10.09.2016. Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг VI анъанавий Республика Форуми ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур анжуманда таъкидланганидек, Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Истиқлол йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу жараёнда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумида ўтган йиллларда бошланган янгича ёндошув асосидаги тизимли ишлар янада такомиллаштирилди. Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатларга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаморликдаги фаолиятини йўналтириш амалиёти ўзининг ижобий самарасини берди.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи ҳамда унинг таркибида ташкил этилган Ишчи гуруҳлари ва Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида доимий ишловчи штаб фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар бир ҳудуддаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти, уларда мавсумни намунали ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар мувофиқлаштириб борилди.
Яна бир муҳим жиҳат – мавсумнинг Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси”га мувофиқ ташкил этилганлиги болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишлар сифатини ошириш ва оромгоҳлар фаолиятини шаклан ва мазмунан бойитиш имконини берди. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини ҳам кенгайтирди.
Натижада бугун оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказларига айланди. Янгича ёндошув асосида ишлаб чиқилган махсус дастурлар бўйича оромгоҳларда тарбиявий йўналишлардаги ишлар ва тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилди. Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида кутубхоналар, турли тўгараклар, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилди, айниқса, ҳар бир мавсумда болалар учун чет тили тўгараклари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Мавсум давомида, барча оромгоҳларда Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида 15 мингдан зиёд маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиб, уларга таниқли шоир ва ёзувчилар, эстрада санъаткорлари жалб этилди, “Мустақилик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари – болаларга” акциялари ўтказилиб, болажонларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти юксалтирилди.
Ҳукумат даражасида ҳар йили тизимли равишда тасдиқлаб келинаётган оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастур болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш билан бирга ҳудудларда энг замонавий, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи янги оромгоҳлар барпо этилишини таъминламоқда. Мазкур Манзилли дастур доирасида ҳар йили мамлакатимиз миқёсида 50 га яқин болалар оромгоҳида қурилиш-таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилиб, янги оромгоҳлар барпо этилмоқда. Хусусан, 2016 йилги Манзилли дастурга мувофиқ 4 та оромгоҳ янгидан барпо этилди, 35 та оромгоҳда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятида “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Давлат Солиқ қўмитаси томонидан Тошкент вилоятида “Баркамол”, “Асакабанк” томонидан “Асака” ва яна бир қатор оромгоҳлар қурилиб, ишга туширилди. Бунинг натижасида оромгоҳлардаги ўринлар сони яна 450 тага ортди.
Бу йилги мавсумда республика миқёсида 1214 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи (2015 йилда 1167 та), шу жумладан, 211 та стационар туридаги, 863 та кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда 140 та меҳнат ва дам олдириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 303 минг 650 нафар бола соғломлаштирилди. Бу кўрсаткич режага нисбатан 104 фоизни ташкил этди, оромгоҳларда соғломлаштирилган болалар сони 2015 йилга нисбатан қарийб 4 минг нафарга ортди.
Жорий йилги мавсумда болаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, ихтисослашган оромгоҳлар фаолияти сифати ҳам оширилди. Хусусан, жорий йилда 242 та ихтисослашган оромгоҳ фаолият кўрсатди. “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий спорт”, ўсмир ёшдаги болалар учун “Меҳнат ва дам олдириш”, “Экологик-биологик”, “Ижтимоий мослашув”, “Ўлкашунослик”, “Техник ижодкорлик”, “Бадиий ижодиёт” йўналишларидаги оромгоҳлар ташкил этилиб, намунали фаолият кўрсатиши таъминланди.
Ўтган йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга киритилган тажриба – “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳлари фаолияти бу йил янада кенг миқёсда давом эттирилди. Худди шундай оромгоҳлардан бири Республика миқёсида “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашувлари” ғолиблари бўлган 500 нафар иқтидорли бола касаба уюшмалари томонидан ўз устозлари билан биргаликда бепул соғломлаштирилди. Улар учун мавсум давомида маданий-маърифий ва маънавий тадбирлар билан бир қаторда “Маҳорат дарслари” ташкил этилди, диёримизнинг энг таниқли олимлари, фан арбоблари, адабиёт ва санъат намоёндалари билан учрашувлар уюштирилди. Бу турдаги оромгоҳлар фаолияти республикамизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилиб, жами 15 та интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фаолият кўрсатди.
Маълумки, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлар жалб этилади. Ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг ҳам мароқли ҳордиғини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилган 140 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 6 минг нафарга яқин ўқувчилари дам олдирилди. Турли корхона ва ташкилотлар қошида ташкил этилган бу турдаги оромгоҳларда лицей ўқувчилари ҳордиқ билан бирга дастлабки ижтимоий-фойдали меҳнат кўникмаларига эга бўлган бўлса, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўтдилар. Улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилди.
Бу йил ҳам ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилди. Хусусан, давлатимиз ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4 минг 660 нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Касаба уюшмалари томонидан 44 минг нафардан ортиқ болалар жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли дам олдирилди. “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида 2 минг 980 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланмалар билан таъминланиб, мазмунли ҳордиқ чиқарди. Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида 2 минг 400 нафар она ва болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда «Она ва бола» йўлланмалари орқали имтиёзли равишда ўз саломатлигини мустаҳкамлади. “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда маҳаллаларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 600 нафар фарзанди ва ота-онасиз болалар бепул дам олдирилди. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманидан ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 100 нафар фарзанди бепул ва имтиёзли соғломлаштирилди.
Барча оромгоҳларда ички ишлар, тиббиёт, коммунал-маиший соҳалар ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилди.
Бугунги Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг VI Республика Форумини ўтказишдан кўзланган мақсад Республикамизда болаларни соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишдир.
Мазкур Форумда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилиниши билан бирга 2016 йилги болаларни соғломлаштириш мавсумида энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда энг фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари, хокимликлар, ҳамкорлар, идора ва ташкилотлар, мавзуни энг яхши ёритган оммавий ахборот воситалари вакилларилар Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан муносиб рағбатлантирилди. Улар “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови Низоми ва энг яхши фаолият кўрсатган ходимларни аниқлаб берувчи Низом асосида сараландилар. Асосий мақсад – мавсум давомида ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали келгусида янги муваффақиятларга ундашдир.
Жумладан, “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови натижасига кўра 27 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи ғолиб деб эълон қилиниб, уларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Форумда 14 та номинация бўйича оромгоҳларда самарали меҳнат қилган 6 нафар оромгоҳ бошлиғи, 5 нафар тарбиячи, 6 нафар етакчи, 5 нафар тўгарак раҳбари, 5 нафар спорт мураббийи, 5 нафар тиббиёт ходими, 5 нафар ошпаз, 5 нафар ички ишлар ходими, 5 нафар фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, 5 нафар оммавий ахборот воситалари вакили, 16 нафар корхона, ташкилот вакиллари ҳамда 5 нафар шаҳар ва туман ҳокимлари, жами 99 нафар мутахассис муносиб тақдирланди. Уларга Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи Дипломлари, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, касаба уюшмалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо совғалари, шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати