16.08.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги “Ботаника” санаторийсида Республикамиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» мавзусида ташкил этилган мазкур тадбирда санаторий директори Тўрабой Аҳмедов мамлакатимизда чорак аср давомида амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари, барча соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармасининг Ўқув-услубий маркази маданий-маърифий ишлар бўлими мутахассиси Маҳмуда Мурзаева истиқлол туфайли энг олий қадрият — миллий онг ва қадр-қиммат, ўзликни англаш туйғуси, тилимиз, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз тикланганлигига эътибор қаратди.
«Ботаника» МФЙ раиси Шуҳрат Қорабоев сиҳатгоҳ жойлашган масканда 2200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиши, уларнинг тинчлиги маҳалла тинчлиги, маҳалла тинчлиги Ватан тинчлиги эканлигини таъкидлади. Бу каби тадбирлар ҳозирги фаровон ҳаётимизнинг ўзига хос шукронаси эканлигига алоҳида урғу берди.
— 82 ёшдаман, — дейди Шаҳрисабздан келиб дам олаётган Холбиби Шукурова. — Шукр қиламанки, юрт мустақиллигини кўрдим. Унинг мусаффо ҳавосидан нафас олаяпман. Истиқлолимиз абадий, бундай шароит ва имкониятлар яратиб берган Президентимиз омон бўлсинлар.
— Юртимиз тинч, фаровон. Шу кунларнинг қадрига етиб, уни асраб-авайлаш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, Ватан равнақига қўлимиздан келганча ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир, — дея Холбиби онанинг гапини давом эттирди Косон туманидан келган ўқитувчи Юлдуз Умарова.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.