[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.08.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари каби Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллик санасини муносиб туҳфалар билан кутиб олиш мақсадида кўплаб тизимли ишларни амалга оширмоқда. Кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшлар онгига Истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда эришилаётган улкан ютуқлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини сингдириш, меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш тадбирлари шулар жумласидандир.

Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимизда истиқлол йилларида юзага келган яна бир яхши анъана – Мустақиллик объектлари аталмиш ажойиб  иншоатларни қуриб, халқимиз хизматига топшириш йўналишида ҳам ўзига хос ҳисса қўшмоқда. Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Хива шаҳрида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган “Шамс-Хива” меҳмонхонаси ана шундай иншоатлар сирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ барпо этилган мазкур меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 26 август куни бўлиб ўтди. Унда меҳнат фахрийлари, касаба уюшма фаоллари, қурувчилар, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Танзила Нарбаева, Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожонов ва бошқалар сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этдилар. Юртимизнинг барча гўшаларида, шаҳару қишлоқларида амалга оширилаётган бу каби эзгу амалларнинг инсон манфаатлари, халқимиз турмуши даражаси ва сифатини янада оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Истиқлол туфайли Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг нигоҳини ўзига қаратди. Бухоро, Самарқанд ва Хива  каби қадимий шаҳарлар ўз тароватини қайта тиклаб, турли мамлакатлардан сайёҳларни ўзига жалб қила бошлади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида мамлакатимиз кўп тармоқли индустриал давлатга айланди. Иқтисодиётнинг барча истиқболли соҳалари қатори халқаро туризм ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги Қарори вилоятда туризмни ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Натижада вилоятда 2012 йилга нисбатан сайёҳлик ташкилотлари сони 36 тадан 59 тага, шундан меҳмонҳоналар сони 26 тадан 42 тага, туристик фирма ва турагентликлар сони 10 тадан 17 тага етди. Ўтган йилда вилоятга дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 41мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар  ташриф буюрдилвр. Вилоятдаги экспорт ҳажми эса 49 млн.долларни ташкил этгани ҳолда, унинг 31 фоизи туризм соҳасига тўғри келди. Ушбу кўрсаткич 2012 йилда 1,7 фоизни ташкил этган эди.

Мазкур кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Хоразм яна сайёҳларни ўзига жалб қиладиган диёрга айланди. Туризмни ривожлантиришда Касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ички туризмни янада кенг йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида “Касаба сайр” шўъба корхонаси томонидан минглаб меҳнаткашлар она диёримизнинг тарихий шаҳарлари, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорликлар билан таништирилмоқда. Туризмни ривожлантиришда замонавий ва шарқона услубларни ўзида мужассам этган меҳмонхоналарнинг ўрни беқиёс эканлигини инобатга олган ҳолда ҳамда сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатишни таъминлашга хисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тарихий шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар бунёд этилмоқда.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида жаҳон андозалари талаблари асосида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган “Шамс-Хива” меҳмонхонаси фаолиятини йўлга қўйишдан кўзланган мақсад ҳам мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш, бу орқали юртимиз довруғини дунёга янада кенг ёйишдир.

30 ўринга мўлжалланган замонавий, жаҳон андозалари талаблари асосида қад ростлаган мазкур меҳмонхонада мижозлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. Хусусан, шаҳар ва шаҳарлараро сўзлашув, Интернет алоқаси ўрнатилган. Меҳмонхонада 4 та люкс, 12 та ярим люкс хоналар, 30 ўринли ошхона мавжуд бўлиб, улар бугунги кун талаблари асосида замонавий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланган ва барча шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, меҳмонхонага келадиган туристлар, дам олувчиларнинг автотранспорт воситалари учун автотураржой ташкил этилган.

Яна бир аҳамиятли жиҳат – ишга туширилган “Шамс-Хива” меҳмонхонасида 16 та янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий ёшлар бандлиги таъминланди.

Сирасини айтганда, ушбу меҳмонхона Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида муносиб туҳфа бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати