилик цехлари очилиши натижасида 11 та иш ўрни вужудга келди.
— Бу ташаббусдан иш жойига эга бўлган ёшлар қатори маҳалламиз хотин-қизлари ҳам қувонмоқда, — дейди Ёртепа қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Маҳмуджон Умаров. — Чунки марказдан олисда жойлашган ҳудудда шаҳардагидан қолишмайдиган гўзаллик салони фаолият кўрсатаётгани аёлларимиз учун ҳар томонлама қулайлик туғдирди. Энг муҳими, бу ерда банд бўлган коллеж битирувчилари учун меҳнат дафтарчалари очилган.
Янги иш ўринлари яратиш ва хизмат турларини йўлга қўйишда, энг аввало, ҳар бир ҳудуддаги аҳоли эҳтиёжининг ҳисобга олингани эътиборга молик. Масалан, Косонсой туманидаги «Боғишамол» маҳалласида аҳолининг талаб ва истаги асосида сартарошхона, тикувчилик, пазандачиликка йўналтирилган кичик корхоналар, тил ўргатиш марказлари, қурилиш хизмати билан шуғулланувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига кимёвий ишлов бериш бригадалари ташкил этилди. Бу ерда иш бошлаган коллеж битирувчиларига касаба уюшмалари томонидан зарур жиҳозлар етказиб берилди.
Семинар доирасида, шунингдек, Янгиқўрғон туманидаги “Усмонжон ҳожи ота” маҳалла гузарида барпо этилган мажмуа фаолияти билан ҳам танишилди. Мазкур мажмуадан ўрин олган савдо дўкони, сартарошхона, тикувчилик, автомобил ювиш каби шохобчаларнинг бекаму кўст фаолият юритиши учун касаба уюшмаларининг 5,4 миллион сўм маблағи йўналтирилиб, керакли асбоб-ускуна ва жиҳозлар харид қилинди. Натижада, шу ҳудудда истиқомат қилувчи касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 8 нафар йигит-қиз бандлиги таъминланди.
Бу каби эзгу ишларни вилоятнинг ҳар бир тумани мисолида кўриш мумкин. Жорий йил вилоятда юқоридаги тажрибага асосланиб касаба уюшмалари томонидан яна 300 та янги иш ўрни очиш кўзда тутилган.
Семинар доирасида иштирокчилар ижтимоий шериклик асосида ёшлар бандлигини таъминлаш ва кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмасига жалб этиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишлар билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек, семинарда Самарқанд ва Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларининг бу борадаги илғор иш тажрибалари ҳам таҳлил этилди.
Қизғин муҳокамалар давомида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Назиржон Ҳайиталиев, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси Шуҳратжон Кенжаев ва касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.