[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.05.2016. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси кучга кирганига 20 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси: ютуқлар ва такомиллаштириш истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясни ташкил этилди.

Тошкент давлат юридик университети иштирокида ўтказилган Конференцияда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий ташкилотлар, касаба уюшма фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари миқёсида ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган Кодекс ҳисобланади. Хусусан, 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1996 йил 1 апрелда кучга кирган мазкур амалдаги Меҳнат кодекси меҳнат муносабатларининг шартномавий тартибга солинишини сезиларли даражада кенгайтириб, ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун ҳуқуқий замин яратилишини таъминлади. Шунингдек, меҳнат соҳасида бозор муносабатлари шаклланиши учун зарур масалаларнинг бутун бир мажмуини ҳал этиш имкониятини яратди.

Қайд этиш лозимки, айнан Ўзбекистон, МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб янги Меҳнат кодексини қабул қилди. Ушбу Кодекс лойиҳаси Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам ижобий баҳоланган. Меҳнат кодексида мустаҳкамланган аксарият қонуний ечимларнинг тўғри эканлиги уларнинг қўлланилиш амалиёти билан ҳам тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига илк бор киритилган қоидалар самарадорлигини мазкур қоидаларнинг аксарияти келгусида МДҲнинг турли мамлакатларида қабул қилинган меҳнат кодексларида ўз аксини топганлиги ҳам кўрсатиб турибди.

Илмий-амалий конференцияда юқоридаги масалаларга алоҳида тўхталиниб, бугунги кунгача меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, улар натижасида эришилган ютуқлар таҳлил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини истиқболда янада такомиллаштириш, меҳнат ва аҳолининг бандилиги, юртимизда касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бозор иқтисодиётининг тобора ривожланиб бораётгани, жамиятни янада демократлаштириш ва янгилашга йўналтирилган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши ижтимоий-меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришни талаб қилади. Келгусида меҳнат қонунчилигини янада такомиллаштириш эса меҳнат бозорининг самарали фаолият юритишини, ходим ва иш берувчилар манфаатлари уйғунлиги, хусусан, ходимларнинг унумли меҳнатдан, иш берувчиларнинг эса рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришдан манфаатдорликлари оширилишини таъминлашга, ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялашнинг амалий воситаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Конференцияда шунингдек, касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодексини аҳоли ўртасида янада кенгроқ тарғиб этиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида республикамизнинг турли ҳудудларида ўқув услубий семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар ва учрашувлар ўтказилмоқда. Меҳнат жамоалари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ходимлар ва ёшларни кенг жалб этган ҳолда ташкил этилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари қатор вазирлик ва идоралар тизимидаги ходимлар малакасини ошириш институтлари, ўқув-методика марказлари, қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларининг щыув дастурларига миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича махсус курслар киритилди.  Шунингдек, мазкур йўналишларда кенг жамоатчилик щртасида қатор танлов ва викториналар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай танловлардан бири – «Меҳнат кодексини биласизми?» онлайн викторинаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилди. Конференция доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилган мазкур викторина ғолибларини тақдирлаш тадбири ҳам бўлиб ўтди. Ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги билимларни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган мазкур онлайн викторинанинг ғолиб ва совриндорлари Касаба уюшмалари Федерациясининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, республика илмий-амалий конференциясида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 20 йиллигига бағишлаб чоп этилган мақолалар тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди. “Касаба уюшмаси кутубхонаси” серияси рукнида чоп этилган мазкур нашр иш берувчилар ва ходимлар учун чоп этилган навбатдаги қўлланмалардан бири бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати