01.11.2016. 2016 йилнинг 31 октябрь куни Европа парламенти делегацияси расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва касаба уюшма фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида асосий эътибор Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишларга қаратилди. Хусусан, тадбирда Ўзбекистонда фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмалари муҳим ўринга эгадир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келади.
Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёти сифати ва турмуши даражасини ошириш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш имкониятини яратаётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишларга мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда кичик бизнесни, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилингани ва амалга оширилиши таъминланаётгани аҳоли бандлигини таъминлаш учун улкан имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Мамлакатда касаначи ходимлар ва шахсий томорқа хўжаликларида банд бўлган инсонлар учун меҳнат муносабатларини расмийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар қувонарли ва алоҳида таҳсинга лойиқ эканлиги қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Парламенти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш Республика ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш тажрибаси, мазкур дастурларда ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилиши юксак эътиборга молик эканлиги ҳам таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш билан бирга, янги иш ўринларини яратиш, уларда коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари қайд этилди.
Европарламент делегацияси вакиллари эътиборига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 6 млн. 200 минг нафардан ортиқ аъзога эга бўлган 14 та тармоқ касаба уюшмалари, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларини бирлаштириши қайд этилди. Бугунги кунда касаба уюшмаларининг ҳимоя функциялари асосан бандлик, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда амалга оширилмоқда.
Учрашувда таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси бўйича касаба уюшмалари томонидан 50 дан ортиқ таклифлар киритилди ва уларнинг аксарияти инобатга олинди. Мазкур Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан маъқулланиб, 2016 йилнинг 22 сентябрь куни имзоланди.
2016 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунда №№ 87-, 98-, 135-, 154-Конвенцияларнинг асоссолувчи меъёрлари тўлиғича ўз аксини топди, шунингдек, унда инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактларнинг асоссолувчи меъёрлари кўзда тутилди. Шунингдек, 2016 йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёв томонидан “Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг ўз халқаро мажбуриятларига содиқлиги ва уларни оғишмай амалга ошириб келаётганининг яна бир ёрқин далили бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар, энг аввало, ХМТ билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширади, конструктив муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлиши билан бирга ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ишларини янада такомиллаштириш имкониятини беради.
Меҳмонларга шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан аҳолига ижтимоий-меҳнат соҳасида бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, халқаро меҳнат стандартлари, шу жумладан, ХМТ Конвенцияларини татбиқ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумот берилди. Касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси қошида туну кун фаолият кўрсатаётган «Call center»ни ўз ичига олган аҳоли билан Қайта алоқа механизми тўғрисида алоҳида тўхталинди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган ишлар, шу мақсадда жамоа музокаралари ва жамоа-шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Учрашувда йил сайин Ўзбекистонда жамоа-шартномавий муносабатлар такомил топиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, охирги 5 йилда касаба уюшмалари иштирокида тузилган тармоқ келишувлари сони 85 дан 95 тага, жамоа шартномалари 91 мингтадан 122 мингтага, юридик шахсларни жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш кўлами эса 94,5 фоиздан 99,3 фоизга кўпайди.
Бугун Ўзбекистонда Бош келишув, 95 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, 122 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Ўзбекистон Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувга мувофиқ барча тармоқ ва ҳудудий келишувлар, шунингдек, бевосита корхона ва ташкилотларда амал қилаётган жамоа шартномаларига ходимлар, айниқса, ёшлар ва аёллар ижтимоий ҳимояси бўйича қўшимча имтиёзлар киритилиб, амалга оширилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномаларида Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларини бажариш, халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш бўйича томонлар мажбуриятлари акс эттирилиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида Европарламент делегацияси вакиллари Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари, халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш, аҳоли бандлигини мақсадли таъминлаш борасида ижобий ютуқларга эришилаётганини таъкидладилар.
Европарламент делегацияси аъзолари ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари келгусида ҳамкорликни давом эттириш ва янада ривожлантириш истагини билдирдилар.
Ўзбекистон касба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати