20.03.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида касаба уюшмалари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар, мазкур жараёнда Касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг тутган ўрни атрофлича таҳлил этилди.
Йиғилишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридаги мақсад ва вазифаларга алоҳида тўхталинди. Хусусан, мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тадбирлар таҳлил этилиб, хотин-қизларга меҳнатни бола тарбияси билан уйғун ҳолда олиб боришлари учун етарли шароитлар яратиш йўналишларида тизимли ишлар амалга ошираётганлиги таъкидланди.
Федерациянинг Хотин-қизлар кенгаши раиси ўринбосари Эътибор Раҳмонова Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида касаба уюшмалари тизимидаги Хотин-қизлар кенгаши ва комиссияларининг бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга ошириладиган вазифаларга эътибор қаратди.
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни модернизация қилиш, жамиятимизни либераллаштириш ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари ва уларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган, – деди жумладан Э.Раҳмонова. – Ушбу вазифа Федерациянинг Хотин-қизлар кенгаши зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Стратегиянинг ҳар бир йўналишини таҳлил қилиш жараёнида кенгашимиз фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият олиб бораяпмиз. Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва унинг аҳамиятини ҳар бир ходимга, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар онгига етказиш, аёллар манфаатлари, коллежларни битирган қизларни касбга йўналтириш, соғлом турмуш тарзи, оила фаровонлиги борасидаги кенг кўламли йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Фаолларимиз ҳар бир хонадонга кириб бориб, оила аъзолари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг қувонч-у ташвишларига шерик бўлиб, муаммоларини ўз ўрнида ҳал этиш чораларини кўришаётир.
Йиғилиш давомида тизимдаги Хотин-қизлар кенгаши ҳамда комиссиялари фаолиятининг устувор йўналишларида олиб борилаётган ишлар, уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хотин-қизлар комиссияси раиси Гўзал Тохтаева ҳамда Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси раиси Муқаддас Абдуллаева жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, локал ҳужжатлар бажарилиши бўйича жамоатчилик назоратини юритиш юзасидан амалга оширилган ишлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирдилар. Иштирокчилар томонидан ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар муҳокама этилди.
Шунингдек, йиғилишда барча бўғинлардаги касаба уюшма ташкилотларида хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Хотин-қизлар кенгашида тузилган ишчи гуруҳлар фаолияти таҳлил қилинди.
Муҳокама қилинган масалалар ва билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.