17.11.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий ҳамкорлар, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Жаҳон банки иштирокида “Ўзбекистон Республикасида Муносиб меҳнат дастурининг амалга оширилиши ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.
Унда мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро иш берувчилар ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХХТ, ЮНИСЕФ ва Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси ХМТ билан муносиб меҳнат Концепциясини фаол илгари суришга кўмаклашиш устуворлик касб этувчи кўпқиррали ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Мазкур ҳамкорлик ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисидаги Меморандум ҳамда 2014-2016 йиллар учун Муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси дастурини ўз ичига олган ҳуқуқий негизга асослангандир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Муносиб меҳнат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида муваффақиятли натижаларга эришиб келинмоқда. Хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий негизни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенцияси ратификация қилинди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши натижасида нафақат ходимлар, балки иш берувчилар учун ҳам ташкилотга бирлашиш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамлаб қўйилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланувчи ходимлар учун касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи таъминланиб, хусусий секторда меҳнат қилувчи шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги оширилди. Юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари учун жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи кафолатланди. Бундан ташқари бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш имконияти яратилди.
Жорий йилда шунингдек, меҳнат муҳофазаси тизимини янада такомиллаштириш, мазкур соҳа талабларини бажариш бўйича иш берувчилар ва ходимлар масъуллигини кучайтириш, меҳнат муҳофазаси йўналишида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга йўналтирилган янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Давра суҳбатида Муносиб меҳнат дастури доирасида мамлакатимизда меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқларни самарали таъминлаш мақсадида тизимли тадбирлар мажмуи амалга ошириб келинаётганлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, мамлакатимиз Ҳукумати томонидан 2016 — 2018 йилларда қишлоқ хўжалигидаги ходимлар меҳнат шароитлари, бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини такомиллаштириш масалалари бўйича тадбирлар режаси тасдиқланиб, изчиллик билан амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, ижтимоий ҳамкорлар, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш бўйича Чора-тадбирлар тизими таҳлили, ХМТнинг асосолувчи Конвенцияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича Миллий мониторинг, аҳоли билан Қайта алоқа механизмини такомиллаштириш, вазирлик ва идоралар ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фермерлар потенциалини оширишга қаратилган тадбирлар, республикамиз аҳолисининг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Муносиб меҳнат дастури доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиришга йўналтирилган ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Республика Ҳукумати ва Парламенти томонидан ҳар йили иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури қабул қилиниб, амалга ошириб келинмоқда. Мазкур дастурни ишлаб чиқиш жараёнида барқарор янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда аввалом бор ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва вақтинча банд бўлмаган инсонлар мутахассисликлари бўйича меҳнат бозори ҳолати ва эҳтиёжлари ўрганилмоқда. Ҳукумат томонидан ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда коллеж битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшаган шахслар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ишга жойлаштириш хизматларини тақдим этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояталаб инсонларни ишга жойлаштириш учун 100 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилиб қўйилган. Жорий йилда 480 мингдан ортиқ коллеж битирувчилари ишга жойлаштирилди.
Мамлакат дастури доирасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотлари имкониятларини янада кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюроси техник кўмагида “Ўзбекистонда касаба уюшмалари ўқуви тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 35 нафар тренер-ўқитувчилар тайёрланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 40 нафар вакили ХМТнинг ҳорижий мамлакатларда ўтказилган субрегионал тадбирларида иштирок этдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида Юридик клиника ташкил этилди, аҳоли билан Қайта алоқа механизми йўлга қўйилди. Шунингдек, тадбирокрлар учун тренинглар ўтказиш мақсадида иш берувчилар ташкилотлари мутахассислари учун семинар-тренинглар ўтказилди.
Давра суҳбати давомида халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Жаҳон банки вакиллари халқаро ҳамжамиятнинг бугунги кунда Ўзбекистонда ХМТ Конвенцияларини татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларни, шунингдек, мамлакатнинг турли нуфузли халқаро ташкилотлар билан олиб бораётган конструктив алоқаларини ижобий баҳолаётганини таъкидладилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан халқаро меҳнат стандартлари, шу жумладан ХМТнинг асосолувчи Конвенцияларининг татбиқ этилиши юзасидан йўлга қўйилган жамоатчилик назорати ролининг ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Дипломатик корпус вакиллари шунингдек, аҳоли учун муносиб меҳнатни таъминлаш ва халқаро меҳнат стандартларини амалга ошириш борасида мамлакатимизда эришилаётган ютуқларни қайд этдилар. Юқорида қайд этилган йўналишларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ишларни эътироф этган ҳолда мамлакатимизда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ижобий ютуқларга эришилаётганини таъкидладилар.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига масъулият ва содиқлигини намойиш этаётгани, мамлакатда Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик, шунингдек, аҳоли бандлигини мақсадли таъминлаш борасидаги ишлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга лойиқ эканлигини таъкидладилар. Улар мазкур йўналишлардаги ишларни янада кучайтириш борасида ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканликлари билдирдилар.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистоннинг ХМТ ва Жаҳон банки билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга оид тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати