Эътибор ва рағбат ёшларни янги марраларга чорлайди
29.07.2016. Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови кўтаринки руҳда ва зўр уюшқоқлик билан ўтаётир.
Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, йигит-қизларда Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишдир.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тармоқ Ёшлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Энг фаол ёш спорт мураббийи» номинациясини қўлга киритиш учун 14 нафар ёш спорт мураббийлари беллашди.
Танловнинг асосий шартларидан бири сифатида 35 ёшгача бўлган спорт мураббийларининг иқтидорини аниқлашда халқаро ва мамлакатимиз миқёсида эришган ютуқлари ҳамда шогирдларининг халқаро ва юртимиз миқёсидаги натижалари ҳисобга олинди. Ёш мутахассислар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ўз соҳаси бўйича қилган янгиликлари, эришган ютуқлари ўз аксини топди. Иштирокчилар билим ва малакасини, янги ғоя ҳамда таклифларини намоён этиш билан биргаликда мураббий сифатида ёш спортчиларни тарбиялаш билан боғлиқ жараённи ҳам намойиш қилишди.
“Ўз ҳуқуқингизни биласизми?” мавзусида ўтказилган савол-жавоблар меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ҳамда ёш педагогларга берилаётган имтиёз ва ҳуқуқларни тўлиқ ўзлаштириш қанчалар аҳамиятга эга эканининг ўзига хос тасдиғига айланди. Иштирокчиларнинг ўз фаолиятлари ҳақида инглиз тилида бийрон сўзлай олишлари ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлди.
Танлов якунларига кўра Риштон тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби «Белбоғли кураш» тўгараги мураббийи Бобир Тўхтасинов «Энг фаол ёш спорт мураббийи» танловининг ғолиби деб топилди. Фахрли 2-ўринни Миробод туманидаги 1-БЎСМ «Ўзбек жанг санъати» тўгараги мураббийи Шерпўлат Усмонов эгаллаган бўлса, 3-ўрин Бухоро вилояти Олот туманидаги 7 олимпия спорт мактаб-интернати мураббийи Бекзоджон Ҳайдаровга насиб этди.
Шунингдек, «Энг маҳоратли спорт мураббийи», «Энг кўп натижаларга эришган спорт мураббийи», «Энг баркамол спорт мураббийи» каби 10 дан ортиқ номинациялар бўйича ҳам энг фаол спорт мураббийлари аниқланди.
Ғолиблар Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди.
Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан ташкил этиладиган «Ёш мутахассислар» республика форумида иштирок этишади.