29.04.2017. Жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Саломатлик сари” республика оммавий югуриш тадбири ўтказилди. Ҳақиқий спорт байрами тусини олган мазкур оммавий югуриш тадбирларида мамлакат миқёсида 30 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар ва ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, оилаларда ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, бу орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашдир.
Касаба уюшмаларининг саломатлик акцияси сифатида жорий йилдан бошлаб илк маротаба ташкил этилган мазкур оммавий югуриш тадбирининг Тошкент шаҳри миқёсидаги мусобақаларига пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Ойбек ва Нукус кўчалари чорраҳасидан старт берилди ва иштирокчилар Афросиёб, Шароф Рашидов, Ислом Каримов кўчалари бўйлаб Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театригача бўлган масофани босиб ўтдилар.
Қизғин ва дўстона беллашувлар остида ўтган оммавий югуриш тадбирига турли соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари, эл ардоқлаган таниқли санъаткорлар, кино ва театр актёрлари, аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Марафон иштирокчилари бўлган хотин-қизлар ва эркаклар 18 ёшдан 30 ёшгача, 30 ёшдан 45 ёшгача ҳамда 45 ёш ва ундан юқори ёшдаги тоифаларда гуруҳларга бўлинган ҳолда белгиланган йўналишни босиб ўтдилар.
Мусобақа иштирокчиларининг ҳаракатланиши давомида марафон масофаси оралиғида таниқли спортчилар, санъаткорлар, ёш ижрочилар ва бадиий ҳаваскорлик дасталари, маданият ходимлари иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган маданий тадбирлар ҳам уюштирилди. Мусобақалар оралиғида профессионал спорт усталарининг кўргазмали чиқишлари ҳам ташкил этилди.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқлангунга қадар спорт байрами иштирокчилари эътиборига таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилди.
Оммавий югуриш тадбирларининг эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларида ғолиб бўлиб, ёш тоифалари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг махсус диплом ва совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, оммавий югуриш тадбирида қўшимча номинациялар бўйича ғолиблар ҳам аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, эркак ва аёллар ўртасида “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациялари бўйича ғолиб бўлган ҳаваскор югурувчиларга Касаба уюшмалари Федерациясининг рағбатлантирувчи мукофотлари топширилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати – барча иштирокчилар соғлом рақобат муҳитида эпчиллик ва чаққонлик бўйича ўз маҳоратларини кўрсатибгина қолмай, турли соҳа ходимлари билан дўстлик ришталарини боғлаш, касб йўналишлари бўйича тажриба алмашиш, ўз меҳнат жамоаларида спортнинг оммавийлигини янада ошириш борасида фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлдилар.
ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ ТОМОНИДАН ЎТКАЗИЛГАН “САЛОМАТЛИК САРИ” ОММАВИЙ ЮГУРИШ ТАДБИРИ ҒОЛИБЛАРИ
РЎЙХАТИ
1-ЎРИН ҒОЛИБЛАРИ
18-30 ёш тоифасида
Маматқулов Зикрилло
Матёқубова Кумуш
30-45 ёш тоифасида
Киршин Максим
Амирова Замира
45 ва ундан юқори ёш тоифасида
Сильченков Игорь
Азамова Гулнора
2-ЎРИН ҒОЛИБЛАРИ
18-30 ёш тоифасида
Уткиров Бахтиёр
Фарафонова Валерия
30-45 ёш тоифасида
Абдувалиев Жумабой
Сайникова Александра
45 ва ундан юқори ёш тоифасида
Маҳмудов Виктор
Эргашева Фарида
3-ЎРИН ҒОЛИБЛАРИ
18-30 ёш тоифасида
Асадов Беҳруз
Қурбонова Наврўза
30-45 ёш тоифасида
Рашидов Шерзод
Раҳимова Дилафруз
45 ва ундан юқори ёш тоифасида
Якубов Илҳом
Ушанская Надежда
НОМИНАЦИЯЛАР БЎЙИЧА ҒОЛИБЛАР:
“ЭНГ ЁШИ УЛУҒ ИШТИРОКЧИ” НОМИНАЦИЯСИДА
Хатамов Шавкат
Сафаров Хабибулло
Исмоилова Лобар
Исмоилова Юлдуз
“ҒАЛАБАГА БЎЛГАН ИНТИЛИШИ УЧУН” НОМИНАЦИЯСИДА
Собиров Алимардон
Хабибуллаев Самандар
Корнилова Альбина
Туробова Шаҳзода
“ЭНГ ЁШ ИШТИРОКЧИ” НОМИНАЦИЯСИДА
Исмоилов Нурбек
Овганова Озода
Шадрин Семён
Курбанова Юлдуз
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати