[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.07.2016. Шу кунларда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги «Шифокор» болалар оромгоҳи ниҳоятда файзли кўриниш олган. «Қувноқлар ва зукколар», «Табиат қўйнига саёҳат», «Шеърият кечаси» сингари турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўнгил­очар дастурлар уларга  завқ бағишламоқда.

Ёз мавсумида 1075 болани ­соғломлаштириш имкониятига эга бўлган оромгоҳда барча шароитлар мавжуд. Спорт майдончаси, чўмилиш ҳавзаси, кутубхона болажонлар ихтиёрида. Тиббиёт пункти керакли анжомлар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланган. Малакали педагог-тарбиячилар фан ва спорт тўгаракларида қизиқарли машғулотлар олиб бормоқда.

— Болаларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан бирга алоҳида дастур ишлаб чиқилган, —  дейди оромгоҳ раҳбари Беҳзодбек Комилов. —  Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари иштирокида «Ёш қутқарувчи» танловини ўтказдик. Натижада, жароҳатланган инсонга биринчи ёрдам кўрсатиш усуллари намойиш этилиб, тегишли кўникмалар ҳосил қилинди.

— Тоғ ёнбағрида дам олишнинг гашти бошқача бўлар экан, — дейди оромгоҳда дам олаётган Азизбек Қўчқоров. — «Қувноқ стартлар» мусобақасида қатнашдим. Айниқса, оромгоҳ кутубхонасининг турли адабиётларга бойлиги менга жуда ёқди. Ҳар куни бадиий китоб ўқиб, билимимни оширяпман.

Асака туманининг Ниёзботир қишлоғидаги «Истиқлол қалдирғочлари» оромгоҳи 200 нафар ўғил-қизни бағрига олган. Уларнинг 70 нафари «Болалар шаҳарчаси» тарбияланувчилари. Ёш авлоднинг кўнгилдагидай ҳордиқ чиқаришлари ҳамда жисмоний ва ақлий салоҳиятларини янада ўстиришлари учун ўндан зиёд спорт ва фан тўгараклари ишлаб турибди, кутубхона, ёзги кинотеатр, бассейн ҳамда спорт майдончалари болажонлар хизматида. 20 дан ортиқ малакали педагог-ходим уларга мураббий этиб бириктирилган.

Айни пайтда Андижон вилоятида 14 та оромгоҳ фаолият кўрсатмоқда. Бу масканларда мавсум мобайнида жами 9 минг 550 нафар болажонларнинг дам олиши режалаштирилган.