09.08.2016. Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан пойтахт меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бирлашма Кенгаши томонидан турли тармоқлар тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилиб, бунинг натижасида улар фаолиятини такомиллаштириш борасида самарали натижаларга эришилмоқда.
Бугунги кунда бирлашма томонидан жамоа шартномалари орқали ходимлар манфаатларини таъминлаш йўналишидаги ишлар билан бир қаторда долзарб бўлган масалалардан бири – меҳнаткашлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Аҳамиятли томони шундаки, тармоқ касаба уюшмаларининг Тошкент шаҳри бўйича масъул ташкилотчилари, бирлашган касаба уюшма қўмиталари ҳамда бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорликда иш берувчиларнинг ҳам мазкур масалага эътибори кучайтирилиб, турли тармоқларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида ишдан ажралмаган ҳолда “ходимлар гимнастикаси” йўлга қўйилган. Шунингдек, меҳнат ва ўқув жамоаларида касаба уюшма аъзолари, ёшлар, фахрийлар ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни спортга жалб этиш орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш ҳам анъанага айланган..
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, охирги йилларда жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги спорт иншоотларини иш берувчилар томонидан зарур спорт жиҳозлари билан таъминлаш, уларда ходимлар ва улар фарзандларининг бепул фойдаланишларини таъминлаш борасида ҳам самарали натижаларга эришилмоқда. Шу мақсадда меҳнат жамоаларида иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларига тегишли банд лар киритилгани айни муддао бўлди.
Пойтахт меҳнаткашлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Касаба – тур” веломарафони, “Спорт – саломатлик гарови” каби спорт тадбирларида ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Айниқса, бу борада таълим, фан ва маданият, агросаноат мажмуи, давлат муассасалари, тиббиёт ва фармацевтика, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур тармоқлар тизимидаги меҳнат жамоаларида, хусусан, Чилонзор туманидаги 200-, 217-, 195-, 178-, 162-, Сергели туманидаги 300-, 104-, 2-, Миробод туманидаги 263-, 57-, 328- умумтаълим муассасалари, “Чилонзор” Савдо Маркази, “Карвон” МЧЖ ходимлари, тумандаги солиқ ва банк идоралари ходимлари ўртасида турли спорт мусобақалари катта қизиқиш билан ўтказиб келинмоқда.
– Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш меҳнаткашларимиз учун кундалик эҳтиёжга айланиб бормоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Миробод туман кенгаши раиси Н.Насретдинова. – Чунки, ҳаракат – ҳаёт демакдир. Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан ходимлар буни янада яхшироқ англаб бормоқдалар. Шунингдек, жисмоний тарбиянинг интизом, ирода, уюшқоқлик, меҳнатсеварлик, соғ тан ва соғлом ақл каби ижтимоий аҳамиятга молик қимматли фазилатларни шакллантиришдаги ўрнини меҳнат жамоаларида кенг тарғиб этмоқдамиз. Бу корхона, ташклот ва муассасаларда соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашда қўл келмоқда.