[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

02.06.2017. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган тизимли тадбирлар ҳам ана шундай ишлар сирасига киради. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур йўналишлардаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши алоҳида ўрин эгаллаган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналишлиши жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда ҳар томонлама баркамол ривожланган авлод тарбияси борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида уйғун  йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштирилгани ҳолда ҳудудларда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва сифатли соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Касаба уюшмалари Федерациясида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир ҳудудда мавсумга тайёргарлик ишлари чуқур ўрганилиб, жойида муҳокама этилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада долзарб масалалари ижобий ечим топиб, маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик органлари ҳамкорлигида тизимли тадбирлар амалга оширилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ўғил-қизлар ҳордиғини ташкил этиш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган янгича ёндошувлар амалга татбиқ этилди.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, оромгоҳларга малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш зарурки, мавсумга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёз мавсуми давомида республика оромгоҳларида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўқув-услубий семинарлар ўтказилди. Мазкур семинарларда асосий эътибор боллар оромгоҳларида фаолият юритувчи ходимлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш масаласига қаратилди. Уларга соҳага оид янгиликлар етказилди. Шунингдек, мутахассислар тегишли вазирликлар томонидан янгиланган услубий қўлланма ва тавсиялар, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамда ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун тадбирлар сценарийлари тўпламлари билан таъминланди.

Шунингдек, оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам диққатга сазовор. Масалан, 2012 йилдан буён қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида бугунгача 14 та оромгоҳ янгидан қурилди, 70 та оромгоҳ капитал таъмирланди ва 36 та оромгоҳда реконструкция ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Ниҳол», Навоийда «Ишонч», Наманганда «Камалак», «Норин», Самарқандда «Чорчинор», Сурхондарё вилоятида “Хонжиза” ва “Сурхон-Бешбулоқ-Шеробод”, Хоразм вилоятида «Шодлик» каби янги оромгоҳлар қурилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Жиззахда «Истиқлол», Ички ишлар вазирлиги томонидан Бўстонлиқ туманида «Оқтош», «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, “Арт Санрайз” МЧЖ томонидан Жиззах вилоятининг Зомин туманида Амир Темур номли ҳамда “Зомин Санрайз” оромгоҳлари, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ томонидан Шароф Рашидов туманида “Энержи” оромгоҳи барпо этилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Баркамол”, Асака ДАТБ томонидан “Асака” оромгоҳлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур бунёдкорлик ишлари натижасида, оромгоҳлардаги ўринлар сони қарийб 5550 тага кўпайди.

Жорий йилги мавсумда 2017 йилги Манзилли дастурга мувофиқ Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан яна 2 та янги оромгоҳ – Сурхондарё вилоятида “Амударё”, Хоразм вилоятида “Автомобилчи”  болалар соғломлаштириш маскани қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг доимий эътибор ва назоратидадир. Шу мақсадда ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ўрнатилди.

Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам жорий йилда бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, таомномаларда дармондориларга бой таомлар, дамлама ва салатлар турларини кўпайтириш кўзда тутилган. Оромгоҳларда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига эътибор кучайтирилиб, уларнинг саломатлиги доимий равишда малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида бўлади. Шу мақсадда соғломлаштириш масканларидаги тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланди.

Жорий йилги мавсум давомида республика миқёсида жами 1 минг 290 та оромгоҳ, шу жумладан,  214 та стационар туридаги, 936 та кундузги, 140 та «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу оромгоҳларда жами 294 минг 351 нафар бола соғломлаштирилади. Уларнинг 154 минг нафардан ортиғи стационар, 140 мингдан зиёди  кундузги оромгоҳларга жалб этилади.

Ушбу мақсадлар учун жами  52,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилади. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 40 минг нафар болажон жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилади. Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 1950 нафар тарбияланувчиси ҳамда 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. 2 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Бепул йўлланмалар асосида дам олиш имкониятидан маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилаларнинг 700 нафар фарзанди ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳам фойдаланадилар. Хусусан, касаба уюшмалари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманида истиқомат қилаётган 100 нафар, республикамиз ҳудудларидаги маҳаллалардан 600 нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилади.

Бундан ташқари Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги 500 нафар бола Навоий кон-металлургия комбинатининг, Жиззах вилоятидаги 100 нафар бола «Жиззах аккумулятор заводи» АЖнинг ҳомийлик маблағлари  ҳисобидан соғломлаштирилади.

