29.11.2016. Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Президент сайлови ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги муҳим воқеа бўлиб, айни пайтда жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фол иштирок этмоқдалар. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиз ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга сайловга оид қонунларнинг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларда овоз бериш қоидалари, тартиб ва талаблари тушунтирилмоқда.
Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда сайлов ҳуқуқи борасидаги билимларини оширишга қаратилган ана шундай тадбирлардан бири касаба уюшмалари тизимидаги “Турон” санаторийсида ўтказилди.
“Биз ўз келажагимиз учун овоз берамиз” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда турли соҳа ходимлари, сиҳатгоҳда фаолият кўрсатаётган мутахассислар ва дам олувчилар, санаторий атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролар, ёшлар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий сайлов тизимининг тўлиқ шакллангани ва мазкур тизимнинг халқаро демократик тамойилларга тўла мос эканлиги алоҳида таъкидланди. Иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун ва сайлов масалаларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари батафсил тушунтирилиб, мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг овози муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур соғломлаштириш масканида дам олувчиларнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Турон” санаторийсида 161-сайлов участкаси ташкил этилган.
Ўзекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳудудий бирлашмалари томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг сайлов ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга йўналтирилган худди шундай тадбирлар республикамиз ҳудудларидаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида, тизимдаги санаторийлар ва дам олиш уйларида ўтказилди. Хусусан, бугунгача “Биринчи марта овоз бераман!”, “Ҳар бир сайловчи ўз овозига эга”, “Биз сайлаш ҳуқуқига эгамиз” каби мавзуларда тизимли равишда ўтказилган 25 мингдан зиёд давра суҳбатлари ва семинарлар, конференция ва учрашувларда турли тармоқларда меҳнат қилаётган 5 миллиондан ортиқ ходимлар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар қамраб олинди. Ҳар бир тадбирга сиёсий партиялар вакиллари, сайлов қонунчилиги соҳаси мутахассислари, олимлар ва сиёсатшунослар таклиф этилиб, меҳнаткашларга сайлов қонунчилиги, уларнинг ҳуқуқлари ва сайловга тайёргарлик жараёнлари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан ўрта махсус ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда биринчи маротаба овоз бераётган ёшлар – ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларининг 3-босқич ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг 1-босқич талабалари учун семинар-тренинглар ҳам ташкил этилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаларининг туман кенгашлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли ўртасида ўтказилган маърифий тадбирлар фуқароларнинг сайловга оид билимлари ва сайлов жараёнидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга йўналтирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати