16.08.2016. Термизда истиқлолнинг 25 йиллиги муносабати билан «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида «Бахши-шоир, оқин ва жировлар» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Сурхондарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамда маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорликда ташкил этган мазкур танловда воҳада яшаб ижод қилаётган 38 нафар бахши, шоир ва оқин қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Истиқлол йилларида бахшичилик санъати ва мактабини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилгани, соҳада қатор натижаларга эришиб, устоз-шогирд анъанасини йўлга қўйган, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, истеъдодли ёшлар қобилиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашаётган бахшилар «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси» унвони билан тақдирланаётганини таъкидладилар. Ўтган йиллар давомида сурхондарёлик олти нафар бахши ушбу юксак мукофотга сазовор бўлгани эътироф этилди.
— Ушбу танловни ҳар йили ўтказиш ниятидамиз. Бунинг учун янгидан барпо этилаётган «Амударё» спорт-соғломлаштириш маркази қошида алоҳида бахшичилик мактабини очаяпмиз, — деди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси А.Аҳмедов.
Иштирокчилар асарларнинг жанр хусусияти, матн ва оҳанг уйғунлиги, ижро маҳорати ва саҳнада ўзини тутиш маданияти, сўз ўйинлари, мақол ва халқ ибораларидан унумли фойдаланиш, импровизация қобилияти каби мезонлар бўйича баҳоланди.
Якунда шерободлик Шодмон Хўжамбердиев 1-ўринга муносиб кўрилди. Бойсунлик Рўзиқул Болтаев 2-ўринни, қумқўрғонлик Бахшиқул Тоғаев 3-ўринни эгаллади. Ғолибларга бирлашма кенгашининг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, «Энг кекса иштирокчи», «Энг ёш иштирокчи», «Энг фаол иштирокчи», «Энг фаол аёл иштирокчи» каби йўналишлар бўйича ғолиблар тақдирланди.