Жорий йилги мавсумда кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмунан бойитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кундузги оромгоҳларнинг кунлик фаолияти давомида махсус дастурлар асосида болалар учун маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилади ва тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, Касаба уюшмалари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 16-18 ёшли коллеж ва академик лицейлар ўқувчилари учун Меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари ташкил этилади. Бу ерда ўқувчилар ҳордиқ билан бирга ижтимоий-фойдали меҳнат бўйича кўникмаларини оширибгина қолмай, ишлаб чиқариш амалиётини ҳам ўтадилар. Ҳордиқ давомида улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади. Бу турдаги оромгоҳларга мавсум давомида 6 минг нафардан ортиқ ўқувчи жалб этилади.

Таъкидлаш зарурки, бугун соғломлаштириш оромгоҳлари нафақат болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича ҳордиқ масканлари, балки уларни жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш марказларига айланди. Шу маънода жорий йилги соғломлаштириш мавсуми янгиликларидан яна бири шуки, Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси асосида ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти сифатини ошириш ҳамда кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти янада такомиллаштирилиши натижасида бу йил мамлакатимиз бўйича 218 та ана шундай оромгоҳ ташкил қилинади. Шу жумладан 15 та интеллектуал ривожлантириш, 14 та тарбия ва спорт, 14 та экологик-биологик, ўлкашунослик, 14 та техник ижодкорлик, 14 та бадиий ижодкорлик, 7 та ижтимоий-мослашув ва 140 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» оромгоҳида Республика интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилади ҳамда турли фанлар бўйича ўтказилган «Билимлар беллашуви» ғолибларидан 500 нафарининг бепул соғломлаштирилиши ташкил этилади. Бундай оромгоҳлар фаолияти ҳар бир ҳудудда йўлга қўйилади.

Мавсумни самарали ўтказишда вазирликлар ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланилади. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1600 дан зиёд ички ишлар идоралари ходимлари бириктирилиб, автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланди.

Мавсум давомида ҳар бир оромгоҳда нафақат ички ишлар идоралари, балки ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, коммунал соҳа ходимларининг ҳам кечаю-кундуз навбатчилиги ташкил этилади. Болаларни оромгоҳга олиб бориш ва олиб келиш ишлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Шунингдек, барча оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиб, ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан барча оромгоҳларда таълим-тарбия жараёнини мазмунли ташкил этиш, малакали кадрларни йўналтириш чоралари кўрилди. Шу мақсадда ўқув-услубий қўлланмалар қайта кўриб чиқилиб, мазмунан такомиллаштирилди. Айниқса, тўгаракларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратилиб, чет тилини ўргатиш ва ихтисослаштирилган оромгоҳлар дастурлари янада кенгайтирилди. Таълим – тарбия ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида оромгоҳларга 39 мингга яқин энг муносиб педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассислари ва олий ўқув юртларида ўқиётган талабалар жалб этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оромгоҳларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини мунтазам назорат қилиш мақсадида оромгоҳларга 3650 нафар тиббиёт ходимлари жалб этилди. Улар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, оромгоҳда ишловчи ходимлар ва дам олувчи болаларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги каби масалалар назоратга олиниб, малакали тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланади.

Маданият вазирлиги томонидан оромгоҳларда ёш ижрочилар, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, болалар маънавиятини юксалтиришга йўналтирилган тадбирлар туркуми, саломатликларини мустаҳкамлашга қаратилган спорт мусобақалари ва турнирлар ўтказилади. Шу мақсадларда вазирлик томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “2017 йил ёзги болалар оромгоҳларида болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш ҳамда уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича” Манзилли дастур ишлаб чиқилди. Унинг доирасида  оромгоҳларда ижодий жамоалар, санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар  ташкил этилиб борилади.

Таъкидлаш лозимки, мавсум давомида ўтказилиши режалаштирлган тадбир ва акциялар ўғил-қизлар маънавиятини юксалтиришга, улар дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган. Ушбу тадбирлар тубдан янгиланган дастурлар асосида ўтказилади.  “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари — болаларга” каби акциялар,  ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари, ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, машҳур кишилар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари, маданий тадбирлар шулар жумласидандир.

Барча оромгоҳларда болалар учун махсус ишлаб чиқилган ҳужжатли, бадиий ва анимацион фильмлар намойиш этиб борилади. Ва албатта ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқалар ёзилган дисклар, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини болаларга тушунтириб берувчи банер ва плакатлар, стендлар ва кўргазмали воситалар билан таъминланди.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Бу юртимизнинг эртанги куни бўлган ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлаб олишлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратади. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати