12.07.2016. Қарши шаҳрида «Энг яхши ишчи касб эгаси» танловининг вилоят босқичи якунланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этган мазкур танлов кўплаб ёш, маҳоратли касб эгаларини кашф этаётгани, уларнинг келгуси ўқиш ва ишларида рағбат бўлаётгани эътиборга молик.
Вилоят миқёсида ўтказилган мазкур танловда «Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги» йўналишида Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Суҳроб Тўхтаев энг кўп балл тўплаган бўлса, ошпазлар беллашувида Қарши тумани сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Маҳмуд Санақулов ғолиб бўлди. «Тикув ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи» йўналишида Қарши туман сервис ва тадбиркорлик коллежи ўқувчиси Гулҳаё Олимова, «Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси» йўналишида эса Ғузор қурилиш ва коммунал хўжалиги коллежи ўқувчиси Муҳаммадамин Турдиев биринчи ўринга лойиқ деб топилди. «Умумқурилиш ишлари устаси» ғолиблиги эса ғузорлик Равшан Нарзуллаевга насиб этди.
— Устозим Нилуфар Рўзиева ва Юлдуз Ҳамроеванинг сабоқлари беиз кетмади, — деди «Ошпаз» номинацияси ғолиби Маҳмуд Санақулов. — Коллежни тамомлаб, туманимиздаги «Осиё» тўйхонасига ишга кирдим. Касаба уюшмаларининг «Энг яхши ишчи касб эгаси» кўрик-танлови биз кутган, касб-корга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини янада кучайтирадиган тадбир эканлиги билан янада аҳамиятлидир. Унда қатнашиб, ошпазлик касбини танлаганимдан фахрландим.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.