02.05.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини ҳимояси уйғунлигини таъминлаш йўналишида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида иш берувчилар ва кадрлар хизмати ходимларининг жамоа шартномалари орқали меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича билимларини ошириш юзасидан «Жамоа шартномасининг аҳамияти» мавзусида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
Ўқув-семинарларда тадбиркорлар, кадрлар хизмати ходимлари, Савдо-саноат палатасининг Ахборот-маслаҳат ва бизнес марказлари ходимлари иштирок этдилар. Улар учун Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий бирлашмалари, Савдо-саноат палатаси бошқармалари, солиқ ва меҳнат органлари ҳамда тижорат банклари мутахассислари томонидан “Меҳнат соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда иш берувчининг мажбуриятлари”, “Меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномаларининг аҳамияти”, “Кичик бизнес субъектлари учун қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган имтиёзлар” мавзуларида машғулотлар ўтказилди.
Семинарларда таъкидалганидек, республикамизда кичик бизнесни ривожлантиришга, тадбиркорлик йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари (қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, озиқ-овқат саноати)да кичик корхоналар ходимларининг чекланган ўртача йиллик сони оширилса ҳам уларнинг ягона солиқ тўловида қолишлари учун имкониятлар яратиб берилгани, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоизгача пасайтирилгани, таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилган кичик бизнес субъектларига ходимлар сони меъёрдан 50 фоизгача кўп бўлганда ҳам, ягона солиқ тўловида қолиш имтиёзи берилганлиги алоҳида қайд этилди. Якка тартибдаги тадбиркорларга уч нафаргача ишчиларни ёллаш ҳуқуқининг берилиши давлатимизнинг тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор бераётганидан далолат эканлиги таъкидланди.
Семинарда кичик бизнес субъектларида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар меҳнат қонунчилиги доирасида тартибга солиниши лозимлиги иштирокчилар диқққат марказида бўлди. Айниқса, ишга қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш, уларга меҳнат дафтарчаларини юритиш, ходимларга Ягона тариф сеткасининг 1-разряди ставкасидан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш, меҳнат муҳофазаси талаблари бажарилишини ташкил этиш борасида иш берувчи бевосита масъул эканлиги иштирокчиларга батафсил тушунтирилди. Мазкур йўналишлардаги ишларни ҳамда меҳнат муносабатларини самарали тарзда тартибга солишда жамоа шартномаларининг аҳамияти тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.
Шу билан бирга ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришда жамоа шартномаси банк муассасалари учун асос бўлиб хизмат қилиши, жамоа шартномаси норматив ҳужжат сифатида текширувчи органлар томонидан тан олиниши тушунтирилди. Меҳнат муносабатларининг бир қатор жабҳаларига тааллуқли бўлган, яъни, ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш, тўлиқсиз иш вақти ўрнатиш, иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш, ходимларни дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этиш, асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатиш, меҳнат ҳақи шакли ва тизимларини, устамалар, қўшимчалар, компенсация тарзидаги тўловларни ўрнатиш, ходимларнинг иш билан боғлиқ қўшимча харажатларини қоплаш, меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштириш, ходимларни махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари ва даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан таъминлаш, меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги, ходимларнинг айрим тоифалари учун ижтимоий имтиёз ва кафолатлар ўрнатиш каби масалалар фақатгина жамоа шартномалари воситасида ҳал этилиши борасида асослантирилган маълумотлар берилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга аниқ жавоб олиш билан бирга кичик бизнес субъектларида жамоа шартномаларини тузиш ва бажарилишини таъминлаш борасида Касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмалари ва Савдо-саноат палатаси бошқармалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар ҳам билдирдилар.
Тадбир якунида мазкур ўқув-семинарлари ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги билимларни бойитиш билан бирга иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилишини эътиборга олган ҳолда келгусида бу каби тадбирларни тизимли равишда давом эттиришга келишиб олинди.