17.04.2017. Сурхондарёлик меҳнаткашларнинг ўғил-қизлари жорий йилда ҳам ёзги таътилни баҳаво тоғлар бағрида жойлашган оромгоҳларда ўтказишади.
Шундай экан, «Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод», «Хонжиза» ҳамда Х.Қулниёзов номли оромгоҳларда аллақачон ободонлаштириш, мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганидан қувонмай бўладими? Айни пайтда болалар майдончалари, ўйингоҳлар, турли спорт майдончаларини тартибга келтириш, шунингдек, мавжуд бассейнлар, усти очиқ клубларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
— Кўҳитанг тоғлари бағрида жойлашган оромгоҳимиз ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тўлиқ реконструкция қилинди. Қўшимча бинолар қурилди. Қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланди. Оромгоҳимизда бу йил 800 нафардан ортиқ ўғил-қизлар соғломлаштирилиши режалаштирилган. Болажонларнинг ёзги дам олиш мавсумини кўнгилдагидек ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, чор-атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда, — дейди «Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод» болалар оромгоҳи директори Илҳом Шайматов.