[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.05.2017. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тантаналар доирасида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ва меҳнат фахрийлари, якка-ёлғиз кексалар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, совға-саломлар топширилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири касаба уюшмалари тизимидаги “Турон” санаторийсида ташкил этилди.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан бугунги кунда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда инсон манфаатларига энг олий қадрият сифатида юксак эътибор қаратилиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш билан бирга ўтганларни хотирлаш, уларнинг ибратли ишларини ёд этиб, эҳтиром кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур йўналишлардаги эзгу ишларга касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Касаба уюшмалари – фахрийларга” анъанавий акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида Республикамиз Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қароридан келиб чиққан ҳолда республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 200 нафардан ортиқ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фахрийлари учун касаба уюшмалари томонидан буюк алломалар қадамжоларига, диёримиздаги тарихий шаҳарларга ва мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотларга саёҳатлар уюштирилди. Шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни арафасида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўлкамизнинг турли гўшаларида Ўзбекистон равнақи, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқ тинчлиги учун курашган юртдошларимизни эъзозлаш, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хотирлаш, уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилди. Кекса ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уй-жойларини таъмирлаш ҳамда дори-дармонлар билан таъминлашга кўмаклашилди. Хусусан, мустақиллик йилларида хизмат вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган 233 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари ҳолидан хабар олинди ва уларга манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “1941-1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини 2017 йилда санаторийларда соғломлаштириш режаси”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 15 та санаторийда жами 2753 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача тизимдаги санаторийларда улардан 550 нафарга яқинининг соғломлаштирилиши таъминланди.

Байрам арафасида республикадаги “Саҳоват” уйларида, уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида маданий тадбирлар ташкил этилиб, у ерда истиқомат қилаётган қекса инсонлар, ногирон ҳамда ёлғизларга совға-саломлар топширилди. Шу билан бирга “Саховат” уйларида истиқомат қилаётган 46 нафар кекса авлод вакиллари, уруш қатнашчилари, кўп йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, саломатликларини тиклашлари учун бепул йўлланмалар топширилди. Хусусан, Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати, Андижон, Фарғона, Наманган Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги Саховат уйларида яшаётган 36 нафар кекса авлод вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда жисмоний имконияти чекланган инсонлар касаба уюшмалари тизимидаги “Турон”, “Бўстон”, “Ботаника”, “Чортоқ”, “Чимён” санаторийларида бепул соғломлаштирилмоқда.

Касаба уюшма сиҳатгоҳларида уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар бирларига алоҳида тиббиёт ҳамшираси бириктирилган. Мазкур сиҳатгоҳларда янгидан барпо этилган маъданли сув галереяси, амфитеатр, фито мажмуа, даволаш мажмуи ва физиотерапия бўлимларида қўли енгил малакали шифокорлар отахону онахонларга беминнат хизмат кўрсатмоқдалар.

Хусусан, уруш ва меҳнат фахрийларидан бир гуруҳи пойтахтимизда жойлашган “Турон” санаторийсида кутиб олинди. Сўлим ва баҳаво, яшилликка бурканган ушбу масканда отахон ва онахонларнинг мазмунли дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар, даволаш ва ётоқ бўлимларида қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиб берилди. Фахрийлар жойлашган махсус бўлимда тиббиёт ходимларининг алоҳида навбатчилиги ташкил этилиб, шифокор ва ҳамширалар бириктирилди. Айни кунда тўлиқ ташхисдан ўтказилган отахон ва онахонларнинг саломатлиги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда махсус тавсиялар асосида меъёрлаштирилган муолажалар амалга оширилмоқда. Таомномалар эса уларнинг буюртмаси асосида тузилиб, дармондориларга бой рацион асосида тайёрлаб берилмоқда.

Шунингдек, байрам арафасида Касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан эса ҳозирда нафақада бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакиллари, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар) учун театр ва концертларга ташрифлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, улар моддий ва маънавий рағбатлантирилди.

Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ва ёлғиз инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

“Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси давом этмоқда. 

 

Қўшимча маълумот ўрнида 

“ТУРОН” санаторийси

Тошкент шаҳрида жойлашган, “Турон” санаторийси юрак-қон томир ва асаб тизими, андрологик ва гинекологик касалликлари бўлган беморларни даволашга ва соғломлаштиришга ихтисослашган. Миокард инфарктини бошдан кечирган беморлар учун саломатликни тиклаш – реабилитиция бўлими фаолияти йўлга қўйилган.

Даволаш омилларига: иқлим билан даволаш, физиотерапия, даволаш бадан тарбияси, кам минераллашган хлорид-гидрокарбонат-сульфат-натрийли ва радонли маъданли ванналар, бассейн ва душлар кўринишидаги турли сув билан даволаш усуллари, балчиқ билан даволаш киради.

Ташхис қўйишда ва даволашда компьютерли ЭКГ ва УЗД аппаратлари, клиник ва биохимик лабораториялар, тор мутахассислар: кардиолог, невропатолог, уролог-андролог, гинеколог, дерматолог, окулист, психотерапевт ва стоматолог каби малакали шифокорлар фаолияти йўлга қўйилган.

Ётоқ бинолари барча қулайликларга эга, бир ва икки ўринли шинам хоналардан иборат.

Санаторий ошхонасида лаззатли парҳез таомлар билан бирга “дармондорилар столи” ҳам ташкил этилган.

Ҳордиқнинг янада мазмунли бўлишини таъминлаш мақсадида дам олувчиларга маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари хизмат кўрсатмоқда. Турли маданий-маърифий тадбирлар билан бирга вақти-вақти билан диққатга сазовор масканларга саёҳатлар уюштирилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати