13.10.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоалари ва якка ижрочилари ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг қуйи босқичлари ниҳоясига етди.
– “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида кўрик-танловнинг қуйи босқичларини ўтказдик, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мутахассиси Қосимжон Холбоев. – Унда болалар бадиий жамоалари ва якка ижрочилар ўртасида миллий қадриятларимизни улуғлаш, юртимиз шаъну-шарафини юксалтириш, ёш ижрочилар орасидан истеъдод соҳибларини аниқлаш, етук ижролар яратаётган иқтидорли ўқувчи ёшларни рағбатлантиришга алоҳида ёндашилди.
Кўрик-танловда маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар бадиий жамоалари ҳамда якка ижрочилари иштирок этдилар. Унинг шаҳар, туман босқичларида 250 нафардан зиёд иштирокчилар анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги, якка ва жамоа рақс ижрочилиги йўналишларида миллий-мумтоз, Ватан, истиқлол, тинчлик, бахтли болалик мавзуларидаги асарлардан намуналар ижро этдилар.
Ўтказилган кўрик-танловларда барча йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижро маҳоратлари ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан одилона баҳоланди.
– Танловнинг анъанавий ижрочилик йўналишида Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов басталаган «Фаввора» куйини ижро этдим ва ғолибликни қўлга киритдим, – дейди Норин туманидаги 2-мактаб ўқувчиси Баҳриддин Шаҳобиддинов. – Устозларимдан ўрганганларим ғолиб бўлишимда қўл келди.
Ғолиблар касаба уюшмаларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, республика босқичига йўланма олдилар.