[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

20.05.2016. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида “Меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қўмита эксперт кенгаши аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Савдо-саноат палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмини яратишда муҳим қадам бўлди. 2014 йилда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Ўзбекистонда жамоатчилик назорати институти конституциявий мақомга эга бўлди. Бу эса ўз навбатида жамоатчилик назорати борасида махсус қонунни қабул қилиш учун ҳуқуқий замин яратди.

Тадбир иштирокчилари жамоатчилик назоратининг субъекти, объекти, шакллари ва бошқа муҳим жиҳатларини белгилаб берувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси билан таништирилиб, лойиҳанинг асосий қоидалари ишчи тартибда муҳокама этилди.

Муҳокамалар жараёнида жамоатчилик назоратининг шакллари сифатида жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси  қонун лойихасида ўз аксини топганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек қонун лойихасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мажбуриятлари, жамоатчилик назоратининг натижалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланганлиги, меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини такомиллаштириш истиқболлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, меҳнат соҳасидаги жамоатчилик назоратида касаба уюшмалари алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда мамлакатимизда ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кафолатланиб, касаба уюшмаларининг ҳуқуқий мақоми миллий қонунчилигимизда мустаҳкамланган. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни касаба уюшмаларининг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, иш берувчи билан жамоа музокараларини ўтказишда устувор ҳуқуққа эга бўлиш, меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун талаблари, жамоа шартномалари ва келишувлари бажарилишини назорат қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишда иштирок этишга доир ҳуқуқларини кафолатлайди.

Тадбир иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, касаба уюшмалари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати меҳнат қонунчилиги соҳасида давлат назоратига муқобил энг самарали назорат тизими бўлиб, у меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликлари муҳофазаси, меҳнат шароитлари ва иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги, ижтимоий муҳофаза, турар жой шароитлари, ижтимоий суғурта ва соғломлаштириш, ҳодимларнинг маданий манфаатлари муҳофазаси, бандлик ҳолатларини ўз ичига олади.

Бугунги кунда фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг барча бўғинларида фуқароларни қабул қилиш тизими ва жамоатчилик қабулхоналари фаолитининг йўлга қўйилганлиги янада аҳамиятлидир. Бундан ташқари Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларининг Интернет тармоғидаги расмий сайтлари орқали аҳолига юридик маслаҳатлар кўринишидаги интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан ҳар йили республика ва маҳаллий даражада Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, турли ННТ ва касаба уюшма фаоллари иштирокида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги давра суҳбатлари жамоатчилик эшитувининг самарали шаклларидан бирига айланди. Бундан ташқари Касаба уюшмалари томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган янги иш ўринларини яратиш Дастури амалга оширилишининг жамоатчилик мониторинги ўтказилади. Мониторинг доирасида, ёшлар бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафарга яқин битирувчиларини ишга жойлаштириш жараёнида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Шунингдек, меҳнат шартномалари тузилиши устидан жамоат назоратини амалга ошириш, ходимларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, ишга янги қабул қилинган битирувчиларни махсус кийим-бош ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлиши, ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ва иш жойларидаги қўнимлилиги йўналишларида олиб борилаётган ишлар Касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган жамоатчилик назоратининг ёрқин кўринишидир.

Давра суҳбати давомида, шунингдек, мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари, ушбу соҳада тўпланган миллий ва ҳорижий тажриба ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида давра суҳбати иштирокчилари томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати