Ёшларга эътибор – келажакка эътибор
29.07.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Энг фаол ёш геолог» номинациясининг республика босқичи Нефт-газ ва геология тармоғида зўр кўтаринкилик билан ўтди.
Унда корхона ва ташкилотларда сараланган 16 нафар ёш мутахассис ўзаро куч синашди. Иштирокчилар фаолияти ҳужжатлар асосида ўрганилди, билим даражаси савол-жавоб ва тест усули орқали баҳоланди. Бундан ташқари, спортнинг стол тенниси, сузиш ва югуриш турлари бўйича мусобақа ташкил этилди.
— Биз, ёшларнинг замонавий билимларни пухта эгаллаб, шижоат билан ҳаётга кириб боришимизда, ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлиги мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмокда. Ушбу танловда тенгдошларимиз тажрибасини ўрганиб, билимимизни ошириш имкониятига ҳам эга бўлдик, — деди биринчи ўрин соҳиби, «Гидроминерал ресурслар геологияси» илмий ишлаб чиқариш маркази Давлат корхонаси ходими Илдар Назипов.
Ғолиблар ҳамда барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.